Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2019, Тошкент вақти: 03:31

Пентагон АҚШ қўшинларини Суриядан олиб чиқиш тўғрисидаги буйруқни имзолади


АҚШ қўшинлари билан Сурия демократик кучлари Суриянинг Туркия билан чегараси яқинида патруллик қилмоқда (архив сурати).

Пентагоннинг маълум қилишича, Суриядан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш ҳақидаги буйруққа қўл қўйилди. Президент Доналд Трамп 19 декабрь куни берган баёнотида АҚШ қўшинларини тўлиқ олиб чиқиш режасини баён қилган эди, деб хабар қилади АҚШ ахборот воситалари.

Сурия бўйича буйруққа қўл қўйилди, ‒ деди Пентагон матбуот котиби 23 декабрда бошқа тафсилотларни очиқламай.

Маълум бўлишича, Суриядан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш тўғрисидаги буйруқни истеъфога чиқаётган вазир Жеймс Мэттис имзолаган.

Трамп 19 декабрда Твиттерга жойлаштирилган видеосида Сурияда амалиётлар олиб борган Ислом давлати (ИД) террорчилик гуруҳини "енгдик" деб айтди ҳамда уруш домида қолган мамлакатдан АҚШ қўшинларини уйга қайтариш хусусида кутилмаган баёнот берди.

Суриядан қўшинларни олиб чиқишга ҳали эрта деб ҳисоблаётган республикачи ва демократ қонун чиқарувчилар, ҳукуматнинг собиқ етакчилари ва халқаро иттифоқчилар Трампни танқид қилиб чиқди.

АҚШ қўшинлари Сурияга 2015 йили ИДга террорчиларига қарши курашаётган араб ва курд иттифоқчиларига ёрдам бериш мақсадида жойлаштирилган эди.

Кўплаб мухолифлар АҚШ қўшинларининг тез олиб чиқиб кетилишини курд иттифоқчиларига нисбатан сотқинлик бўлиши ва улар қўшни турк қўшинлари назоратига тушиб қолишини айтмоқда.

Расмий Анқара ўша жангчиларни Туркияда фаолият олиб бораётган курд исёнчиларига алоқадорликда айблаб келади.

АҚШ қўшинларини олиб чиқаётганини танқид қилувчилар бу билан Вашингтон ғалабани Эрон ва Россия қўлига топшириб қўйяпти, деб иддао қилмоқда.

Франция президенти Эммануэл Макрон 23 декабрда Трампнинг қароридан "чуқур таассуфда экани"ни, "иттифоқчи ишончли бўлиши кераклиги"ни айтди.

Трампнинг айрим тарафдорлари уни фикридан қайтаришга ҳам урин кўрди.

Трамп қарорини ошкор қилгандан сўнг мудофаа вазири Мэттис унинг ташқи сиёсатига норозилик белгиси сифатида эгаллаб турган лавозимидан истеъфо берди.

АҚШнинг "Ислом давлати"га қарши кураш бўйича глобал коалициядаги вакили Бретт Макгурк ҳам лавозимидан кетишини билдирди.

Сурияда 7 йилдан бери фуқаролар уруши давом этмоқда.

Президент Башар Асадни Россия билан Эрон қўллаб-қувватлаяпти.

Қўшма Штатлар билан Туркия ҳукуматга қарши курашаётган турли гуруҳларга ёрдам беряпти.

ИД эса барча бошқа гуруҳларга қарши жанг қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG