Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:53

Тоқаев президентлигининг бир йили: Йил оғир бўлди¸ аммо ундан ҳам оғирлари олдинда!


Мустақил Қозоғистоннинг иккинчи президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.
Мустақил Қозоғистоннинг иккинчи президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.

Бундан роппа-роса бир йил олдин Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон президенти сифатида қасамëдга келтирилган эди. Ўтган йил Тоқаев ҳокимияти учун қандай бўлди?

Озод Европа/Озодлик радиосининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер шу саволга жавоб излади.

Назарбоев билан чўзилиб кетган хайрлашув

2019 йилнинг 12 июнь куни Қасим-Жомарт Тоқаев мустақил Қозоғистон тарихидаги иккинчи президент сифатида қасамëдга келтирилди. 2019 йилнинг 19 март куни биринчи президент Нурсултон Назарбоев истеъфога кетишини эълон қилиши ортидан¸ президентлик ваколати Сенат раиси бўлган Тоқаевга ўтди ва унинг сайловлар орқали давлат олий лавозимига келишига шубҳа қолмади.

Аммо қозоқ жамияти муайян қатламининг Назарбоев тўнғич қизи Дариға Назарбоеванинг мамлакат бошқарувидаги иккинчи лавозим - Сенат спикерлигига келиш тезлиги¸ қолаверса¸ пойтахт Остонанинг Нур-Султон деб номланишига нисбатан салбий муносабати кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Буларнинг бари халқ билан маслаҳатлашмай туриб амалга оширилди.

Гласгоу университети профессори¸ Қозоғистон ҳақидаги китоблар муаллифи Люка Анчески, Назарбоев номининг қозоқ пойтахтига берилишини мамлакат сиëсатидаги «белгиловчи момент» деб атайди.

Анчески бу қарорни нафақат Қозоғистонда авторитар бошқарув давом этиши¸ балки режимнинг Назарбоев билан чўзилиб кетган хайрлашув жараëнида халқ талаб қилган ўзгаришларга кар ва кўр бўлиб қолишининг мажозий ифодаси сифатида талқин этади.

Қозоғистонда ўзгаришлар бўлишини истаган кўпчилик лидерлар алмашинувини яхши янгиликларни бошлаш учун имкон сифатида қарши олди. Аммо бу умидлар Тоқаевнинг Назарбоев бошлаган сиëсий курсни давом эттириш ҳақидаги илк баëноти¸ Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгашининг умрбод раиси этиб тайинланиши ортидан пучга чиқди. Қозоғистон конституциясига 2018 йили киритилган ўзгартишларга кўра¸ Хавфсизлик кенгаши раисига ниҳоятга катта ваколат берилган. Бу қозоғистонликлар орасидаги “ҳеч нарса ўзгармади” деган фикрни янада кучайтириб юборди.

2019 йил 9 июнь кунги сайловларда Тоқаев 70,96 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Яна олти номзод қатнашган сайловлардаги «мухолифат номзоди» Амиржан Косанов 16,23 фоиз овоз олди.

Бу камида 81 фоиз овоз билан сайланиб келган Нурсултон Назарбоевга нисбатан анча камтар ғалаба эди. Шу боис айримлар Тоқаевнинг давлатнинг жамият устидан назоратини бўшаштиришига нисбатан умиддан воз кечмади.

Тоқаев учун президентликнинг биринчи йили¸ нафақат сиëсий мухолифатнинг жонланиши¸ балки бошқа жараëнлар боис¸ оғир йил келди.

«Икки ҳокимиятчилик»

Тоқаев президентлиги биринчи йилининг асосий қисмида кўпчилик уни ҳам биринчи президент¸ ҳам Хавфсизлик кенгаши раиси сифатида ниҳоятда катта ваколатни сақлаб қолган Назарбоев сояси сифатида қабул қилди.

Назарбоев маҳаллий амалдорлар¸ банк раҳбарлари¸ қолаверса¸ мамлакатга келган хориж раҳбарлари ва бошқа юқори даражали меҳмонларни қабул қилишда давом этди.

Хусусан¸ 2019 йил ноябрида Тошкентда ўтказилган Марказий Осиë лидерлари саммитига Тоқаев эмас¸ Назарбоев борди. Ўтган декабрда Евроосиë иқтисодий иттифоқи раҳбарларининг норасмий саммитида ҳам Қозоғистонни Назарбоев тамсил қилди.

9 октябрь куни қабул қилиниб¸ 21 октябрда эълон қилинган президент қарорига кўра¸ Тоқаев Мудофаа¸ Ички ва Ташқи ишлар вазиридан бошқа министрлар¸ президент маъмурияти аъзолари¸ Бош прокурор¸ Миллий банк ва Миллий гвардия раиси¸ Коррупцияга қарши кураш идораси раҳбари¸ шаҳар ва вилоят ҳокимларини тайинлаш учун Назарбоев рухсатини олиши керак.

Буларнинг бари Нурсултон Назарбоев истеъфога кетдими¸ йўқми деган саволни кун тартибига қўйди. Тоқаев муттасил равишда Назарбоевни «миллат лидери»¸ Қозоғистонда ниҳоятда ҳурмат қилинадиган арбоб ва тажрибали сиëсатчи сифатида таърифлаб¸ икки ҳокимиятчиликка оид саволларга жавоб беришга мажбур бўлди. Аммо бу иккиликдан қай бирининг "бош" эканини тушуниш ниҳоятда қийинлигича қолди.

Норозиликлар тўлқини

Тоқаев инаугурацияси бир неча кунга чўзилган норозилик намойишлари фонида ўтди. Намойишлар «Ҳақиқатдан қочиб қутула олмайсан»¸ «Тоқаев менинг президентим эмас¸ Нур-Султон менинг пойтахтим эмас¸ Дариға менинг Спикерим эмас!” шиорлар билан ўтказилди.

Шиорлар орасида “Чол¸ кет!” деганлари ҳам бўлди ва бу қозоғистонликлар орасида ҳақиқий бошлиқ айнан Назарбоев эканига ишонувчилар борлигини кўрсатди.

Бу намойишлар¸ хусусан¸ 12 июнь – Тоқаев инаугурацияси кунидаги митингларни Назарбоев ҳукмронлиги остида катта бўлган ëшларнинг «Уйғон¸ Қозоғистон» ҳаракати уюштирди. Улар конституцияга ўзгартиш киритиб¸ мамлакатни президентлик бошқарувидан парламент бошқарувига ўтказишни талаб қилиб чиқди.

Шунингдек мамлакатда инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи янги гуруҳлар¸ янги сиëсий ҳаракат ва партиялар тузила бошланди¸ Назарбоевнинг қочқинда юрган мухолифи Мухтор Аблязов бошчиси бўлган “Қозоғистон демократик танлови” ҳаракати ҳам фаоллашди.

9-11 июнь кунлари Олмаота ва Нур-Султонда уюштирилган норозилик намойишлари давомида камида мингга яқин одам ушланди. Инсон ҳақлари бўйича БМТ идораси Қозоғистонни жз гражданларининг “тинч намойишлар ўтказиш” ҳуқуқларини таъминлашга чақирди.

Кўп ўтмай Ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаев 9 июндан 13 июнга қадар 4000 га яқин одамнинг ушланганини эътироф қилди.

14 июнь куни Олмаотада «Тоқаев менинг президентим эмас» деган баннер осилди¸ ўша кунги телеинтервьюсида Тоқаев норозиликларнинг бош сабаби “камбағаллик”дир деб баëнот берди.

Бу эса¸ Тоқаевнинг намойишчилар талаб ва чақириқларини эшитмаëтгани ҳақида таассурот қолдирди.

6 июлдан Назарбоев туғилган кунда нишонланадиган Пойтахт байрамида намойишлар янги тўлқини бошланди. Намойишлар¸ бир кишилик пикетлар шаклида йил охиригача давом этди. 16 декабрь¸ Қозоғистон мустақиллик кунида кўп жойларда яна катта митинглар бўлиб ўтди. Уларда сиëсий маҳкумларни озод қилиш талаби янгради.

Бу талаблар¸ сиëсий фаол Дулат Агадилнинг 24 февраль куни пойтахт изоляторидаги сирли ўлимидан сўнг янада кучайди.

Намойишлар тўлқинига жавобан ҳукумат уларни ташкиллаштиришда муҳим роль ўйнаган веб сайтлар ва ижтимоий тармоқларни блоклашга ўтди. Оқибатда¸ Freedom House халқаро ташкилоти Қозоғистонни интернет эркинлиги кескин ëмонлашиб бораëтган давлатлар рўйхатига киритиди.

Фалокат ортидан фалокат

Тоқаев президентлигининг биринчи йилини бўлишини ҳеч ким олдиндан башорат қила олмаган ҳодисалар ҳам мураккаблаштирди.

Туркистон вилоятидаги ҳарбий омборда чиққан ëнғин¸ Олмаотани сув билан таъминловчи Карагалинка дарëсидаги сел¸ Bek Air компанияси учқичининг қулаши¸ Жамбил вилоятида дунган ва қозоқлар ўртасида чиққан низо шулар жумласидандир.

Март ойи охирида эса¸ Қозоғистонда ҳам коронавирусга чалинишнинг илк ҳолати қайд этилди. Июнь ўртасига келиб бу рақам 13,5 мингдан ошди ва вирус юқтирганлардан 67 нафари вафот этди. Кўпчилик бу расмий рақамларнинг камайтирилганини айтмоқда.

Бир қошиқ асал

Мамлакатда COVID-19 инфекцияси ëйилиши Тоқаев ҳукуматини касаллик тарқалишини тўхтатиш учун кескин чоралар қўллашга мажбур қилди.

Аксар дунë каби Қозоғистон ҳам қатор шаҳарларни карантинга ëпиб қўйди. Ўзи шундоқ ҳам нефть нархи тушишидан азият чекаëтган иқтисод янада пастга қулай бошлади.

Карантин чоралари намойишлар тўлқинига танаффус берди ва Тоқаевга нафас ростлаш имконини яратди.

Аммо 6 июндан Олмаота ва бошқа шаҳарларда яна чиқишлар бошланди.

Муҳими¸ коронавирус инфекцияси июль ойида 80 ëшга кирадиган Назарбоевнинг жамоатчилик кўзидан йўқолишига олиб келди. Назарбоев инфекция тарқагани хабаридан бери кўринмай қолди.

Бу эса¸ Тоқаевни давлатни бошқаришда ëлғиз қолдирди ва у вазиятдан фойдаланиб¸ ўзини вазиятни назорат қилаëтган раҳбар сифатида кўрсата бошлади. Телеканалларнинг унинг турли вазир ва ҳокимлар билан ўтказаëтган фавқулодда учрашувларини муттассил кўрсата бошлади.

Май ойида Дариға Назарбоевани Сенат раислигидан озод қилиш билан Тоқаев ўз шаънига доғ бўлиб турган омиллардан биридан қутулишга муваффақ бўлди.

Қозоғистон бўйича етакчи эксперлардан бири Жоанна Лиллис, Тоқаевни ниҳоятда оғир аҳволда қолган раҳбар¸ деб ҳисоблайди.

«У ҳокимиятга Назарбоев сиëсатини давом эттириш ваъдаси билан келди ва айнан шунинг учун уни ворис қилиб танлашди. Тоқаев президентлиги аввал бошданоқ ана шу фундаментга қурилди»¸ дейди таҳлилчи.

Айни пайтда Лиллис, «фуқаролик жамиятининг ижтимоий тармоқ ва кўча намойишларидан ҳис этилаëтган босими ислоҳотлар заруратини кун тартибига қўймоқда»¸ деган ишончда.

-Тоқаевда ислоҳотлар инстинкти кучли ва у ислоҳотлар фойдасини кўра олади¸ дейди Лиллис.

Люка Анчески ҳам Тоқаев президентлигининг биринчи йили ниҳоятда оғир бўлганини айтади.

"Айрим қийинчиликларни режимнинг ўзи яратди¸ айримларини эса ташқи омиллар. Аммо уларни ҳал қилиш уринишлари жуда заиф бўлди"¸ дейди бу таҳлилчи.

Лиллис эса Тоқаевнинг биринчи йилини шундай хулосалайди:

оқаев ўз зиммасига ҳокимият давомийлигини таъминлаш учун ислоҳотлар бўлмайдиган жойда ислоҳот ўтказиш каби бажариб бўлмайдиган вазифани олди. Бу йил Тоқаев учун қийин бўлди¸ аммо ундан ҳам қийинлари ҳали олдинда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG