Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:00

Бинали Йилдирим. Туркиянинг кейинги бош вазири бўлишга чоғланган одам ким?


Туркия транспорт ва алоқа вазири Бинали Йилдирим.
Туркия транспорт ва алоқа вазири Бинали Йилдирим.

Туркиянинг иқтидордаги Адолат ва тараққиёт партияси ижроия қўмитаси 19 май куни амалдаги транспорт ва алоқа вазири Бинали Йилдиримни партия раислигига номзод ўлароқ кўрсатди. Йилдирим номзоди партиянинг 22 май куни ўтказилажак қурултойида маъқулланиши керак.

Анъанага мувофиқ, Туркияда мамлакат парламентида кўпчиликни ташкил қилган партия вакили бош вазир курсисини эгаллайди.

Бинали Йилдирим жорий ой бошида Адолат ва тараққиёт партияси раиси ҳамда бош вазир лавозимидан истеъфога кетган Аҳмед Довудўғлининг ўрнига келиши кутилмоқда.

Йилдирим Истанбул техник университетининг Кемасозлик ва денгиз фанлари факультетини битирган, кейин эса Скандинавия ўлкаларида тажриба оширган.

Бинали Йилдирим Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг 22 йиллик “қадрдони” (Эрдўғон Истанбул мэри бўлиб ишлаб юрган пайтлардан бери) бўлиб ҳисобланади. У Эрдўғон томонидан 2001 йилда тузилган Адолат ва тараққиёт партиясининг ҳам асосчиларидан биридир.

Бинали Йилдирим (чапда) "қадрдони" Ражаб Тоййиб Эрдўғон (марказда) ва собиқ бош вазир Аҳмед Довудўғли (ўнгда) билан.
Бинали Йилдирим (чапда) "қадрдони" Ражаб Тоййиб Эрдўғон (марказда) ва собиқ бош вазир Аҳмед Довудўғли (ўнгда) билан.

Йилдирим 2002 йилдаги сайловларда Адолат ва тараққиёт партияси ғалаба қозониб, парламентда кўпчилик ўринларни эгаллаганидан кейин транспорт вазири этиб тайинланган. У ўнлаб нақлиёт лойиҳаларига, шу жумладан, Бўғоз кўприги лойиҳаларига раҳбарлик қилган.

2004 йили поезд издан чиқиб кетиши билан боғлиқ фожеа ортидан мухолифат уни истеъфога кетишга ундаган, бироқ Йилдирим бу талабни рад этган.

Бинали Йилдирим ва божасининг исми 2013 йил декабридаги “катта пора жанжали”да тилга олинган. Ўшанда айрим прокурорлар Адолат ва тараққиёт партиясига мансуб ҳукумат мулозимларни коррупцияда гумонлагандилар.

Бу жанжалдан сўнг прокурорларнинг ўзлари ҳибсга олинган, ҳукумат амалдорларига қарши қўзғатилган жиноят ишлари эса тўхтатилганди. Эрдўғон ва унинг партияси вакиллари бу айбловлар ҳозир АҚШда яшаётган дин олими Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги “параллел давлат”нинг уйдирмаси эканини иддао қилган.

“Миллионлар одами”

Мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси раҳбари Камол Қиличдорўғли 2014 йили Бинали Йилдиримни Адолат ва тараққиёт партиясига маблағ жалб қилиш учун тендерларда ғолиб чиққан пудратчилардан пул йиққанликда айблаган.

Қиличдорўғли иддаосига кўра, Йилдирим ATV телеканали ва Sabah газетасини сотиб олиш учун пудратчилардан 630 миллион доллар ундирган. Кейинчалик прокурорлар бу пуллар иқтидордаги партия томонидан ноқонуний йиғилгани ва сарфланганини урғулаганлар. Эрдўғон ва партиядошлари эса бу айбловларни рад этадилар.

Йилдирим Туркияда 2012 йилдан жорий қилинган президентлик тизимининг феълан иккинчи бош вазирига айланади.

Сўнгги йилларда Эрдўғон “президентлик ижроия тизими”ни ёқламоқда. Бу тизим бош вазирга эҳтиёжни йўқ қилиб, мамлакат президентига янада кенгроқ ваколатлар бериши мумкин.

Бу иш амалга ошиши учун уни референдумда кўпчилик ёқлаши керак. Гарчи Адолат ва тараққиёт партияси парламент сайловларида 50 фоиздан кўп овоз олиб келган бўлса-да, бу миқдор ҳокимият тизимини алмаштиришмақсадида конституцияга ўзгартиш киритиш учун кифоя эмас.

Мухолифат қаршилиги кучайганига қарамай, Эрдўғон президентлик тизимини жорий қилиш бўйича режасини амалга оширишда қарорли. Бу Бинали Йилдиримнинг ҳаммоҳиятан салафи Аҳмед Довудўғли каби Туркия ҳукуматида катта таъсирга эга бўлолмаслигини англатади. Эрдўғон эса аввалгидек барча муҳим қарорларни қабул қиладиган ва мамлакат бошқаруви учун жавобгар бўлган асосий шахс бўлиб қолаверади.

Бинали Йилдирим таржимаи ҳолига оид тафсилотларни (турк тилида) бу ерда ўқишингиз мумкин.

Аббос Жаводий мақоласи

XS
SM
MD
LG