Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:49

Тожикистонда фоҳишалик ва қўшмачиликда айбланганларнинг фарзандлари тортиб олиниши мумкин


Ўз танасини сотиб кун кечирадиган тожикистонлик Зарина - Душанбе, январь, 2021
Ўз танасини сотиб кун кечирадиган тожикистонлик Зарина - Душанбе, январь, 2021

30 ёшлардаги тожикистонлик ёлғиз она Мавжуда мамлакатда фоҳишалик ва қўшмачилик тақиқланган бўлса-да, пойтахт Душанбеда бир гуруҳ фоҳишага харидор топиш орқали тирикчилик қилади.

Тўлиқ исмини ошкор қилишни истамаган Мавжуда тез орада болаларидан айрилиши мумкин.

Тожикистон парламенти Оила тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритишни режалаштирмоқда. Таклиф қилинаётган ўзгаришлар судланган қўшмачилар ва фоҳишахона эгаларини ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкин.

Қонун лойиҳаси маъқулланиши кутилмоқда. Депутатлар ва янги қонун тарафдорларининг сўзларига кўра, у фоҳишабозлик билан курашиш ва болаларни ҳимоя қилишга қаратилган. Аммо танқидчилар фоҳишабозликни камайтириш ва оилаларни ҳимоя қилишнинг энг яхши йўли аёллар учун муқобил иш ўринлари яратиш эканини айтишмоқда.

Фоҳишалик билан шуғулланадиган кўплаб аёлларнинг айтишича, улар қашшоқлик туфайли шу иш билан билан шуғулланишни бошлаганлар.

«Нега расмийлар бизнинг болаларимизни олиб қўйиш ҳамма нарсани ҳал қилади, деб ўйлашади?", дея савол беради душанбелик Мавжуда
«Нега расмийлар бизнинг болаларимизни олиб қўйиш ҳамма нарсани ҳал қилади, деб ўйлашади?", дея савол беради душанбелик Мавжуда

Мавжуданинг сўзларига кўра, у ва у таниган фоҳишалар таклиф қилинаётган қонун лойиҳасидан хабардор. Озодлик билан суҳбатда у аёллар фарзандларини давлат олиб қўйишидан кескин хавотирда эканликларини айтди.

Мавжуда ўз оиласида ягона нонтопар. Унинг сўзларига кўра, ота-она ҳуқуқларини бекор қилиш қашшоқ оилаларнинг «аллақачон аянчли ҳаётларида» янада кўпроқ изтироб келтириб чиқаради.

Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳеч кимга фойда келтирмайди ва Тожикистонда дунёдаги энг қадимги касбга барҳам бермайди.

«Нега [расмийлар] бизнинг болаларимизни олиб қўйиш ҳамма нарсани ҳал қилади, деб ўйлашади? [Агар улар бизга ғамхўрлик қилмоқчи бўлсалар], иш топишимизга ёрдам беришлари керак, шунда биз ишлашимиз ва болаларимиз яхши ҳаёт кечиришини таъминлашимиз мумкин бўлади», - дейди у.

Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишидан олдин Душанбе ва бошқа шаҳарларда полиция томонидан ўтказилган рейдлар давомида фоҳишахоналар фош этилгани хабар қилинган эди.

Тожикистон қонунчилигига кўра, фоҳишахона очиш ёки қўшмачилик билан шуғулланиш оғир жиноят бўлиб, айбдор деб топилган шахслар беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бу жиноятга қайта қўл урган шахслар эса саккиз йилгача қамоқ жазосига юз тутади.

Фоҳишалик эса ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва унга қўл урганлар 200 долларгача жаримага тортилади. Қайта-қайта фоҳишаликда айбдор деб топилганлар эса кўпроқ жаримага тортилиши ёки 15 суткагача қамоққа олиниши мумкин.

Фоҳишалар, одатда даромад манбаларини қариндошларидан сир тутишади.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда Тожикистон Аёллар ва оила ишлари бўйича давлат қўмитаси иштирок этди. Қўмита аъзоларининг таъкидлашича, фарзандлардан айрилиб қолиш таҳдиди одамларни фоҳишалик қилишдан олдин яхшилаб ўйлашга мажбур қилади.

Қўмита аъзоси Обиджон Шарипов Озодликка берган интервьюсида "Оила тўғрисида"ги қонунга киритиладиган ўзгаришлар болаларнинг руҳий ва жисмоний фаровонлигини ҳам ҳимоя қила олишини айтди.

Тожикистонда давлат ходимлари ва аёллар гуруҳлари фоҳишалар орасида «аҳлоқ дарслари» деб номланадиган тушунтириш ишларини олиб боради.

Айрим фоҳишалар полиция ходимларини улардан пул ундиришда, калтаклаш ва ҳақорат қилишда айблади. Расмийлар бу айбловларни рад этмоқда.

21 ёшдаги Зарина болаларини боқиш ва ижара ҳақини тўлаш учун бошқа йўл бўлса, фоҳишаликдан жон деб воз кечишини айтади.

XS
SM
MD
LG