Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:42

Имомали Раҳмон истеъфосини талаб қилган тожикистонлик қамалди


Исмоил Сомоний туман судининг кириш эшиги.
Исмоил Сомоний туман судининг кириш эшиги.

Тожикистоннинг Қабодиён тумани турғуни Тожикистонда фаолияти тақиқланган “24 гуруҳи”га алоқадорлик ва президент Имомали Раҳмон истеъфосини талаб қилганлик учун беш йилга озодликдан маҳрум этилди.

Қабодиёнлик Х.С.Д.га нисбатан ҳукм Душанбенинг Исмоил Сомоний туман суди томонидан ўтган ҳафта охирида чиқарилган, бироқ бу ҳақда матбуотга эндигина маълум бўлган.

Озодликнинг тожик хизмати туман судида ўз манбасига таянган ҳолда хабар қилишича, қабодиёнлик бу йигит Россиядан муҳожирликдан қайтганидан сўнг шу йил январь ойи бошида қўлга олинган. Унга Тожикистон Жиноят кодексининг 307-моддаси 2-қисми (Экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этганлик) бўйича айблов қўйилган.

Эндиликда у умрининг беш йилини қаттиқ режимли колонияда ўтказади.

Суд хулосасида қабодиёнлик бу йигит 2014 йили Россиянинг Екатеринбург шаҳрида “24 гуруҳи” ташкилотига аъзо бўлгани ва Имомали Раҳмон истеъфоси талаб қилинган акцияларда иштирок этгани айтилади.

“Х.С.Д. Екатеринбург шаҳридаги “Стрела” кинотеатри залида ўтган “24 гуруҳи” экстремистик ташкилоти мажлисида иштирок этган. Бу мажлисда бир неча киши сўзга чиқиб, иштирокчиларни Тожикистонга қайтиш ва ҳокимиятни эгаллаб олиш мақсадида митинглар уюштиришга чақирган. Ўз чиқишларида улар Тожикистон раҳбарияти ҳақида номақбул гапларни айтганлар ва “Истеъфо”, “Истеъфо”, “Имомали Раҳмон истеъфоси” дея қичқирганлар. Х.С.Д. ҳам бошқа тожикистонлик муҳожирлар билан биргаликда “Истеъфо”, “Истеъфо”, “Истеъфо”, дея ҳайқирган”, дейилади туман суди хулосасида.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳисобича, шу кунгача Тожикистонда “24 гуруҳи”га аъзоликда айбланмиш 20 дан зиёд киши қамалган. Россияда ва бошқа постсовет ўлкаларида Тожикистон расмийлари сўрови билан “24 гуруҳи” ва “Ёшлар Тожикистон тикланиши учун” ташкилотларига аъзо бўлганлик учун 12 киши қўлга олинган.

“24 гуруҳи” ва “Ёшлар Тожикистон тикланиши учун” ташкилотлари амалдаги тожик расмийларига мухолифатдаги ташкилотлардир. Бу икки ташкилот 2014 йил баҳори ва ёзида Россия шаҳарларида Имомали Раҳмон етакчилигидаги расмийларга қарши норозилик тадбирлари ўтказганлар ва ўша йилнинг 10 октябрида Душанбе марказий майдонида норозилик митинги ўтказишга чақирганлар.

Ўшанда митинг ўтмай қолган, бироқ шундан сўнг “24 гуруҳи” хайрихоҳларига нисбатан таъқиб-тазйиқ бошланган. 2014 йил октябрида Тожикистон Олий суди “24 гуруҳи” фаолиятини тақиқлаб, уни экстремистик ташкилотлар рўйхатига тиркаган.

“24 гуруҳи” раҳбари Умарали Қувватовни тожик расмийлари аввал Бирлашган Араб Амирликларидан, кейин эса Туркиядан экстрадиция қилинишига эришолмадилар. У ўтган йилнинг 5 мартига ўтар кечаси амалга оширилган суиқасд ортидан Истанбулда ҳаётдан кўз юмди.

“Ёшлар Тожикистон тикланиши учун” ташкилоти раҳбари Мақсуд Иброҳимов эса 2014 йил декабрида пичоқланган, 2015 йил январида эса сирли равишда ғойиб бўлган. 2015 йил ёзига келибгина тожик расмийлари Иброҳимов Душанбеда эканини, суд қарори билан 17 йилга қамалганини эътироф этганлар.

XS
SM
MD
LG