Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2018, Тошкент вақти: 18:34

Фарғона вилоят, Фарғона туман ҳуқуқ-тартибот органларидан олинган маълумотга қараганда, ўтган йил 19 декабрда Фарғона шаҳрида ўзини журналистман, деб таништирган Н. А. ҳибсга олинган.

Маълум бўлишича, 61 яшар шахс Фарғона шаҳридаги “Дўстлик” меҳмонхонаси ёнида вилоятнинг Фарғона туманидаги 32-боғча мудирасидан 800 доллар миқдорида пора олаётган пайтда прокуратура ва МХХ ходимлари томонидан ушланган.

32-болалар боғчаси мураббийларидан бирининг айтишича, Н. А. декабрь ойи бошида ушбу муассасага текширувга бориб, қиш-баҳор мавсумига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етарлича жамғарилмаганини аниқлаган.

Н.А. қиш-баҳор мавсумидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари заҳирасини шакллантириш борасидаги аҳволни ўрганиш учун боғчамизни текширишга келди. “Тафсилот пресс” газетаси муҳаррири эканини айтиб, ҳужжат кўрсатди. Режада кўрсатилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жамғарилганлиги ҳолати матбуотда ёритмаслик эвазига 1500 АҚШ доллари талаб қилди. Биз бу ҳақда тегишли органларни хабардор қилдик,“ деди исми сир қолишини сўраган бошланғич таълим муассасаси ходимаси.

Фарғона туман ҳуқуқ-тартибот органларидан бирида ишловчи ходим маълумотига қараганда, олинган маълумот асосида “қўшма тадбир” амалга оширилган:

19 декабрь куни олинган маълумотларга асосан Фарғона туман Миллий хавфсизлик хизмати прокуратура қошидаги Департамент ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган қўшма тадбир давомида “Тафсилот Пресс” газетаси муҳаррири А. Н. С. 800 АҚШ долларини Фарғона шаҳар “Дўстлик” меҳмонхонаси олдида олган вақтда ушланди,” деди у.

Унинг сўзларига кўра, қўлга олинган шахс устидан тергов жараёнида порахўрлик бўйича бошқа ҳолатлар ҳам аниқланган.

Фарғона вилоят Тергов бошқармасига жўнатганимиздан кейин ҳолатлари озгина кўпайиб, бошқа туман, вилоят ҳудудларидаям шу турдаги жиноятни содир этганлиги бўйича маълумотлар бўлгани аниқланди. Шу сабабли Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаментига юборилди,” деди у.

Ходимнинг қўшимча қилишича, текширув жараёнида “Тафсилот пресс” номли газетанинг умуман мавжуд эмаслиги маълум бўлган.

Озодлик Ўзбекистондаги Оммавий ахборот воситалари реестрида ҳам “Тафсилот пресс” номли газета йўқлигини аниқлади.

Воқеадан хабардор Тошкентдан ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, ҳибсга олинган шахс охирги пайтларда турли оммавий ахборот воситаларига тижорий реклама бериш истагида бўлган ширкатлар билан ҳамкорлик қилган:

- Мен Фарғонада бир журналист ҳамкасбимиз қамалипти, деган гапни эшитгандан кейин кўпчилик журналистлардан унинг қаерданлигини билгандан кейин, қишлоқдошларидан сўрадим, лекин, афсуски, кўпчилик уни танимади. У билан аввал ишлаган журналистлардан сўраганимда, бу журналист газета ва журналларда кейинги пайтларда пайдо бўлган бизнес ва тижорат бўлимларига пул тушириш билан шуғулланганини айтишди. Яъни, ҳомийлик ва реклама асосида туширилган пуллардан маълум бир фоизини олиб тирикчилик қиладиган ходим бўлган экан, - деди Абдураҳмон Ташанов.

XS
SM
MD
LG