Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 09:12

Трампнинг Тереза Мэйга Твиттер орқали берган жавоби Британияда норозилик уйғотди


ЛОНДОН (Рейтер) – АҚШ президенти Доналд Трампнинг пайшанба кунги твити шундоқ ҳам жунбушга тушган Британия ҳукуматини янада ғазаблантирди.

Трампнинг Британиядаги ашаддий ўнгчилар тарқатган аксилисломий видеороликларни Твиттердаги ўз саҳифасида ўртоқлашгани қироллик сиëсатчилари томонидан кескин қораланди.

Бу танқидларга нисбатан Трамп Вашингтоннинг хавфсизлик соҳасидаги энг яқин иттифоқчиси саналган Британия раҳбарининг ўзини нишонга олди.

“Theresa @theresamay, эътиборингизни менга бурмасдан¸ Буюк Британияда рўй бераётган радикал ислом террорчилигига эътибор қаратинг. Бизнинг бу борадаги ишларимиз беш”, деб ёзди Трамп Твиттердаги саҳифасида.

Ушбу ёзув ислом жангариларининг мамлакат кўчаларида бир неча марта террорчилик ҳужумига гувоҳ бўлган британияликларни янада жунбушга солди.

Мэйнинг матбуот котиби чоршанба куни Трампни Британия ашаддий ўнгчилар раҳбари интернетга қўйган аксилисломий видеороликларни қўллаб-қувватлагани учун танқид қилиб чиқди. Шундан сўнг Трамп ўша танқидга кескин жавоб қайтарди.

– Президент бу ишни қилмаслиги керак эди, – деди матбуот котиби.

АҚШ президентининг чоршанба куни Britain First ташкилоти раҳбари ўринбосари Жейда Франзен интернетга қўйган миллатчилик руҳидаги видеороликларни Твиттер саҳифасида ўртоқлашгани Атлантика океанининг иккала тарафида ҳам танқидларга сабаб бўлди. Франзен мусулмон аёлнинг ҳуқуқини поймол қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилган эди.

Трампнинг янги жавоби британияликларнинг ғазабини қўзғатди. Айрим мухолифат сиёсатчилари Трампдан Мэйдан кечирим сўрашни талаб қилмоқда.

Бош вазир идораси Трампнинг пайшанба кунги Твиттердаги жавобига изоҳ беришдан бош тортди. Айни пайтда Мэй Яқин Шарққа сафар қилмоқда ва унинг пайшанба куни кечқурун оммавий ахборот воситалари билан суҳбатлашиши кутилмоқда.

Трамп дастлаб Твиттерга қўйган ёзувида Мэй номини тилга олмаган эди, аммо кейинчаилк уни тузатиб, унга Британия раҳбарининг ушбу ижтимоий тармоқдаги аккаунти номини киритиб қўйди.

Вашингтон билан “махсус муносабатлар” Британия ташқи сиёсатининг асосий устунларидан бири ҳисобланади ва бу яқинлик 2019 йили Европа Иттифоқидан чиқиб кетаётган Лондон ҳукумати учун алоҳида аҳамиятга эга деб қаралаётган эди. Трамп президент бўлгандан бери Мэй у билан қалин муносабат ўрнатишга интилди.

Трамп президентлик лавозимига киришгандан сўнг Мэй Оқ уйга сафар қилган биринчи хориж раҳбари бўлди. Майнинг Трампни Британияга давлат ташрифи билан Британияга таклиф қилгани кескин танқидларга сабаб бўлди.

“ҲАҚОРАТ”

Трампнинг Твиттердаги сўнгги ҳатти-ҳаракатларидан норози бўлганлар орасида Брендан Кокс ҳам бор. 2016 йили унинг умр йўлдоши Жо Коксни айнан ашаддий миллатчилар вакили ўлдирган эди.

“Мамлакатингизда худонинг берган куни одамлар ўқотар қуроллардан қириб ташланмоқда, ўлаётганлар сони Британиядагидан бир неча марта кўп, соғлиқни сақлаш тизимингиз шармандиликдан бошқа нарса эмас, ўзингиз назорат қилаётган Конгрессдан ҳеч қандай ҳужжатни ўтказа олмаяпсиз”, деган ёзувни қолдирди Кокс Твиттерда.

Трамп баҳам кўрган видеороликларда мусулмонларнинг ўсмир болани уриб ўлдираëтгани, қўлтиқтаёқли болани калтаклаётгани ва христиан ҳайкалини бузиб ташлаётгани тасвирланган.

Рейтер ахборот агентлиги видеороликлар ҳақиқий экани ё эмаслигини аниқлай олмади. Нидерландиянинг Вашингтон шаҳридаги элчихонаси бу роликлардан бири ҳақида Твиттерда изоҳ қолдирди. Бу ролик Франзен томонидан “мусулмон мигранти” бир болани калтаклаётгани тасвирланган деб тавсифлаган эди.

“@realDonald Trump, ҳар бир факт аҳамиятлидир. Ушбу видеороликда ашаддий қонунбузарлик қилган киши Нидерландияда туғилиб ўсган. У Нидерландия қонунчилиги асосида жазога тортилди ва уни ўтади”.

Британия парламенти аъзолари Трампдан видеороликларни Твиттер орқали баҳам кўргани учун кечирим сўрашни талаб қилиб чиқди. Айни пайтда АҚШдаги мусулмон ташкилотлари президентнинг ҳатти-ҳаракатларини фитна қўзғовчи деб баҳолади.

Британиянинг мухолифатдаги Либерал демократлар партияси етакчиси Винс Кэйбл бош вазир Мэй Трампдан узр талаб қилиши шартлигини айтмоқда. Кэйбл Трампнинг ҳатти-ҳаракатини Мэйга нисбатан ҳақорат деб атади.

Лондоннинг биринчи мусулмон мэри Содиқ Хон¸ бундай ҳақоратдан сўнг Трампнинг Британияга режаланаëтган давлат ташрифини бекор қилиғга чақирди.

Britain First ташкилоти раҳбари муовини Франзен Трампнинг Твиттер орқали видеороликларни баҳам кўрганини олқишлади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG