Линклар

Шошилинч хабар
11 июл 2020, Тошкент вақти: 19:31

Бош вазир қароридан сўнг ун савдоси монополияга айланди. Бутун бошли туманларда ун тарқатиш битта шахсга берилди


Арзонлаштирилган ўзбек унини олиш учун¸ карантин ва ижтимоий масофаланиш талабларига қарамай¸ юзлаб одам тўпланмоқда.

Бош вазир Абдулла Арипов 15 апрель куни ўтказган йиғилишда короновирус пандемияси шароитида “республика аҳолисига давлат ресурслари ҳисобидан ун маҳсулотларини тизимли ва кафолатли етказиб бериш чора-тадбирлари” белгиланди.

Бу тадбирлар доирасида республика ун заводларининг ўз маҳсулотини эркин равишда биржада сотиши тўхтатилди.

Бунинг ўрнига ҳокимликлар тузган рўйхат бўйича айрим тадбиркорларга ун заводларидан арзонлаштирилган унни олиб¸ уни аҳолига ўз хизмат ҳақини қўшган ҳолда тарқатиш тизими жорий этилди. Бу рўйхатга кириш¸ мазкур соҳада бизнес юритиб келган тадбиркор учун ҳаëт-мамот масаласига айланди.

Авваллари биржадан ун олиб¸ уни сотиб келган тадбиркорлар¸ ҳокимликлар эшиги олдида тизилиб¸ ўзларининг расмий рўйхатга киритилишини сўрай бошлади. Аммо бу имтиëз баъзи районларда 4-5 ширкат эгасига берилган бўлса¸ Хатирчи ва Учқудуқ каби туманларда фақат битта – маҳаллий ҳокимларга яқин тадбиркорларга берилди.

Навоий вилояти¸ қолаверса Хатирчи туман ҳокимлиги мулозимлари бундай монополия имтиëзи ҳақида маҳаллий тадбиркорлар Озодликка билдирган эътирозларга жавоб беришни истамади.

“Ўздонмаҳсулот” бошқарув тизимига алоқадор мулозим эса¸ Бош вазир қароридан кейин заводдан унни қайси тадбиркор олишини фақат ҳокимликлар белгилаши¸ компаниянинг бу жараëнга алоқаси йўқлигини билдирди.

200 минг аҳолиси бор Хатирчида арзон унни олиб-сотиш ваколати фақат бир тадбиркорга берилди

Ҳокимлик босимидан қўрққан хатирчилик тадбиркорлардан бири Озодлик билан суҳбатда икки йилдан бери биржадан ун олиб¸ уни сотиш билан шуғулланиб келганини айтади. Айни пайтда тадбиркор¸ кичик новвойхона очиб¸ бизнесини йўлга қўйган.

Бош вазирнинг 15 апрель кунги қароридан сўнг¸ у каби тадбиркорларнинг биржадан ун сотиб олиши вақтинча тўхтатилди. Давлат ҳисобидан арзонлаштирилган баҳода чиқариладиган унни заводдан олиб-сотиш ҳуқуқи бутун туман бўйича битта тадбиркор – Алишер Ҳамроевнинг “Олтинсой савдо” МЧЖсига берилди.

Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Одил Ҳасанов қўл қўйган рўйхатнинг Озодликка юборилган нусхаси¸ бу маълумотни тасдиқлайди.

Навоий вилояти ҳокимининг ўринбосари тасдиқлаган имтиëзли унчи тадбиркорлар рўйхати.
Навоий вилояти ҳокимининг ўринбосари тасдиқлаган имтиëзли унчи тадбиркорлар рўйхати.

Унда аҳолиси 38 мингга яқин бўлган Учқудуқ туманида ҳам¸ аҳолиси 200мингга яқинлашган Хатирчи туманида ҳам “Навоийдонмаҳсулот” АЖсидан ҳукумат белгилаган нархда ун олиш ҳуқуқининг биттадан МЧЖга берилгани кўрилади.

- Навоий вилоятининг бошқа туманларида ун савдоси тадбиркорлари бир нечта. Лекин бизнинг Хатирчи туманида битта фақат Алишер Ҳамроев. Туман ҳудуд катта¸ тоғли-даштли жой. Баъзи қишлоқлар марказдан 70 км. масофада. Ун олиб тарқатишни қанча кўп тадбиркорга берса¸ шунча яхшимасми. Ҳозир ун устида тўполон бўлиб ëтипти. Нега фақат битта тадбиркорга берилганини қандай тушунишни билолмай қолдик. Ҳамроевни рўйхатга Хатирчи туман ҳокимлиги киритган. Ҳокимликдан сўрасам¸ сиз янги тадбиркорсиз¸ бу ваколатни эскиларга берамиз¸ деди. Лекин эскилардан ҳам бошқа ҳеч ким киритилмади. Менинг ҳозир на савдом бор¸ на новвойхонам. Ун йўқлигидан иккаласи ҳам тўхтаб қолди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда рўйхатга киритилмаган тадбиркорлардан бири.

Ўзини Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Одил Ҳасанов ëрдамчиси деб таништирган мулозим¸ вилоятдаги “Навоийдонмаҳсулот” ва "Қизилтепа ун заводи"дан чиқаëтган уннинг Бош вазир белгилаган нархда махсус рўйхатдаги тадбиркорларга тарқатилаëтганини тасдиқлади.

Бу рўйхатнинг қайси мезон орқали тузилгани¸ унга киритилган тадбиркорлар қандай танлангани¸ бу рўйхатга киришда коррупция ва таниш-билишчилик бўлаëтгани ҳақидаги танқидларга жавоб сўралганда мулозим¸ уларга ярим соатдан кейин батафсил жавоб берилишини билдирди.

Аммо бу ваъдадан сўнг 24 апрель куни қилинган ўнлаб телефон қўнғироқларига Ҳасанов ëрдамчиси жавоб бермади.

Хатирчи туман ҳокимлиги мулозимлари ҳам 200 минг аҳолига карантин пайтида арзон унни олиб-сотишнинг фақат битта тадбиркорга берилгани сабабини изоҳлашни истамади.

Уннинг эркин савдодан олиниш сабаби нима?

Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти ҳукумат жорий қилган карантин даврида уйидан чиқмай ўтиргани боис¸ айниқса¸ камбағал қатламнинг асосий егулиги бўлган нон учун зарур арзон унга талаб кучайиб кетди.

Карантин даврида ун нархи ошишини тўхтатиш мақсадида ҳукумат "Ўздонмаҳсулот" заводларида ишлаб чиқарилаëтган маҳаллий ун нархини белгилаб берди.

(Қозоғистондан импорт қилинадиган ун нархининг бозорларда кескин кўтарилиб кетгани айтилмоқда.)

15 апрель куни йиғилиш қарорига кўра¸ "Ўздонмаҳсулот" АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари томонидан барча тоифадаги истеъмолчиларга 1 кг. олий навли ун - 3619 сўм, 1-навли ун - 2485 сўм, 2-навли ун - 2550 сўмдан сотилиши шарт қилинди. Бу нархлар устидан назорат ўрнатиш Давлат солиқ қўмитаси ва Бош прокуратурага¸ умумий жараëн эса¸ Давлат хавфсизлик хизмати назоратига топширилди.

15 апрель кунги ҳукумат йиғилиши Баëни

Давлатга қарашли “Ўздонмаҳсулот” АК мутасаддиларидан бири 24 апрель куни Озодлик билан суҳбатда¸ республикадаги ун заводларининг карантингача бўлган қувватда ишлаëтгани¸ ун тақчиллиги муаммоси йўқлигини иддао қилди.

Уннинг биржадаги эркин савдодан олиниб¸ фақат ҳокимликлар танлаган тадбиркорлар орқали аҳолига сотилишини¸ бу мулозим¸ карантин даврида аҳолига қулайлик яратиш¸ тадбиркорларнинг нархни кўтариши олдини олиш учун қилинган чора сифатида изоҳлади.

- Бу рўйхатга қайси тадбиркорнинг¸ қайси талаб билан киритилаëтганидан бехабармиз. Бу рўйхатни ҳокимликлар тузаяпти. Коррупция бўлаëтган бўлса¸ ҳокимликлар жавоб берсин¸ деди ўзини таништирмаган “Ўздонмаҳсулот” мулозими.

Ун сотишни ДХХ назоратига топшириш ажиотажни камайтирмади

15 апрель кунги ҳукумат мажлиси баëнида ëзилишича¸ аҳолини давлат ресурслари ҳисобидан арзонлаштирилган ун билан таъминлаш тизимига жалб этилган барча идоралар фаолияти устидан ДХХ назорати ўрнатилган.

"Мазкур вақтинчалик тартиб ижросини таъминлашга жалб этилган вазирликлар, идоралар ва махаллий ҳокимликлар Давлат хавфсизлик хизматига сўралган маълумотларни такдим этиб боради"¸ дейилади жумладан расмий баëнда.

Озодликка кейинги кунларда келаëтган видеохабарлардан ҳукумат қароридан сўнг аҳолига давлат белгилаган нархда ун етказиб беришнинг тизимли таъминланмаëтганини кўрсатади.

Вилоятлардан юборилаëтган видеоларда маҳаллаларда давлат нархида олиб келинаëтган унни олиш учун юзлаб одамнинг ҳатто тунда тўпланиб тургани¸ ун олиб келган машиналар атрофининг оломон томонидан ўраб олинаëтгани¸ бу унни ким олишини белгилаëтган маҳалла раислари билан тортишувлар юзага чиқаëтгани кўрилади.

Ун учун жанжал
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:02 0:00

“Ўздонмаҳсулот” АК мулозими¸ ун заводларида аҳоли эҳтиëжига етадиган маҳсулот ишлаб чиқарилаëтгани¸ маҳалла ва ҳокимликлар тузган рўйхат асосида ҳар бир ҳудудга сўралган миқдорда ун етказиб берилаëтганини билдирди.

Давлат белгилаган нархдаги уннинг аҳолига ҳар хил нархда сотилаëтганини шарҳлай олмаслигини таъкидлаган АК мулозими¸ бу иш билан солиқ ва прокуратура ходимлари шуғулланаëтганини таъкидлади.

24 апрель куни ЎзА агентлиги гаплашган Давлат солиқ қўмитаси матбуот котиби Елена Исмаева ун маҳсулотлари биржа савдосида тўхтатилганидан кейинги бир ҳафта ичида 55,2 миллиард сўмлик 21,8 минг тонна ун сотувга чиқарилганини билдирди.

Ўтказилган назорат тадбирларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан фуқароларга ун маҳсулотларини ноқонуний сотиш ҳолатлари бўйича 33 ҳолатда ҳуқуқбузарлар аниқланди. 11,6 тонна тегишли ҳужжатлари бўлмаган ун маҳсулотлари олиб қўйилди”¸ деган Исмаева.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаëт Шамсутдинов эса¸ арзонлаштирилган уннинг ҳар бир қопига 5 сўмдан қўшимча нарх қўйиб сотган шўрчилик маҳалла раисига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини билдирган.

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси карантин шароити бўлишига қарамай тизимдаги барча корхоналари, жумладан, 50 дан ортиқ тегирмон цехи тўла қувватда ишламоқда. Улар кунига 6000 тоннагача ун ишлаб чиқариш қувватига эга”¸ дейилади давлат агентлиги хабарида.

Шарҳларни кўринг (5)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG