Линклар

Невара марҳум ҳоким бобоси уйини тунашда босқинчи ёллаганликда гумонланяпти


Самарқанд вилоят, Нарпай туман собиқ ҳокими, марҳум Акбар Жамиловнинг уйига 11 майга ўтар кечаси қора ниқобли номаълум шахслар бостириб кириб, уй эгаларидан пул беришни талаб қилган. Уйдаги кекса аёл пул йўқлигини айтиб, бақирганидан сўнг босқинчилар қочиб кетган. Вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, босқинчилар бир неча кун ичида қўлга олинган, босқинни марҳум ҳокимнинг невараси уюштирган.

Нарпай туманида қарийб 10 йил ҳоким бўлиб ишлаган марҳум Акбар Жамиловнинг хонадонига 11 майга ўтар кечаси ниқобли босқинчилар бостириб киргани ҳақида Озодликка ҳоким яшаган Мираброр маҳалласида истиқомат қилувчилардан бири хабар берди:

“Бу воқеанинг бўлганига қарийб бир ой бўлди. Оддий ўғриликда, деб ўйлагандик. Лекин, энди эшитишимизча, бу босқинчиликнинг ташаббусчиси ҳокимнинг ўз невараси экан дейишяпти”, дейди нарпайлик.

Суҳбатдош ўша кунги воқеа тўғрисида гапираркан, бундай деди:

“Ҳоким бовани уйига налёт бўпти деган гапни биз ўша куннинг эртаси эшитдик. Қўшниларнинг айтишича, босқинчилар нинзяга ўхшаб қора ниқобда бостириб кириб, уйдагиларнинг оғзини скочлаб пул талаб қилган экан. Чунки бир неча кун олдин Акбар Жамиловнинг фарзандларидан бири отаси ҳокимлигида қурдирган хусусий заправкасини сотган экан”, деди нарпайлик.

Самарқанд вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг исми сир қолишини сўраган мулозими бу воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 164 – "Босқинчилик" моддаси билан иш қўзғатилганини айтар экан, боқинчиларни ёллашда собиқ ҳокимнинг банкда ишлайдиган 25 яшар невараси гумонланаётганини айтди:

“Акбар Жамиловнинг невараси бу босқинчиликни уюштирганликда гумонланяпти. Тергов сири юзасидан унинг исмини ошкор қилмайман. Бу невара ҳеч қаерда ишламайдиган Нодир ва Бахтиёр исмли икки йигитни ўз момосини тунашга ёллаган. Ўша тунда улар юзларига қора ниқоб тақиб, бостириб кирган. Уйда ўша куни кекса онахон невараси билан бўлган. Босқинчилар неварани гаровга олиб, пулни топиб бермасанг, ўлдирамиз, деб қўрқитган. Бундан қўрқиб кетган онахон жуда ҳам қаттиқ бақирган ва босқинчилар қўрқиб, қочиб кетишган. Уйдан ҳеч нарса олишолмаган. Вилоят ва туман ички ишлар ходимлари ўтказган тезкор тадбир давомида босқинчилар икки кунда қўлга олинди. Улар бу уйга Акбар Жамиловнинг невараси наводкаси билан боргани ҳақида кўрсатма беришган. Ҳозир гумонланувчиларнинг барчаси Нарпай тумани ички ишлар бўлимида сақланмоқда. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан ҳам терговчилар келган”, деди мулозим.

Унинг айтишича, Акбар Жамилов қарийб ўн йил давомида Нарпай тумани ҳокими бўлиб ишлаган. Ўша пайтда Ўзбекистон Бош вазири бўлиб ишлаган Шавкат Мирзиёев бу одам билан яхши муносабатда бўлган.

2004 йилда Акбар Жамилов ишдан бўшатилган.

Бир неча йил олдин Акбар Жамилов вафот этганда, унинг жанозасига шахсан Шавкат Мирзиёевнинг ўзи келгани айтилади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG