Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2018, Тошкент вақти: 02:43

Ўзбек элчилари Ўзбекистонга кунига иккитадан турист юбора оладими?


Берлиндаги Халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистонни реклама қилган ўзбек қизлари.

“1 февралдан бошлаб элчиларнинг тизими ўзгаради¸ вазифаси ўзгаради. Манга ҳар куни иккита турист юборсангиз¸ шу ҳам инвестиция”¸ деди 22 декабрь куни парламент ва халққа қилган йиллик мурожаатида президент Шавкат Мирзиëев.

Элчилар “кунига икки турист”ни қандай олиб келмоқчи?

Мурожаати давомида элчихоналарни киноя билан “сиëсат билан” шуғулланиб¸ иқтисод¸ инвестиция масалаларини иккинчи ўринга туширганликда айблаган президент танқидидан кейин¸ Озодликка маълум бўлишича¸ хориждаги элчихоналар ўз “бизнес плани”¸ “йўл хариталари”ни тузмоқда.

Европа мамлакатларидан биридаги ўзбек элчихонаси ходимларидан бирининг микрофонсиз суҳбатда айтишича¸ президент мурожаатидаги гап бир йилдан бери айтилаëтгани учун¸ катта янгилик бўлмаган. Элчихоналарда йил давомида туризмни ривожлантиришга оид иш режаси тузилган ва унга кўра асосий эътибор маҳаллий сайëҳлик агентликлари билан ҳамкорлик¸ Ўзбекистон туризм имкониятларини тарғиб қилувчи тадбирлар ўтказишга қаратилган.

Туркиядаги Ўзбекистон элчихонасининг туризм учун масъули Озодлик мухбирининг президент топшириғини бажариш юзасидан кўрилаëтган таклиф ва режаларга оид саволига “расмий мурожаат билан чиқсангиз¸ расман жавоб оласиз”¸ деган жавоб билан чекланди.

Озодлик бундай савол билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассиси¸ Тошкентдаги йирик сайëҳлик ширкати ва ўзбекистонлик таҳлилчига мурожаат қилди.

Президент томонидан “Ўзбектуризм”дан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига айлантирилган тизим расмийси¸ сайëҳликни давлатга катта инвестиция олиб келадиган соҳага айлантиришга қаратилган иш муттасил бораëтганини тацкидлади.

“Чехия ҳам бир кунда туристлар учун жозибадор бўлиб қолмаган. Соҳада мавжуд муаммоларнинг ҳаммасидан хабаримиз бор¸ уларни ҳал қилиш учун иш қилинаяпти. Тугаëтган йилнинг 9 ойидаги ўсиш 26 фоизга етгани тўғри йўлдан кетаëтганимизни кўрсатади”¸ деган қўмита мутахассиси аниқ рақамларни бериш сўровини рад этди.

Муаммолар ўша-ўша

Тошкентдаги¸ асосан ривожланган давлатлардан келаëтган сайëҳларга хизмат кўрсатувчи хусусий сайëҳлик агентлиги раҳбари Озодлик билан суҳбатда¸ президент бир йилдан бери туризмни ривожлантириш ҳақида тинимсиз гапираëтганига қарамай¸ асл вазиятда сезиларли ўзгариш йўқлигини билдирди.

“Ўзбекистонга¸ асосан¸ европалик пенсионер-қариялар Тошкент учун эмас¸ Самарқанд¸ Бухорониям бир кўрай¸ деб келади. Афросиëб тезюрар поездини қўйдик¸ дейишади. Лекин қачон қарасанг¸ бу поездга группа учун билет топиш муаммо. Бир томонига топилса¸ қайтишига йўқ. Самолëт қиммат¸ унинг бориб-қайтиш вақтлари турист учун қулай эмас. Енгил машинада олиб борай десак¸ йўлда туалет¸ санитария қоидаларига мос овқатланиш жойлари йўқ. Туркиядан келганлар¸ йўлда тўхтаб¸ таҳорат оламиз дейди¸ шароит йўқ. Туалетга кириб¸ қусгудай бўлиб чиқади. Элементар шароит ҳалиям йўқ¸” дейди ривожланган давлатлардан келаëтган туристлар билан ишловчи туррфирма раҳбари.

Бу суҳбатдош Тошкент аэропортидаги шароитнинг ëмонлиги¸ билетлар қимматлиги¸ меҳмонхона ва ресторанлар тизимининг ривожланган давлатдан келувчилар стаандартига мос эмаслиги каби муаммоларни тилга олди.

“Туалет учун ким масъул¸ билмайман. Лекин наҳотки Европадагига ўхшаб¸ катта магистраль йўл бўйларида тўхташ учун тоза-озода жойлар қилиб¸ ўша жойда ҳам тамаддихона¸ ҳам тоза ҳожатхона¸ ҳам оëқнинг чигалини ëзадиган обод жой қилиш шунча қийин! Маҳаллий ҳокимликлар қилиши керак деб ўйлайман. Менга қолса¸ туалет ташкил қилишни хусусий фирмаларга берсин¸ чорасини топар”¸ дейди йиллардан бери туристлар билан ишлаëтган агентлик раҳбари.

Ташвиқот ва тадбир билан турист кўпаядими?

Йиллардан бери Европада яшаб келаëтган ўзбекистонлик таҳлилчи¸ Мирзиëевнинг туризмни тўғридан-тўғри инвестиция даражасида талқин этаëтганини олқишлайди.

Айни пайтда¸ бу суҳбатдош¸ бир йилдан бери таклиф этилаëтган таклиф ва чораларнинг Ўзбекистонни сайëҳлар тиғиз мамлакатга айлантиришига ишонмаслигини айтади.

Дейлик¸ дунëни кўришга¸ танишга қизиққан европалик Ўзбекистонга боришни ният қилди. Биринчиси¸ виза масаласи. Ривожланган мамлакат аҳолиси бу масалада жуда инжиқ¸ виза даҳмазаси борлигини эшитиши билан ниятидан қайтади. Майли турагентсто орқали визага ҳужжат топшириб¸ унга 40 евро тўлашга рози ҳам бўлди¸ виза олди ҳам¸ дейлик. Кейинги босқич¸ Ўзбекистонга билет масаласи. Европадан Тошкентга “Ўзбекистон ҳаво йўллари”дан бошқа деярли бирорта авиакомпания учмайди¸ “Ҳаво йўллари”нинг монополияси бу ҳалиям. Аэропортдаги паркинг¸ авиакеросин ва катеринг нархини ниҳоятда қиммат қилганидан кейин¸ ҳеч ким учмай қўйди. Бу дегани билет қиммат¸ рейслар сийрак дегани. 1000 долларга яқин билетни олди ҳам дейлик. Келиб қўнадиган аэропортини бир тасаввур қилинг¸ Африка давлатларидагидан ҳам баттар. Тиқилинч¸ тўполон¸ юкини ололмай сарсон¸ бу ëқда паспорт¸ бу ëқда божхона¸ бу ëқда мелиса ва МХХ текшируви. Аэропортдан мустақил равишда шаҳарга бориш учун қулай транспорт тизими йўқ. Дод-вой қилиб мижоз талашадиган хусусий таксичилардан қўрқмай бўлмайди. Амаллаб отелига етиб олди ҳам. Нархи қиммат¸ оворагарчилик¸ расмиятчилиги кўп. Шаҳар айланишга чиқса¸ аксар жой¸ айниқса¸ туалетларда антисанитария. У ëғини истаганча давом эттиравериш мумкин¸” дейди Ўзбекистондаги инфраструктура вазиятини тасвирлаган бу суҳбатдош.

Бундай вазиятнинг яқин орада тубдан ўзгармаслиги ва Ўзбекистоннинг оммавий туризм манзилига айлана олмаслигини таъкидлаган бу таҳлилчи¸ туризм соҳасидаги приоритетни Европа ва Осиëнинг ривожланган бой давлатлари эмас¸ биринчи галда минтақа ва жануб-шарқий Осиë қилиб белгилашни таклиф этади.

Марказий Осиë аҳолиси 70 миллионга яқинлашиб бораяпти. Қўшниларимизнинг кўпи Самарқанд¸ Бухородаги зиëратгоҳларни кўришни орзу қилади¸ йўллар очиқ ва арзон бўлса¸ жон деб боргиси келади. Бу яна биринчи галда¸ визаларни бекор қилиш¸ Smartwings, EasyJetга ўхшаган кичик-кичик хусусий авиакомпанияларга йўл бериш¸ йўллардаги тўсиқларни олиб ташлашга бориб тақалади. Бундай қарорни эса, на Ташқи ишлар вазирлиги¸ на туризм қўмитаси бера олади. Ҳамма соҳани эркинлаштириш¸ либераллаштириш давлатнинг бош сиëсатига айланса¸ туризм ҳам бунинг самарасини сезмай қолмайди”¸ дейди бу кузатувчи.

Мирзиëев: Туризм пахтачиликдан кўра 10 баравар фойдалироқ!

Ноябрь ойида Самарқандда қилган чиқишида президент Мирзиëев 2017 йилнинг 9 ойи давомида Самарқанд вилоятига келган сайёҳлар турли хизмат ва товарлар учун жами 480 миллиард сўм сарфлаганини тилга олди.

Ваҳоланки, вилоятдаги барча фермерларнинг йил давомида оғир меҳнат қилиб етиштирган пахтаси ҳисобидан олган фойдаси атиги 52 миллиард сўмни ташкил этади. Ана шу иккита рақам мисолида ҳам ўзингиз яққол кўриб турибсизки, илгари эътибордан четда бўлган туризм – бутун халқимиз йил ўн икки ой овора бўладиган пахтачиликка нисбатан бир неча баробар кўп даромад келтиради. Бироқ, пахтачиликни кенгайтиришнинг умуман иложи йўқ бўлгани ҳолда, Самарқанднинг салоҳиятини инобатга олсак, туризмни ривожлантириш имкониятлари чексиздир¸” деди жумладан президент.

Ҳокимиятга келиши билан Мирзиëев соҳани ривожлантириш йўлидаги асосий тўсиқлардан экани айтиб келинган икки муаммони ҳал қилишга қаратилган қарорлар қабул қилди.

2016 йилнинг 2 декабрь куни Мирзиëев “Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони билан 2017 йил 1 апрелидан 15 мамлакат ватандошлари¸ шунингдек 12 давлатнинг 55 ёшдан ошган сайёҳлари учун Ўзбекистонга кириш учун виза тартибини бекор қилди.

Аммо орадан 20 кун ўтиб - 22 декабрь кунги бошқа бир фармон билан президент Мирзиëев бу қарор ижросини 2021 йил 1 январга қадар кечиктирди.

Reuters агентлиги ўз дипломатик манбаларига таяниб¸ бу қарорнинг МХХ раиси Рустам Иноятов босими остида бекор қилинганини хабар қилди.

Айни шунингдек президент Мирзиëев 30 июнь кунги қарори билан Тошкентда жорий йил қурилиши бошланиши белгиланган қарийб янги миллиард долларлик янги халқаро аэропорт лойиҳасини тўхтатиб қўйди. Уйи бузиладиган юзлаб оила маломатига қолишни истамаган президент қарори билан янги аэропорт қуриш ўрнига¸ ҳозирги “Восточный” (янги номи Ислом Каримов) аэропорти базасида фуқаро авиациясининг замонавий комплекси барпо этиладиган бўлди.

Озодликка бу қарор ортидаги сабабларни изоҳлаган ҳукуматга яқин мулозим¸ янги аэропортга ажратилган ҳудуд Ўзбекистон бошқарувида таъсири кучли шахслар бизнесига тааллуқли бўлгани боис¸ қурилиш ана шу шахслар босими остида бекор қилинганини билдирди.

XS
SM
MD
LG