Линклар

Шошилинч хабар
29 сентябр 2021, Тошкент вақти: 07:38

Халқаро хабарлар

Тихановскаянинг идораси Литвада дипломатик мақомга эга бўлди

Светлана Тихановская

Литва ҳукумати Беларусь норозилик ҳаракати етакчиси Светлана Тихановскаянинг идорасини расмий дипломатик ваколатхона ўлароқ тан олди. Бу ҳақда Тихановскаянинг телеграм-канали ҳамда Литва ТИВ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Бугун Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис Светлана Тихановская билан ўтказилган брифингда унинг идорасини Беларусь демократиясининг расмий ваколатхонаси сифатида тан олди. Шу тариқа Литва режимни делигитимизация қилишнинг янги босқичига киришди”, дейилган хабарномада.

“Мен ўтган ойларда беларус халқига ва шахсан менга берилган улкан дастак ва қўллов учун Литвага миннатдорлик билдираман. Беларусь — бу Лукашенко эмас ва эндиликда бу расман тан олинди”, деган Тихановская.

Литва қувғиндаги Беларусь мухолифатига расмий мақом берган биринчи мамлакат бўлди. Тихановская ва унинг жамоасининг бир қисми Беларусдан чиқиб кетганидан бери Литвада қўним топган.

Июнь ойи ўрталарида Светлана Тихановская жамоаси билан бирга Чехияга борганида мамлакат президенти Милош Земан унга Прагада ўз идорасини очишни таклиф қилган эди. Тихановская идорасининг янги хабарномасида айтилишича, Евроиттифоқ мамлакатларида бошқа ваколатхоналарни очиш бўйича ишлар аллақачон бошланган.

Беларусда 2020 йил августида ўтказилган президент сайловидан буён оммавий норозилик давом этмоқда. МСК маълумотига кўра, сайловда катта устунлик билан Александр Лукашенко ғалаба қозонган. Бироқ “Голос” ҳаракати сайлов участкаларидан йиғилган кўп сонли бюллетенлар ва баённомалар суратларини эълон қилиб, МСКнинг расмий маълумотини рад этган.

Намойишчилар Лукашенконинг ҳокимиятдан кетишини ва янги сайловлар ўтказилишини талаб қилишмоқда.

Кун янгиликлари

Толибон юзлаб қочқинни Тожикистон ҳудудига ўтказмаяпти

Озоди радиоси эълон қилган видеодан олинган скриншот.

Озодлик радиоси тожик хизмати - Озодининг билдиришича, Толибон юзлаб қочқинларни Тожикистонга ўтказмай, мажбуран ушлаб турибди. Озоди радиоси бу борада ўзи қўлга киритган видеони эълон қилди. Видеода Афғонистоннинг Бадахшон вилояти билан Тожикистоннинг Ишкашим тумани кесишган чегара ҳудудида юзлаган қочқин тўпланиб турганини кўриш мумкин.

Афғонистондаги “Бадахшон Плюс” каналининг блогери Абдулфаттох Азизий Озоди радиосига берган суҳбатида, Толибон қочқинлардан уйларига тарқалишни талаб қилаётганини, бу талаб бажарилмаса қочқинларни жазолаш билан қўрқитаётганини айтиб берди.

Блогернинг билдиришича, Тожикистон -Афғонистон чегарасида 400 га яқин оила тўпланиб қолган.

Тожикистон чегарачилари ҳам Толибон кўпчилиги этник тожиклардан иборат бўлган қочқинларни Тожикистонга ўтказмаётганини тасдиқлади.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг ўлимини тергов қилиш МХХга юклатилди

Ҳуқуқ фаолининг турмуш ўртоғи Ҳадича Асқарова Азимжон Асқаровнинг қабрини зиёрат қилмоқда.

Қирғизистон Бош прокуратураси ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг ўлимини тергов қилишни Жазони ўташ бош бошқармасидан бошқа ташкилотга ўтказиб бериш юзасидан адвокатлар киритган илтимосномани қаноатлантирди.

“Бир дунё-Қирғизистон” жамоат ташкилотининг 28 сентябрда билдиришича, ҳуқуқ фаолининг ўлими билан боғлиқ ишни эндиликда Миллий хавфсизлик қўмитаси тергов қилади.

Азимжон Асқаров 2010 йил июнь воқеаларига алоқадорликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У қамоқхонада зотилжам хасталигига чалиниб, 2020 йил 25 июль куни 69 ёшида вафот этган. Унинг жасади Тошкентда дафн қилинган.

Фаоллар Асқаров қамоқда тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмагани оқибатида вафот этганини айтиб келадилар.

Аммо Жазони ўташ бош бошқармаси ўтказган дастлабки терговда бу иддао рад этилган ва 1 июнда иш ёпилган эди. 27 июлда эса Бишкек суди қарори билан тергов қайта жонлантирилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ўзининг айбсизлигини таъкидлаб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ундан қасд олганини айтиб келган.

АҚШлик машҳур хонанда Ар Келли 11 кишини жинсий зўрлаганликда айбдор деб топилди

Олти ҳафта давом этган суд жараёнида Келли (суратда)га қарши 11 жабрланувчи- 9 аёл ва икки эркак гувоҳлик берди.

АҚШнинг Бруклин федерал суди Ар Келлини 20 йил давомида 11 кишини, жумладан, балоғатга етмаган болаларни жинсий зўрлаганликда айбдор деб топди. Келли уч марта нуфузли Грэмми мукофотига сазовор бўлган.

27 сентябрь куни суд ҳайъати 54 ёшли Келлига билдирилган айбловни бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Ар Келли таҳаллуси билан ижод қилувчи ва ҳақиқий исми Роберт Сильвестр Келли бўлган хонандага нисбатан суд ҳукми 2022 йилнинг май ойида ўқилиши кутилмоқда. У бир неча ўн йилга қамалиши мумкин.

Прокуратуранинг билдиришича, Келли ўзининг машҳурлигидан фойдаланиб, жабрланувчиларга шоу-бизнес карьерасини ваъда қилган ва уларни жинсий зўрлаган.

Олти ҳафта давом этган суд жараёнида Келлига қарши 11 жабрланувчи- 9 аёл ва икки эркак гувоҳлик берди. Улар Келли уларни қандай зўрлагани ва хўрлагани тўғрисида гапириб бердилар. Гувоҳларнинг айримлари, Келли зўрлаганида улар балоғат ёшига етмаганларини айтдилар.

Келли бундан 13 йил олдин болалар порнографиясига оид жиноят иши доирасида судланган эди. Аммо ўшанда суд далиллар етишмаслиги ортидан уни оқлаган.

Туркманистон ҳукуматини танқид қилган фаол Истанбулда қўлга олинди

2020 йилнинг июль ойида Дурсолтан Таганова ташаббуси билан ўнлаб туркман Туркманистоннинг Станбулдаги консулхонаси олдида президент Гурбангули Бердимуҳаммедов сиёсатига қарши акция ўтказган эди.

Президент Гурбангули Бердимуҳаммедовни танқид қилиб келган туркман фаоли Дурсолтан Таганова ўзи яшаётган Истанбул шаҳрида қўлга олинди. Бу ҳақда 27 сентябрь куни Москвадаги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти хабар берди. Фаол Туркманистонга депортация қилиниши мумкин.

26 сентябрь куни полиция Таганованинг уйига келган. У уйида йўқ бўлагини сабабли полиция Таганованинг қўшнисига чақирув қоғозини ташлаб кетишган. Таганова чақириқ қоғозини олиб , полиция бўлимига борганида қўлга олинган ва депортация марказига жўнатилган.

Turkmen.news нашри Таганованинг турк тилида тасвирга олинган видеосини эълон қилди. Видеода фаол ижтимоий тармоқларда Туркманистонда инсон ҳуқуқлари таъминланишини талаб қилгани учунгина депортация қилинаётганини айтган.

“Бу менинг охирги видеоим бўлиши эҳтимол. Ватандошлар, ҳар қандай ҳолатда ҳам курашни давом эттиринглар. Қўрқманглар”,-деди фаол.

2020 йилнинг июль ойида Дурсолтан Таганова ташаббуси билан ўнлаб туркман Туркманистоннинг Станбулдаги консулхонаси олдида президент Гурбангули Бердимуҳаммедов сиёсатига қарши акция ўтказган эди.

Туркия полицияси Таганова ва бир неча норозини қўлга олган. Таганова билан бирга қўлга олинганла бир неча соатдан кейин қўйиб юборилган, фаол эса қамоқда қолдирилганди.

Бир неча халқаро ташкилотлар Туркия ҳукуматига мурожаат қилганидан сўнг Таганова 2020 йилнинг октябрь ойида озод қилинган.

АҚШда 2020 йилда қотиллик ҳолатлари кўпайди

Нью-Йоркдаги полиция ходимлари.

АҚШда 2020 йилда қотиллик қурбонлари бўлган шахслар сони 2019 йилга қараганда 30 фоизга кўпайди.

Федерал тергов бюроси 27 сентябрда эълон қилган ҳисоботда таъкидланишича, 2020 йилда 21 570 киши ўлдирилган. Бу 2019 йилдаги кўрсаткичдан 4901 кишига кўпдир.

Ўтган йили қотиллик қурбонлари бўлганларнинг 76 фоизи ўқотар қуролдан отиб ўлдирилган. 2019 йилда бу кўрсаткич 73 фоиз бўлган.

Экспертлар одам ўлдириш ҳолатларининг кўпайиши сабабларини аниқ айта олмаяптилар. Улар бунга коронавирус пандемияси ортидан иқтисодий-ижтимоий қийнчиликлар юзага келгани, қурол савдосининг ўсгани сабаб бўлган деган тахминни билдирмоқда.

Сўнгги рақамлар АҚШда қотилликлар 1990 йилдан бери илк марта энг юқори даражага кўтарилганини кўрсатмоқда. Ўшанда кокаин эпидемияси ва жиноятчилик куч олиб, бир йилда 23 минг киши ўлдирилган эди.

Россия олимлари хорижга сафарлари тўғрисида ҳисобот бериши шарт бўлади

Иллюстратив сурат.

Россия Маъориф ва фан вазирлиги олимларга хорижга қилган сафарлари ҳамда хориж ширкатлари билан ҳамкорлиги ҳақида ҳисобот бериш мажбуриятини юкламоқчи. Бу ҳақда "Коммерсантъ" газетаси хабар берди.

Билдирилишича, вазирлик хориж давлатлари билан техник ҳамкорлик шартномаларини рўйхатга олишнинг янги тартибини ишлаб чиқмоқда. 1997 йилда қабул қилинган эски тартибга кўра, илмий ташкилотлар вазирликка фақат имзоланган халқаро шартномалар тўғрисида маълумот бериши лозим.

2019 йилда Маъориф ва фан вазирлиги илмий-тадқиқот институти ходимларини иш вақтида ва иш вақтидан ташқари пайтда хорижликлар билан учрашгани тўғрисида ҳисобот топиширига мажбур қилган эди. Вазирлик олимларга хорижликлар билан ёлғиз учрашишни тақиқлаган. Бундан ташқари олимларга хорижликлар билан учрашувлар тўғрисида олдиндан хабар бериш мажбурияти юкланган.

Хорижлик олимларга эса учрашув пайтида мобил телефонлар, видеокамералар ва дурбинлардан фойдаланиш ман этилган.

“Новая газета”нинг ёзишича, Россияда сўнгги 20 йил давомида 30 дан ортиқ олим таъқибга учради ёки қамалди. Кўп ҳолатларда ҳукумат томонидан рухсат берилган халқаро ҳамкорликда иштирок этган олимлар турли айбловлар билан қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

АҚШда товушдан гипертез учадиган ракета синовлари ўтказилди

Иллюстратив сурат.

АҚШда 2013 йилдан бери илк маротаба товушдан гипертез учадиган қанотли ракеталар синови муваффақиятли равишда ўтказилди. Ракета товуш тезлигидан беш маротаба юқори тезликда учиш имкониятига эга, деб билдирди АҚШ Мудофаа вазирлиги.

Raytheon ва Northrop Grumman ширкатлари томонидан ишлаб чиқилган ракета ҳарбий самолёт воситасида отилган. Мудофаа вазирлигининг билдиришича, мазкур ракета билан бомбардимончи ва қирувчи самолётларни қуроллантириш мумкин.

АҚШ товушдан гипертез ракеталарни ишлаб чиқиш лойиҳасини Россия ҳудди шу каби ракетларни синовдан ўтказгани ортидан ишга туширди. Россия аввалроқ “Авангард” ракеталар тизимини ишлаб чиққани ҳақида расман билдирган эди. Июнь ойида эса Россия президенти Владимир Путин яқин кунлара армия “Цирикон” товушдан гипертез учадиган ракеталар билан қуролланишини билдирган.

АҚШда товушдан гипертез учадиган ракеталарни ишлаб чиқариш билан Loсkheed Martin ширкати ҳам шуғулланмоқда. Мазкур ширкат ишлаб чиқарадиган ракеталар билан стратегик бомбардимончи самолётларни қуроллантириш режалаштирилган.

АҚШ 2022 йилда денгиз кемаларидан туриб отиладиган товушдан гипертез учадиган ракеталарни синовдан ўтказишни режалаштирмоқда.

Шимолий Қозоғистон вилоятида қуш гриппи ёйилиши кузатилмоқда

Шимолий Қозоғистон вилоятининг Мағжан Жумабаев тумани Лебяжье қишлоғида қуш гриппи тарқалиши кузатиляпти.

Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, ўтган ҳафта давомида мазкур қишлоқдаги еттита ҳовлида мингдан зиёд парранда нобуд бўлган ва бунинг ортидан қишлоқда карантин эълон қилинган.

Қуш гриппи ташхиси лаборатория тадқиқоти билан тасдиқланганини билдирган вилоят расмийлари паррандаларга бу иллат ёввойи ўрдакларда юққанини тахмин қилмоқдалар.

Қайд этилишича, қуш гриппининг олдини олиш учун Шимолий Қозоғистон вилоятига бу йил 1,2 миллион доза вакцина тақдим этилган. Лебяжье қишлоғида бу вакцина билан 1,5 мингдан зиёд парранда эмланган.

Ўтган йил охирида қуш гриппи тарқалиши оқибатида минтақада, маълумотларга кўра, 1,5 миллиондан зиёд парранда нобуд бўлган.

Чехия президенти АЭС қурилишида Россия ва Хитой ширкатлари иштирокининг олдини олувчи қонунни имзолади

Чехиядаги “Дуковани” АЭСи

Чехия президенти Милош Земан 27 сентябрь куни “Дуковани” атом электр станцияси янги блокини қуриш бўйича ўтказиладиган тендер танловида Россия ва Хитой ширкатларининг иштирок этишига имкон бермайдиган қонунни имзолади. Бу ҳақда чех матбуоти хабар қилди.

“Кам углеродлар қонуни” деб аталадиган ушбу ҳужжатда белгиланган тартибга кўра, Чехия ҳудудида фақат 1996 йилда кучга кирган ЖСТ шафелиги остида давлат харидларини амалга ошириш битимига аъзо давлатларнинг ядро технологияларигина қўлланиши мумкин. Россия ва Хитой мазкур Битимни тасдиқламаган.

Эндиликда Чехиядаги АЭС янги блокини қуришда ва жорий таъмирлашда тақиқланган таъминотчиларга бевосита ёки билвосита алоқадор технологиялардан фойдаланилмайди.

“Интерфакс” хабарига кўра, “Дуковани” АЭСни кенгайтириш бўйича ариза регуляторга 2020 йилнинг март ойида йўлланган. Аризада “Дуковани” АЭСда ҳар бири 1200 мегаватт қувватли иккита янги энергоблок қурилиши назарда тутилган.

Чехияда иккита атом станцияси ишлаб турибди: “Дуковани” АЭС (тўрт блокли) ҳамда “Темелин” АЭС (икки блокли). Иккаласи ҳам совет лойиҳалари асосида қурилган.

Ҳуқуқбон Валентина Чупикнинг оғир бетоб онаси яшаётган уйда тинтув ўтказилди

Валентина Чупик

Россия расмийлари мамлакатдан бадарға қилмоқчи бўлаётган ҳуқуқбон Валентина Чупикнинг оғир касал онаси яшаётган уйга 27 сентябрь куни полиция келган. Бу ҳақда Чупикнинг ёрдамчиси Александр Ким маълум қилди.

Унинг айтишича, полициячилар ҳуқуқбоннинг Москва вилоятидаги квартирасига бориб, Чупикнинг ҳужжатларини талаб қилганлар. Квартирада Чупикнинг хасталикдан ётиб қолган 84 ёшли онаси бўлган. Эшик ҳамшира келиши учун очиқ қолдирилган бўлган.

Валентина Чупик 25 сентябрь куни Арманистондан қайтганида Шереметьевода қўлга олингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. У ҳамон аэропорт ҳибсхонасида сақланмоқда. Ҳуқуқбон ҳузурига адвокат киритилмаяпти ва унинг процессуал мақоми маълум қилинмаяпти. ФХХ Чупикка Россияга келиши 30 йил муддатга тақиқлангани ҳақидаги хабарномани топширган. Ўзбекистон фуқароси бўлмиш Чупик қочқин мақомидан маҳрум қилинган.

Қийноқларга қарши қўмита Чупикнинг қўлга олиниши ва Россиядан бадарға қилиниши эҳтимоли масаласида зудлик билан Европа судига мурожаат қилган. Мурожаатномада Страсбург судидан 39-қоидани қўллаган ҳолда, Россия ҳукумати зиммасига Чупик ёнига адвокатини киритиш ва уни депортация қилмаслик мажбуриятини юклаш сўралган.

Ҳамкасблари фикрича, Ўзбекистонга йўлланган тақдирда ҳуқуқбон қийноққа солиниши ва таъқиб қилиниши мумкин.

Валентина Чупик Россияга 2005 йили Андижон воқеаларидан сўнг кўчиб кетган. У асос солган “Тонг жаҳони” нотижорат ташкилоти асосан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг тазйиқларига дуч келган мигрантларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

РБК агентлигига берган интервьюсида Чупик кучишлатар идоралар ходимлари унга “ИИВдаги коррупция ҳақида ниҳоятда кўп гапирдингиз ва мигрантлар ноқонуний қўлга олингани устидан ҳаддан ортиқ шикоят қилдингиз” дея очиқ айтишгани тўғрисида сўзлаб берган.

YouTube Навальний видеосини блоклагани сабабини изоҳлади

YouTube бош директори Сьюзан Вожицки Алексей Навальний жамоасига оид видеонинг платформада блокланишига илк бор изоҳ берди.

Bloomberg TV каналига берган интервьюсида Вожицки YouTube ўз фаолиятида сўз эркинлигини ҳануз “энг муҳим қадрият” деб билишини айтган. Бироқ, унинг қўшимча қилишича, “ҳукуматлар билан ишлаётган пайтда маҳаллий қонунлар ёки воқеа-ҳодисалар сингари кўплаб омилларни ҳисобга олмоқ лозим”.

Мухолифатчи Алексей Навальний “Twitter”даги саҳифасида YouTube’ни танқид қилиб, ширкат Путиннинг “ҳамтовоғи”га айланиб қолгани ҳақида ёзган.

Аввалроқ YouTube мулкдори бўлмиш Google ширкатига Россия ҳукумати томонидан таҳдидлар бўлгани, агар “Ақлли овоз бериш” иловасини блокламаса, бир қанча ходими қамоққа олиниши айтилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.

Ширкатга кўра, 2011 йилдан бери барча ҳукумат сўровларининг ярмидан ортиғи Россия ҳиссасига тўғри келмоқда. Вожицки Россия ҳукумати YouTube’дан видеони ўчиришни қанчалик кўп талаб қилиши ва Google бу талабларнинг барчасини бажариши ёки бажармаслигига изоҳ бермаган.

2010 йилда Google Хитойда ўз қидирув тизими ва асосий сервислари фаолиятини тўхтатган. Ширкат бунга цензура ва сиёсий босимларни сабаб қилиб кўрсатган. Сьюзан Вожицки Россия билан боғлиқ вазиятда ширкат бошқа йўлдан бориши мумкин, деб ҳисоблайди.

17 сентябрь куни Google ва Apple ўзининг Россиядаги онлайн дўконларидан “Ақлли овоз бериш” дастури функцияларига эга “Навальний” иловасини ўчириб ташлаган. Эртасига Google ширкати Google Docs’дан “Ақлли овоз бериш” дастури тавсия қилган номзодлар рўйхатини, YouTube эса ушбу тавсиялар берилган видеони тармоқдан ўчирган.

Беларусь мухолифатчиси Мария Колесникова Вацлав Ҳавел мукофотига сазовор бўлди

Мария Колесникова

Яқинда Минск суди томонидан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган ва сиёсий маҳкума деб тан олинган Беларусь мухолифатчиси Мария Колесникова Вацлав Ҳавел номидаги мукофотга сазовор бўлди.

Мукофотни Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси (ЕКПА) таъсис этган бўлиб, у инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига берилади.

Колесниковага Вацлав Ҳавел мукофоти берилиши ҳақида ЕКПАнинг 27 сентябрь куни Страсбургда очилган сессиясида маълум қилинган. Сессияда унинг синглиси Татьяна Хомич иштирок этган.

Йиғилишда маълум қилинишича, Колесникова “чинакам жасорат ва ўз хавфсизлигидан устун қўйган эзгу ишга ҳаётини тикишга тайёрлигини намойиш этгани учун” мукофотга лойиқ топилган.

Колесникова 2020 йил августда ўтказилган Беларусь президенти сайловидан сўнг Александр Лукашенко ҳокимиятига қарши кўтарилган норозилик ҳаракати етакчиларидан бири бўлган. Ўтган йил сентябрида уни қўлга олиб, Украина ҳудудига олиб чиқиб кетишга уринишганида у паспортини йиртиб ташлаб, бу режани барбод қилган эди.

Шундан сўнг Колесникова расман қамоққа олиниб, бир неча жиноятда, жумладан ҳокимиятни босиб олиш мақсадида фитна тузишда айбланган. Бир йил ўтгач, ёпиқ суд мажлисида Колесникова 11 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ҳавел номидаги мукофот ЕКПА томонидан собиқ диссидент ҳамда Чехославакия ва Чехия президенти хотирасига таъсис этилган. Унга биринчи бўлиб беларуслик ҳуқуқбон Алесь Беляцкий сазовор бўлган, совриндорлар орасида россиялик ҳуқуқбонлар ҳам бўлган.

NRC: Афғонистон иқтисодиёти ҳалокат арафасида турибди

Кобул яқинидаги ғишт заводи.

Норвегиядаги қочқинлар кенгаши - NRC Афғонистон иқтисодиёти ҳалокат арафасида тургани ва мамлакат гуманитар инқирозга юз тутганини эслатди.

Ташкилот Бош котиби Ян Эгеланн 27 сентябрь куни Кобулга қилган сафари давомида Афғонистонда нақд пул етишмовчилиги оқибатида банк тизими ҳам ишдан чиқиши мумкинлигини таъкидлади.

“Биз ҳаво ҳарорати 20 даражагача тушадиган қиш мавсумигача инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун вақт билан курашаяпмиз. Қочишга мажбур бўлган юз минглаб кишиларга тез орада бошпана, иссиқ кийим-бош ва озиқ-овқат керак”,-деди Ян Эгеланн.

Қочқинлар кенгашининг билдиришича, январь ойидан бери Афғонистондан 664 минг одам чиқиб кетган. Бу билан афғон қочқинлари сони 3,5 миллион кишига етди.

Толибон ҳукуматни босиб олгани ортидан халқаро ҳамжамият Афғонистонга бериладиган ёрдамни вақтинча тўхтатган ва Толибон ҳукуматини тан олмаслигини билдирган.

Қочқинлар кенгашининг билдиришича, бугунги кунда Афғонистонда ҳар уч одамнинг бири очликда яшамоқда.

БМТнинг Озиқ-овқат дастури сўнгги бир ҳафтада Афғонистондаги оилаларнинг 93 фоизи тўйиб овқатланмаганини маълум қилди.

Қозоқ элчиси Кобулда Толибон вазири билан учрашди

Қозоғистоннинг Афғонистондаги элчиси Алимхан Эсенгелдиев ва Толибон ҳукуматида ташқи ишлар вазири лавозимини бажарувчи Амир Хон Муттақий.

Қозоғистоннинг Афғонистондаги элчиси Алимхан Эсенгелдиев 26 сентябрь куни Кобулда Толибон ҳукуматида ташқи ишлар вазири лавозимини бажарувчи Амир Хон Муттақий билан учрашди. Қозоғистон матбуотининг билдиришича, бу олий даражадаги қозоқ расмийсининг Толибон ҳукумати вакили билан илк учрашувидир.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз билдирувида Толибон номини тилга олмади. Расмий баёнотда Муттақий “Афғонистондаги муваққат ҳукуматнинг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи” сифатида тақдим этилган.

Билдирилишича, томонлар Афғонистон халқига озиқ-овқат ва бошқа гуманитар ёрдамларни кўрсатиш масаласини муҳокама қилган.

Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Толибон билан мулоқот ўрнатиш зарур деган нуқтаи назарда эканини билдирган. Тожикистон ҳукумати эса Толибон ҳукуматини тан олмаслигини шаъма қилиб келмоқда.

Туркияда Олтой халқаро симпозиуми бўлиб ўтмоқда

Симпозиум 30 сентябргача давом этади.

Туркиянинг Бурса шаҳридаги “Панорама 1326” музейида 27 сентябрь куни Олтой халқларининг IX халқаро симпозиуми бошланди.

Жорий йилда симпозиум “Эпослар ва эпика маданияти” мавзусида бўлиб ўтмоқда. Симпозиумнинг биринчи кунида Қирғизистондан борган манасчилар “Манас” эпосидан парчаларни ижро этишди.

Симпозиумда Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия, Япония, Монголия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Венгрия ва Испаниядан келган 80 дан ортиқ олим иштирок этмоқда. Симпозиум 30 сентябргача давом этади.

Олтойшунослик бўйича бу каби илмий анжуманлар бунга қадар Бишкек, Стамбул, Сеул, Анталия, Улан-Батор ва Иссиқкўлда ўтказилган.

COVID-19 умр кўришнинг ўртача ёши қисқаришига сабаб бўлди

22 та мамлакатда умр кўришнинг ўртача даражаси 2019 йилдагига нисбатан 6 ойга қисқарган.

COVID-19 пандемияси Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта инсон ўртача умр кўриш ёшининг камайишига сабаб бўлди. Бу борадаги тадқиқот 27 сентябрь куни Халқаро эпидемиология журналида эълон қилинди.

Европа давлатлари, АҚШ ва Чилидан иборат 29 мамлакатда ўтказилган тадқиқот мазкур минтақаларда инсон умрини узайтириш йўналишидаги чора-тадбирларни бир неча йил ортга сурганини кўрсатди.

Масалан, 22 та мамлакатда умр кўришнинг ўртача даражаси 2019 йилдагига нисбатан 6 ойга қисқарган. Аёлларга қараганда эркаклар ўртасида ўлим ҳолатлари кўпайган.

Эркакларнинг ўртача умр кўриш ёши 11 давлатда, аёлларники эса 8 давлатда бир йилга қисқарган.

Эркаклар ўртасидаги энг ночор кўрсаткич АҚШда қайд этилди. Бу давлатда эркакларнинг ўртача умр кўриш ёши 2019 йилга нисбатан 2 йилу 2 ойга, Литвада 1 йилу 7 ойга қисқарди.

АҚШда 60 ёшгача бўлган эркаклар ўртасида ўлим кўпайган бўлса, Европада 60 ёшдан ошганлар орасида ўлимлар сони кўпайган.

АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг билдиришича, шу кунгача коронавирусдан жаҳонда 4,7 миллион киши вафот этди.

ФХХ Уфада теракт тайёрлаётган неонацистлар қўлга олинганини билдирди

Россия Федерал хавфсизлик хизмати – ФХХнинг билдиришича, Уфада 5 кишидан иборат неонацистлар гуруҳи қўлга олинганини билдирди. ФХХ уларни терактни амалга оширишга тайёргарлик кўрганликда гумонламоқда.

Расман билдирилишича, 2001-2003 йилда туғилганлардан иборат бўлган мазкур гуруҳ қўлбола портловчи мосламалар билан ҳужум уюштиришни режалаштирган.

Улардан қўлбола портловчи мослама, 9 та совуқ қурол, портловчи моддалар, портловчи мослама тайёрлаш тўғрисидаги инструкция, Учинчи Рейх раҳбарларининг портретлари, миллатчи Степан Бандеранинг сурати ва миллатчиларнинг рамзлари мусодара қилинган.

Тергов қўмитаси террорчилик ҳаракатини амалга оширишга тайёргарлик моддаси асосида жиноят иши қўзғатди. Ҳозирча қўлга олинганларнинг адвокатлари бу воқеага муносабат билдирмади.

Мали Россия хусусий ҳарбий ширкати билан ҳамкорлик қилмоқчи, Франция ва ЕИ бунга қарши

Мали ҳарбийлари, Бамако, 2020 йил августи

Мали ҳукумати террорчиларга қарши курашда ҳамкорлик қилишни сўраб Россиянинг хусусий ҳарбий ширкатига (ХҲШ) мурожаат қилган. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясида маълум қилди.

Мали бош вазири Шогел Кокалла Майга БМТ анжуманидаги чиқишида Франция Африканинг бу давлатидаги ҳарбий контингенти сонини қисқартириши ва “Бархан” амалиёти тугаганини эълон қилиши ортидан юзага келган бўшлиқ туфайли ХҲШ билан ҳамкорлик олиб борилаётганини таъкидлаган.

Аввалроқ қатор ОАВларда Мали ҳукумати армияга таълим бериш ва юқори мартабали шахсларни қўриқлаш учун “Вагнер ХҲШ” билан битим имзолашга ҳозирлик кўраётгани хабар қилинган. Ўшанда Бамако (Мали пойтахти – таҳр.) расмийлари Россия томони билан музокара қилинаётганини, аммо ҳеч бир келишувга эришилмаганини билдирган. Москва эса Мали ҳукумати билан ХҲШ ўртасидаги алоқаларнинг ўзига дахли йўқлигини айтган.

Шундан сўнг Франция ва Германия ҳукуматлари Малидан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш билан таҳдид қилган. Ушбу позицияни Европанинг 13 мамлакати мудофаа вазирлари қўллаб-қувватлаган. Европа Иттифоқи эса, Россия ХҲШ билан битим имзолаган тақдирда, Мали билан муносабатларини узишини маълум қилган.

Франция ўзининг Малидаги ҳарбийлари сонини беш минг нафардан бир неча юз кишига камайтиришга қарор қилган, аммо қўшинни олиб чиқиб кетишни бошлаганича йўқ. AFP хабарига кўра, Париж “Вагнер ХҲШ” билан битим Франциянинг Малидаги аксилтеррор амалиётини барбод қилиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

“Вагнер хусусий ҳарбий ширкати” – Россиянинг норасмий ҳарбий бўлинмаси бўлиб, ҳарбий идоралар балансида ва юридик шахслар реестрида турмайди, бироқ унинг жангчилари, суриштирувларга кўра, Сурия ва Ливиядаги амалиётларда, шунингдек Украина шарқидаги урушда иштирок этган. ХҲШ Африкадаги бир неча мамлакатда, хусусан Марказий Африка Республикасида фаолият олиб боради.

“Вагнер ХҲШ” Россия президентига яқин тадбиркор Евгений Пригожинга алоқадор экани айтилади. Москва ушбу ХҲШ билан алоқаси борлигини инкор этиб келади. Россия қонунчилиги мамлакат фуқароларига ёлланма аскар сифатида чет элдаги қуролли тўқнашувларда иштирок этишни тақиқлайди.

Германия: Парламент сайловида социал-демократлар ХДИ/ХСИ блокидан олдинроқда бормоқда

Германиядаги парламент сайловида мамлакатнинг икки етакчи партияси – христиан-демократлар ва Бавария Христиан-социалистлар иттифоқи блоки (ХДИ/ХСИ) ҳамда социал-демократлар қарийб тенг натижа қайд этиб турибди: иккаласи ҳам тахминан 25 фоиздан овоз олган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Олаф Шольц раҳбарлигидаги социал-демократлар амалдаги канцлер Ангела Меркель партиясини (Меркель раҳбарликдан кетганидан сўнг унга Армин Лашет бошчилик қилмоқда) бир оз фарқ билан ортда қолдирмоқда: 25.9 фоизга қарши 24.1 фоиз.

Христиан-демократлар учун мазкур кўрсаткич бутун урушдан кейинги даврдаги энг паст кўрсаткичдир.

Учинчи ўринда 14.3 фоиз овоз билан “Иттифоқ-90/Яшиллар” партияси боряпти. Эркин демократик партия (ЭДП) 11.5 фоиз овозга эга бўлиб турибди, ўнг популистларнинг “Германия учун альтернатив” партияси ҳисобида эса 10.6 фоиз овоз бор. Дастлабки маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 5 фоизи овоз берган Сўллар партияси ҳам парламентга ўтиши мумкин.

Германия ҳукумати кўпинча коалиция асосида шакллантирилади. Сўнгги 16 йил давомида ҳукуматга Христиан-демократик иттифоқ номзоди Ангела Меркель раҳбарлик қилган бўлса, сўнгги саккиз йилда ХДИ/ХСИнинг коалициядаги кичик ҳамкори социал-демократлар бўлган.

Ангела Меркелнинг ХДИдаги вориси Армин Лашет икки бошқа партия билан коалиция тузишга тайёрлигини билдирган. Умуман олганда, коалиция тузиш учун вариантлар кўп, ҳатто социал-демократлар устунлиги ортиб бораверган тақдирда, ХДИ/ХСИ ҳукуматга кира олмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Коалиция тузиш бўйича музокаралар узоққа чўзилиши мумкин ва то бу коалицияга асос солингунича Ангела Меркель канцлер лавозимидан кетмайди.

Немис матбуоти хабарига кўра, COVID-19 пандемияси туфайли ушбу сайловда рекорд миқдордаги сайловчилар почта орқали овоз берган. Уларнинг улуши 40 фоизгача бўлиши мумкин.

Ереванда Қорабоғ уруши қурбонлари хотирасига намойиш ўтказилди

Ереванда 26 сентябрь куни “Айастан” мухолифат блоки 2020 йилда Тоғли Қорабоғдаги қуролли можаро қурбонлари хотирасига машъала ва шамлар кўтариб намойишга чиқди. Ушбу можарода, расмий қайдларга кўра, икки томондан 6,5 минг киши ҳалок бўлган, шундан 3777 нафари – Арманистон тарафидан.

Намойиш иштирокчилари шаҳар жануби-ғарбидаги Гарегин Ндже майдонидан Ереван чеккасидаги Қорабоғ уруши қурбонлари дафн этилган “Ераблур” қабристонига қараб юрди, дея хабар қилди Озодликнинг арман хизмати. Намойишга “Айастан” етакчиси, Арманистоннинг иккинчи президенти Роберт Кочарян бошчилик қилган.

Арманларнинг жаҳон ҳамжамияти Озарбайжоннинг бир қисми деб тан оладиган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳудудида қуролли можаро 2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон қўшинлари ҳужуми билан бошланган. 10 ноябрь куни бу уруш Боку ва Ереван ўртасида ўт очишни тўхтатишга оид битим имзоланиши билан тугаган. Ҳужжатга мувофиқ, Озарбайжон ўзининг Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти таркибига кирмайдиган барча ҳудудлари устидан назорат ўрнатган.

Уруш якуни Арманистонда сиёсий инқирозни келтириб чиқарган ва бу жараён муддатидан олдин парламент сайлови ўтказилиши билан тугаган. Сайловда амалдаги бош вазир Николь Пашинян партияси ишончли ғалаба қозонган, яққол устунлик унга ҳукуматни мустақил шакллантириш имконини берган.

27 сентябрь куни эрталаб соат 11 да Арманистонда ҳамда тан олинмаган Қорабоғда 44 кунлик уруш қурбонлари хотирасига бир дақиқа сукут сақланади. Озарбайжонда ҳам 12 дақиқа сукут сақланиши эълон қилинган, шунингдек Боку шаҳри марказий кўчаларида намойишлар ўтказилади.

Дуров Telegram “Ақлли овоз бериш” дастурини фойдаланувчилар манфаати учун блоклаганини иддао қилди

Telegram ўзи блокланиш хавфи остида қолгани туфайли Россия Давлат думасига сайлов чоғида “Ақлли овоз бериш” дастури ботига блок солишга мажбур бўлган. Бу ҳақда мессенжер асосчиси Павел Дуров маълум қилди.

Дуровга кўра, Telegram якка ҳолда ишлай олмайди, у сайлов арафасида Навальний иловасини блоклаб қўйган Apple ва Google каби ширкатлар билан боғланган бўлиб, улар белгилаб берган қоидаларга амал қилишга мажбур. Акс ҳолда, мессенжер iOS ва Android телефонларида ишламай қолиши мумкин.

“Telegram турли мамлакатларда ҳукуматга биринчи бўлиб қаршилик кўрсатиб келади ва зарур бўлганда улар билан жангга киришади”, дея урғулаган Дуров. Аммо, унинг айтишича, сайлов кунлари жанг қилиш учун ноқулай пайт бўлган.

Дуров ўз хабарида Россия қонунчилиги сайлов кунлари ташвиқот олиб боришни тақиқлашини ҳам эслатган. Telegram асосчисига кўра, бу “ғирт аксилконституцион” талаб ҳисобланмайди.

“Сайлов бошланиб бўлганидан сўнг ҳам сиёсий партия яна икки кун ташвиқот олиб бориш имконига эга бўлсин деган мақсадда Telegram’нинг барча россияликлар учун блокланишига йўл қўйиб бериш – бу аниқ ютиш стратегияси бўлмай туриб фарзинни пиёдага қурбон бериш билан тенг. Telegram’нинг юз миллионлаб фойдаланувчилари манфаатлари мен учун исталган сиёсий куч манфаатларидан ҳамиша қиёслаб бўлмас қадар юқори туради”, деб ёзган Дуров.

18 сентябрга ўтар кечаси Павел Дуров Россияда сайлов якунлангунга қадар Telegram сайловолди ташвиқотига алоқадор ботлар ишини чеклашини маълум қилган эди. Ўшанда, жумладан, “Ақлли овоз бериш” боти ҳам блокланган.

Сайлов олдидан Apple ва Google ўз онлайн дўконларидан “Ақлли овоз бериш” тавсияларини эълон қилувчи “Навальний” иловасини ўчирган. Apple ширкати буни Россия қонунчилигининг экстремистик деб топилган ташкилот контентини тарқатиш тақиқланганига оид талабини бажаргани билан изоҳлаган.

Google эса Россия ҳукумати ушбу ширкатнинг Россиядаги ходимларига жиноят иши очиш билан таҳдид қилгани ортидан иловани блоклагани ҳақида маълум қилинган.

Сайловдан сўнг Навальний Google, Apple, Youtobe ва Telegram’ни ҳукумат талаби билан “Ақлли овоз бериш” дастурини тўсиб қўйгани учун қаттиқ танқид қилган ва улардан “кўнгли қолган”ини айтган.

Швейцарияда бир жинсли никоҳларни легаллаштириш бўйича референдум бўлиб ўтди

Швейцарияликлар 26 сентябрь куни бир жинсли никоҳларни легаллаштиришга оид умумхалқ референдумида иштирок этишди. Reuters агентлиги хабарига кўра, сайловчиларнинг 64 фоизи бу каби никоҳларни қонунийлаштиришни дастаклаб овоз берган.

Янги қонун бир жинсли жуфтликларга ўзаро никоҳланиш ва бола асраб олиш ҳуқуқини беради. Ўзаро оила қурган аёлларга сунъий уруғланиш орқали фарзанд кўришга ҳам рухсат этилади. Бунгача Швейцарияда донор спермасидан фақат гетеросексуал оилалар фойдаланиши мумкин эди, холос.

Швейцария дунёда бир жинсли шахслар ўртасида тўлақонли никоҳ қурилишини маъқуллаган 30-давлатга айланди.

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу мамлакатдаги овоз бериш натижаларини “тенг йўлидаги муҳим босқич” деб атаган.

Ўнг қараш тарафдори бўлган Швейцария халқ партияси вакиллари референдум натижаларидан ҳафсалалари пир бўлганини билдирганлар. Уларнинг фикрича, бир жинсли никоҳларнинг легаллашуви болалар иқболига салбий таъсир кўрсатади.

Украиналик Олександр Усик профессионал бокс бўйича жаҳон чепиони бўлди

Олександр Усик, Манчестер, 2018 йилнинг 10 ноябри.

Украиналик боксчи Олександр Усик WBA, IBF, WBO ва IBO версиялари бўйича ўта оғир вазнда жаҳон чемпиони бўлди.

У британиялик Энтони Жошуа билан рингда 12 раунд жанг ўтказди. Умумий натижаларга асосан ҳакамлар ҳайъати уни бир овоздан чемпион деб эълон қилди.

Олександр Усик 34 ёшда. У 8 йилдан бери профессионал бокс билан шуғулланади. У профессионал рингда 19 марта ғалабага эришди, жумладан, 13 жангни нокаут билан якунлади.

31 ёшли Энтони Жошуа эса 24 та жангда ғалаба қозонган ва уларнинг 22 тасини нокаут билан якунлаган. У ўз карьераси давомида бу билан иккинчи марта мағлубиятга учради.

Германия парламентига сайловлар Ангела Меркел иштирокисиз ўтмоқда

Германияда сайлов 26 сентябрь куни ўтмоқда.

Германияда 26 сентябрь куни Бундестагга сайлов бўлиб ўтмоқда. Мазкур сайлов сўнгги 16 йилда илк маротаба Германиянинг амалдаги канцлери Ангела Меркел иштирокисиз ўтказилмоқда.

Меркел 2018 йилда Христиан-демократик иттифоқ раислигидан кетганини ва канцлер сифатидаги тўртинчи муддати якунланганидан сўнг сиёсатдан кетишини эълон қилган эди.

Германияда сайловчилар канцлер учун эмас, Бундестаг раҳбари лавозимига номзод кўрсатган партиялар учун овоз беради.

Бу сайловда канцлер лавозимига Христиан-демократик иттифоқ раиси Армин Ланшет, социал-демократик партия аъзоси, вице-канцлер Олаф Шольц ва Яшиллар партиясидан Анналена Бербок номзоди кўрсатилган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, номзодлар рейтингидаги фарқ жуда кам бўлгани учун сайловда ким ғолиб бўлишини олдиндан айтиб бўлмайди.

Россияда Думага сайлов натижаларидан норозилар намойишга чиқди

Москвада 25 сентябрда ўтган намойишда қатнашганларнинг кўпчилиги Коммнуистик партия тарафдорлари экани айтилди.

Москвада 25 сентябрь куни Давлат Думасига ўтказилган сайлов натижаларидан норози бўлган мингдан кўпроқ киши намойиш ўтказди. Намойишга келганларнинг асосий қисми Коммунистик партия тарафдорлари экани айтилди.

Норозилар электрон овоз бериш жараёнида кўплаб овозлар ўғирланганини иддао қилган ҳолда, “Овозларни қайтариб беринг” деган сўзлар ёзилган плакатларни кўтариб туришди. Улар онлайн овоз бериш натижаларини бекор қилишни талаб этишди.

Россия президенти Владимир Путин 25 сентябрда Думага ўтган партиялар раҳбарлари билан учрашди. Путин сайлов ҳалол, адолатли ва қонун талабларига риоя қилинган ҳолда ўтказилганини айтди. Президентга кўра, сайловдан ўтмай қолган партияларгина “электрон овоз бериш натижаларини бекор қилишни талаб этмоқда”.

Аввалроқ Туркия, ЕИ мамлакатлари, АҚШ ва Буюк Британия аннексия қилинган Қрим ҳудудида ўтказилмиш Россия Давлат думасига сайлов якунларини ва овоз бериш жараёнини тан олмаслиги тўғрисида баёнот берган.

Расман билдирилишича, сайловда “Ягона Россия” 49,8 фоиз, Коммунистлар партияси 19 фоиз, ЛДПР 7,5 фоиздан кўпроқ, “Адолатли Россия” 7,5 фоизга яқин овоз олди. Думага 2003 йилдан бери илк маротаба яна бир партия – “Янги одамлар” ҳам кирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG