Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 03:25

Қозоғистон БТА банки Трамп собиқ ҳамкорини судга берди


Феликс Сейтер 2007 йили Трамп иншоотларидан бирининг олчилишида.

Қозоғистон банки ҳам ўн йилдан кўпроқ вақт олдин ўғирлангани гумон қилинаётган активлар ўрнини қоплаш учун бораëтган халқаро курашга қўшилди. Банк президент Доналд Трамп собиқ ҳамкорининг Москвадаги Трамп осмонўпар биносини қуриш учун ўғирланган маблағлардан ишлатганини иддао қилмоқда.

Иш 25 март куни Манҳэттендаги федерал судга оширилди. Бир вақтлар Қозоғистоннинг энг йирик банки бўлган БТА активларни қайтариб олиш ва айни дамда қочиб юрган собиқ раисини жавобгарликка тортишни кўзламоқда.

Судга берилганлар орасида Феликс Сейтер ҳам бор. У судланган жиноятчи, Федерал тергов бюроси агенти ва Нью-Йоркдаги девелоперлардан бири сифатида Трамп билан ўтмишда қурилиш лойиҳалари бўйича шериклик қилган шахсдир.

Сейтер 27 март куни Намояндалар палатасининг Разведка ишлари бўйича қўмитасида гувоҳлик бермоқчи. Бу эшитувда унинг айни иш юзасидан сўроқ қилиниши ва Трампнинг Москвада осмонўпар бино қуриш бўйича кўпйиллик саъй-ҳаракатларини рўёбга чиқаришда қандай ёрдам берганини гапириб бериши кутилмоқда.

Суд даъвоси БТАнинг собиқ раиси Мухтор Аблязовга қарши қаратилган. Қозоғистон ҳокимият идоралари Аблязовни банк синишидан олдин ундан 4 миллиард долларгача пул ўғирланганликда айбламоқда. Судга берилган шикоятда Аблязовнинг куёви Иляс Храпуновнинг ҳам банкдан ўғирланган пулнинг маълум қисмини ювишга аралашгани айтилади.

БТА даъво аризасида Сейтернинг 2011 йилдан бошлаб Аблязов билан Храпуновга АҚШдаги бир қанча молиявий операциялар орқали 40 миллион долларга яқин пулни ҳалоллашда ёрдам бергани кўрсатилган.

Шикоятда ўша маблағнинг маълум қисмини Храпуновнинг синглиси Манҳэттендаги Трамп Соҳо осмонўпар биносидан яшаш жойлари сотиб олишга ишлатгани айтилмоқда.

Трамп номи ҳам шикоятда келтирилади, аммо унинг жиноий пулларга яшаш жойлари сотиб олинганидан хабардор бўлгани ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.

“Сейтер нафақат Трамп Тауэрда Храпунов билан ўғирланган пулларни ювишни муҳокама қилиш учун учрашди, қолаверса, эҳтимолий сармоя масаласини муҳокама қилишлари учун Иляс билан Доналд Ж.Трампнинг учрашувини ҳам ташкил қилди”, дейилади шикоятда.

Сейтернинг қаерда экани номаълумлиги боис¸ ундан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

10 йилдан кўпроқ Дональд Трампнинг шахсий адвокати бўлган Майкл Коэн Конгресс олдида сўроқ бераётиб, БТА ўзини Аблязовни жавобгарликка тортиш мақсадида ёллаганини айтганидан сўнг¸ Қозоғистоннинг ўтмишдаги энг йирик банки АҚШ матбуотида тилга тушди.

БТАнинг Нью-Йоркда истиқомат қилувчи адвокати Коэн айтганларни тасдиқлади ва унинг 2017 йили ёллангани эътироф қилди. Айни пайтда¸ банк номидан қилинган баëнотда Коэннинг “ҳеч бир эътиборга лойиқ иш қилмагани ва БТА тез орада у билан келишувни бекор қилгани” айтилди.

Коэн Манҳэттендаги федерал прокурорлар ва махсус прокурор Роберт Мюллер қўйган айбловларга иқрор бўлганидан сўнг Намояндалар палатаси олдида сўроқ беришга мажбур бўлган эди.

Коэн дастлабки сўроқ пайтида Москвада Трамп Тауэр биноси қурилиши лойиҳаси ҳақида Россия ҳукумати вакиллари билан ўтказган музокаралари вақти ва давомийлиги ҳақида ёлғон гапирганини тан олди.

Ўша лойиҳа БТАнинг судга киритган даъво аризасида ҳам тилга олинади.

XS
SM
MD
LG