Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:11

Рейд ўтказилган кафе мижози: “Тунда 6 соат совуқ кўчада ушлаб туришди”


Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги “Jizzax sity” кафесидан 3 март куни кечқурун милиция ходимлари томонидан зўравонлик билан олиб чиқиб кетилган хўрандалардан бири Озодликка мурожаат қилиб, у ерда бўлган воқеа тафсилотларини гапириб берди. Кафе мижози милиция ходимлари у ва бошқа хўрандаларнинг истеъмолчи сифатидаги ва инсоний ҳуқуқлари қўпол равишда поймол қилганига ўзи гувоҳ бўлганини айтди.

"Кафега меҳмон олиб борган эдим"

“Водийдан келган танишларимни меҳмон қилмоқчи бўлдим, кўчага чиқдик. Таксичидан, “ака яхши таомлар қаерда бор”, деб сўрасак, “Жиззах” кафесини айтди ва ўша ерга олиб борди. Кириб ўтирдик. Соат 9 яримлар эди. Шашлик заказ қилдик. Узоғи билан орадан 20 минут вақт ўтди. Шашликни олиб келиб, столга қўйди. Энди қўл узатиб, оламиз деганда гурр этиб, итлари билан 15-20 чоғли милиция ходимлари кириб келди”, деди хўранда.

“Емаган шашликка пул тўладик”

Воқеа гувоҳининг айтишича, милиция ходимлари ҳаммага овқатни пулини официантга тўлашни буюрган:

“Милиция “ҳеч ким жойидан қимирламасин”, деб буйруқ берди. Итларини оралатиб столларни, хўрандаларни ҳидлатиб чиқди. Кейин ҳамма овқатини пулини официантга тўласин, деди. Биз пластик карточка билан тўлаймиз десак, “терминал ишлатишга вақт йўқ, тез-тез нақд тўлаларинг”, дейишди. Шундай қилиб, емаган овқатимиз пулини нақд тўладик. Сўнгра ҳаммани битта-битталаб, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин қўлини қайириб “Исузи” автобусига тиқа бошлади, охирида кафе раҳбари ва хизматчиларини ҳам тиқишди, хуллас қарийб юз нафар, тўрт автобус одам бўлдик. Ҳа, яна бир детал: кафедаги идиш ювувчи бир аёлнинг 8-9 ёшлардаги бир боласи ҳам бирга экан. Ҳатто шу аёлни ҳам боласи билан автобусга тиқишди”, дейди воқеа гувоҳи.

“Тонгга қадар бизни очиқ кўчада, совуқда ушлаб туришди”

Хўранданинг айтишича, уларга жуда қўпол муносабатда бўлганлар:

“Бизни Чилонзор тумани ички ишлар бўлимининг ҳовлисига олиб кириб автобусдан туширишди. Кейин битта-битталаб тепага олиб чиқиб бармоқ изи олди, расмга туширди, Тошкентда пропискаси йўқ меҳмонларни жарима қилди ва яна қайтариб ҳовлига чиқариб қўйди. Шундай қилиб эрталаб, соат 5 гача бизни совуқ кўчада ушлаб туришди. Андижонлик бир ўқитувчи хизмат сафари ҳужжатини кўрсатган эди, милиция ходими уни йиртиб ташлади”, дейди хўранда.

Унинг айтишича, уларни нима сабабдан ушлаб келингани ҳақидаги савол берган кишилар изоляторга ташланган:

“Бир йигит қайси қонун асосида бизни ушлаб келдиларинг, деб сўраган эди, изоляторга олиб кириб кетишди. Орамизда қонунни яхши биладиган бир йигит бор экан. Қаттиқ-қаттиқ гапириб, президент номини тилга олиб сўраган эди, “биз маълумот беришга мажбур эмасмиз. Маълумот керак бўлса, эрталаб раҳбариятга ариза билан мурожаат қиласиз”, деди хўранда.

“Бу профилактика эмас, босқинчилик бўлди”

Воқеа гувоҳининг айтишича, ички ишлар идоралари томонидан жамоат жойларида профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида Ўзбекистон президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорини зудлик билан чиқариш керак. Акс ҳолда, дейди у, ватандошларнинг ҳуқуқлари поймол этилиши давом этаверади:

“Масалан, ўша жойда милиция ходимлари бирор жиноят ёки бошқа нарсани устига бостириб келишмади, балки тинчгина дам олиб, овқатланиб ўтирган айбсиз одамларни ушлаб кетишди. Бу зўравонликдан бошқа нарса эмас. Мен сизларнинг мақолангизга Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари берган раддияда 25 нафар фоҳиша ушланди, деб ўқидим. Мен билмайман, уларнинг кимлигини, лекин ўша куни ким биландир ўтирган бу аёллар ҳеч қандай интим ҳаракат қилгани йўқ ёки биттаси билан жимоъ қилгани йўқ. Қаердан била қолди уларнинг фоҳиша эканлигини, улар? Иккинчидан, раддияда 30 нафар судланган одам борлиги аниқланди, дейилган. Ие, илгари судланган, қилган гуноҳи учун жазосини олган одам, овқат ейиши мумкин эмасми, кафега кириши мумкин эмасми? Қани мантиқ? Милиция ходимларининг бундай зўравонлигини жиловловчи бир тартиб аниқ қилиб белгиланмас экан, бу ҳолатлар яна давом этаверади”, деди 3 март куни бўлиб ўтган воқеа жабрланувчиларидан бири.

Озодлик Чилонзор тумани Қатортол кўчасида жойлашган “Jizzax sity” кафесидан Тошкент шаҳар милицияси қарийб 100 одамни ушлаб олиб кетганлиги ҳақида хабар берган эди.

Бу хабардан кейин орадан бир кун ўтиб, Ўзбекистондаги Интернет нашрларида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг Озодлик мақоласига раддияси эълон қилинди.

Дониёр Тошхўжаев жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика кунига бағишланган брифингда "Озодликда ёзилганлар ҳақиқатдан йироқ"лигини айтиб, расман раддия беришга тайёр эканини, Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилаётган ҳаракатлар қонунга зид эмаслигини билдириб, буни асослаб бермоқчилигини айтган.

Озодлик 10 март куни эрталаб, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари, тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаевнинг қабулхонаси билан боғланиб, Озодлик микрофони Тошхўжаев учун очиқлигини билдирди.

Расмий мурожаатимизни 252-55-06 телефони орқали қабул қилиб олган милиция мулозими, Озодлик телефонларини ёзиб олди ва бу маълумотни Дониёр Тошхўжаевга етказганидан сўнг, унинг ўзи Озодлик билан боғланишини айтди.

Аммо ўтган икки кун давомида Озодликка Тошкент ИИББдан қўнғироқ бўлмади.

XS
SM
MD
LG