Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:16

Тожикистонда Қирғизистон фуқаролари билан никоҳлар сони кўпаймоқда


Ўтган йили 200 дан ортиқ Тожикистон фуқароси хорижликлар билан, асосан Қирғизистон фуқаролари билан расман никоҳдан ўтган. 2017 йилга таққослаганда, аралаш никоҳлар сони 30%га кўпайган.

Адлия вазирлигининг Фуқаролар ҳолати далолатномаларини қайд этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ифтихор Самадзоданинг сўзларига қараганда, аралаш никоҳларнинг энг кўпи Қирғизистон фуқаролари ҳиссасига –100 дан ортиқ никоҳ - тўғри келади, ундан кейинги ўринларда Ўзбекистон, Россия, Афғонистон, Эрон, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Украина, Италия ва бошқа давлатлар туради.

Республика ФХДЁсидаги хабардор манбанинг айтишича, қайд қилинган тожик-қирғиз никоҳларининг 95 фоизи Лахш тумани (собиқ Жирғатол) ҳиссасига тўғри келади, мазкур туманда Тожикистондаги энг йирик қирғиз диаспораси истиқомат қилади. «Уларнинг кўпчилиги ўзларининг тарихий ватанларига кўчиб ўтишни исташади ва бунинг учун қирғизистонликлар билан никоҳдан ўтиш катта имконият ҳисобланади», - дейди манба.

Ўтган йилнинг ёзида Исфара туманида жойлашган чегара яқинидаги Хўжа қишлоғида истиқомат қилувчи 21 ёшли Ҳамрозхон шарафига «Тўйлар муборак» янгради. Бишкекда яшовчи йигит қизни бир кўришда севиб қолди. Ҳозир улар Қирғизистонда истиқомат қилмоқда, аммо Ҳамрозхоннинг эри ўзининг севимли қаллиғи учун, мамлакат қонунлари талаб қилганидек, Исфарада уй қурмоқда.

2011 йилда Тожикистон парламенти Республика Оила кодексига айрим ўзгартишларни киритган эди. Шундан бошлаб Тожикистон фуқаролари билан оила қурмоқчи бўлган хорижликлар учта асосий талабни бажаришлари керак: мамлакат ҳудудида камида бир йил яшаши, никоҳдан ўтишдан аввал никоҳ шартномасини тузиши, шунингдек, жуфтини уй билан таъминлаши шарт. Хорижликлар билан никоҳдан ўтмоқчи бўлган Тожикистон фуқаролари учун бу каби талаблар йўқ.

Расмийларнинг таъкидлашича, никоҳ тартибларининг бундай кескинлаштирилиши, мабодо ажралгудек бўлса, тожикистонлик аёлларнинг мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

БМТнинг Ирқий дискриминацияни бартараф этиш қўмитаси 2017 йилда Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб, тожик аёлларининг хорижликлар билан никоҳига нисбатан жорий қилинган чекловларни бекор қилишга чақирган эди. Бу каби чекловлар инсоннинг асосий ҳуқуқларини, жумладан жуфтни танлаш ҳуқуқини поймол қилади, дейилади қўмита мурожаатномасида.

XS
SM
MD
LG