Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:07

Жаҳон банки: Тожикистонда туғилиш кўпаяётганига... камбағаллик сабаб


Жаҳон банкининг янги тадқиқоти натижаларига кўра, ишсизлик, меҳнат миграцияси ва камбағаллик туфайли Тожикистонда туғилиш кўпаймоқда ва аҳоли сони тез суръатларда кўпайиб бормоқда.

Статистикага кўра, аҳолиси йилига ўрта ҳисобда 200 минг кишига ортаётган Тожикистон бу кўрсаткич бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллайди.

Жаҳон банкининг ўтган ҳафтада эълон қилинган “Тожикистон Республикаси: мамлакатни комплекс баҳолаш” тадқиқотида Тожикистон собиқ Совет Иттифоқи республикалари орасида энг қашшоқ ва айни дамда, аҳолиси энг тез ўрсаётган мамлакат сифатида баҳоланган.

Жаҳон банки Тожикистон ҳукуматига аҳоли ўсишини тартибга солиш учун эрта турмуш қуришга чек қўйиш ва ҳомиладорликнинг олдини олиш учун контрацепция воситаларидан фойдаланишни тавсия қилди.

Халқаро молиявий ташкилот тадқиқотига кўра, Тожикистондаги репродуктив ёшдаги аёлларининг фақат 28 фоизи исталмаган ҳомиладорликка қарши контрацепция воситаларидан фойдаланади.

Тожикистоннинг консерватив жамиятида кўп фарзанд “Худонинг иродаси” ҳисобланади. Шу боис, мамлакатда кўпфарзандли оилалар сони жуда кӯп.

Душанбелик Зулайҳо Зоирова кўп болали оилада дунёга келган.

У ўсган оилада 10 қиз ва 3 ўғил вояга етган. Зулайҳонинг фикрича, айни шу кўпболалик фарзандларга яхши таълим олиш ва олий ўқув юртларига киришга имкон бермаган.

Унинг айтишича, оилада фақат отаси ишларди, фарзандлар тўйиб овқатланишмасди ва саводлари ҳам қониқарли эмасди.

Шу боис Зулайҳо кўпфарзандли бўлиши истамайди. Ҳозир у тўрт фарзанднинг онаси.

“Сабаби фарзандларнинг илмсиз қолишидир. Ҳозирги замонда илми бўлмаган шахсга иш топиш ва яхши яшаш қийин. Ота-онам тажрибаси менга дарс бўлди," - деди Зулайҳо Зоирова.

Бугунги кунда Тожикистон собиқ Совет Иттифоқи республикалари орасида аҳоли ўсиши бўйича биринчи эгаллайди.

Тожикистондаги расмий статистик маълумотларга кўра, ҳар йили мамлакат аҳолиси 2,2 фоиз ёки 200 минг кишига ўсиб бормоқда.

Жорий йил май ойида Тожикистон аҳолиси 9 миллион кишига етди.

Бу кетишда ҳар 5 йилда Тожикистон аҳолиси 1 миллион кишига ўсиб, тез орада 10 миллион кишига етиши мумкин.

Жаҳон банки экспертларининг огоҳлантиширича, аҳолининг кескин ўсиши яқин давр ичида Тожикистонда иқтисодий ва ижтимоий тангликларни келтириб чиқариши мумкин.

Ушбу ташкилот тадқиқотига биноан, Тожикистонда ишсизлик муаммоси янада кучайиб, жамиятда ижтимоий кескинликка олиб келади, давлат бюжетининг соғликни сақлаш ва маориф соҳаларига харажати кескин кўпаяди.

Тожикистон соғликни сақлаш вазирлигидаги она ва болаларга хизмат кўрсатиш департаменти раҳбари Шерали Раҳматуллоевнинг айтишича, мамлакатда аҳолининг кескин ўсишини олдини олиш мақсадида ҳукумат оилани тартибга солиш дастури асосида репродуктив ёшида бўлган аёлларга бепул презерватив ва спираль тарқатилган.

Аммо у аксар аёллар бундай воситалардан фойдаланмаслигини айтди.

Расмий маълумотларга биноан, Тожикистон аҳолисининг 70 фоизини ёши 30 га етмаганлар ташкил этиб, янги туғилган чақалоқларнинг қарийб 40 фоизи ёш оилаларда дунёга келган. Яъни, келгусида ҳам Тожикистонда аҳоли ўсиши кузатилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG