Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:19

Ўзбекистонда ноҳақ айбланганларга оқланиши учун йўл очилади


7 январ куни Ўзбекистон прокуратура тизими ходимлари билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев судга оширилган ишларни маҳкамадан қўшимча терговга қайтариш амалиётига мутлақо чек қўйилишини айтди. Президент республика прокурорларидан бу борада қабул қилинган фармон ижросини таъминлашни сўради.

Суддан қўшимча терговга қайтариш тўхтатилади

8 январь - Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни арафасида соҳа вакиллари билан учрашган президент жиноят ишини суддан қўшимча терговга қайтариш институти батамом тўхтатилиши, бу борада қабул қилинган фармон ижроси таъминланишини таъкидлади:

“Суднинг иши оқни оққа, қорани қорага ажратишдан иборат. Айби тасдиқланмаганларга нисбатан оқлов ҳукмни чиқариш ҳолатлари учун ҳам йўл очилади. Оқлов чиқдими, прокурор жазолансин, деган тизимдан воз кечиш керак. Бу нотўғри, эскидан қолган иллат бу”.

Бу тузилмани иши фақат жазолашдан иборат бўлган "репрессия органи" деб атади. Президент йиллар давомида шаклланган "яроқсиз" иш услубини йўқотиш учун тизимга янги, ёш кадрлар олиб келинаётгани, 2017 йилдан бошлаб прокурорлар ишини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилишини айтди.

Қуйида президент нутқининг бошқа муҳим жиҳатлари билан танишишингиз мумкин.

Прокурорлар иши рейтинг асосида баҳоланади

Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари билан учрашган президент бу йилдан бошлаб, республикадаги прокуратура ходимларининг иши рейтинг асосида баҳолаш тизими орқали назорат қилинишини айтди:

"Ҳар бир вилоятда 10 та прокурор бўлса, биринчи ким охиргиси ким? Буни қандай аниқлайсиз? Рейтингда баланд бўлган ходимлар рағбатлантирилади, паст ўринни олганлар хайфсан олади, рейтингга тушамаган ишдан олинади. Шунда адолат бўлади”.

Аммо, янги тизим қандай ишлайди – прокурорлар иши қандай баҳоланади, уларга конкрет ким баҳо беради – бу ҳақда президент ҳозирча тўхталмади.

7 минг тадбиркор иши қайта тикланди

Президент сўнгги икки йил ичида ўтказилган назорат тадбирларида 13 мингдан ортиқ тадбиркор ҳуқуқи ҳимоя қилингани, 7 мингдан зиёд тадбиркорнинг иши қайта тикланланганини маълум қилди.

Унинг билдиришича, республика бўйича қайд этилган жиноятлар тергови жараёнида 1 триллион 859 миллирад сўмлик зарар ундирилган.

Прокуратура жиноятнинг оқибати билан курашмасин

“Кўрилаётган чораларга қарамасдан нима учун қонун бузилиши кескин камаймаяпти?.. Кейинги 2 йилда прокуратура органлари томонидан 254 мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. Афсуски, кўп ҳолларда прокурор назорати ҳуқуқбузарлик содир этилганидан сўнг намоён бўлмоқда. Прокурорлар жиноятнинг олдини олиш эмас, оқибати билан курашяпти. Жиноятнинг олдини олиш керак!” деди президент.

Виртуал қабулхонага 311 шикоят тушди

Мирзиёевга кўра, сўнгги 2 ой ичида унинг Виртуал қабулхонасига 311 минг мурожаат келиб тушган:

“Ҳар учтадан биттасида ижтимоий соҳадаги ўткир масалалар кўтарилган. Иш ҳақи, пенсияни кечиктириш, ижтимоий ҳимоя учун ажратилган бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштириш, талон-тарож қилиш давом этиб келаётгани ҳамммизни ташвишга солиши шарт”, деди президент.

41 миллирад 300 миллион сўм халққа нотўғри тўланган

“5 минг 925 та фуқаролар йиғинида кам таъминланган оилалар учун ажратилган 41 миллирад 300 миллион сўмга яқин нафақа ва моддий ёрдам пули ноқонуний тўлангани аниқланган. Нақд пулнинг банкдан ташқари айланишига боғлиқ салбий ҳолатларга қарши етарли даражада кураш олиб борилмаяпти”, деди президент.

Прокуратуранинг 1040 ходимига 3 ой маош берилмаса...

“Прокуратура қошидаги департамент... афсуски, департамент ва унинг жойлардаги бўлимлари ишни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Тизимингизда (Тик турган департамент бошлиғига қарата айтилмоқда – таҳр.)1 минг 40 та одамингиз бор. Лекин ҳеч қандай назорат йўқ, натижа йўқ. Агар сизларга 3 ой ойлик тўламайлик, нималар бўлади?! Сизга бир ой муҳлат, Бош прокурор билан бирга битта нарса қилиш керак”, деди президент.

Прокурор оналар ўлими ҳақида жар солсин!

“Оналар ўлими бўйича Сурхондарё Саидов, Фарғона Абдураҳмонов, Хоразм Турдиев, гўдаклар ўлими Тошкент вилояти Фазийев, Сирдарё Облоқуловда кўпаймоқда. Оналар ва гўдаклар ўлими ҳақида нимага вилоят, шаҳар, туман прокурорлари жар солмайди? Патронаж нега ўз вақтида бўлмаган? Нимага дўхтир ўз вақтида қарамаган? Қалам билан ёзинглар, энди жавоб берадиган вақт келди”, деди президент.

Дарвоқе, президент вилоятлардаги вазиятни танқид қилар экан, муттасил равишда ўша вилоят прокурорининг исмини тилга олди.

Банкирни жазога тортиш принципи қани?

“Нега дебиторлик қарзининг олдини олмайсиз? Бу нима дегани, бу - ўғирликнинг олдини олиш дегани. Миллион-миллион бўлиб кетаяпти қарз, справка берасизлар?! Бунинг олдини олиш қани, қани судгача етказиш? Қани бир марта электр тўлови интизомини бажармаган банкирларни районга чақириб, мана қонун - ё вақтида берасан ё жиноий жавобгарликка тортиласан, деган принципиал позиция қани?” деди президент.

Аҳолининг коммунал тўловдан қарзи ошяпти

“Коммунал тўловлардан умумий қарздорлик Тошкент вилояти Файзиев, Жиззах Муҳамеджанов, Андижон Эгамбердиев, Сирдарё Облоқулов, Тошкент шаҳри Қудратхожаевда ошиб кетган. Худо хайрингни бергурлар, электр ишлаб чиқариш, газ ишлаб чиқаришга давлат қанча инвестиция беряпти. А у (аҳоли – таҳр.) ишлаб чиқарётган нарсага пул тўламаса? Қонун поспонлари – прокурорлар қаёққа қараган? Яна бир бор огоҳлантириб айтаман, бу масалада бошқалар каби прокурорлар ҳам жавоб беради”, деди президент.

Одамлар 4 минг гектарга ноқонуний уй қурволган

Президент ердан ноқнуний фойдаланиш сурати ошаётганини ҳам айтди:

“Ўтган йил қарийб 7 минг 665 гектар ер майдонидан ноқонуний, мақсадсиз фойдаланилган. Шундан 4 минг гектарига одамлар ҳеч қандай қарорсиз уй солвоган. Ҳоким, Геодез-кадастр раҳбарлари томонидан 74 минг гектардан зиёд ер ноқонуний ажратиб берилган,” деб мисол келтирди Мирзиёев.

Халқ адолатли прокурорни яхши танийди

“Агар прокуратура ва бошқа тегишли идоралар ўз вазифасини виждонан қонуний бажарганида эди, Халқ қабулхоналарини ташкил қилиш мажбур бўлмасдик... Агар сизларнинг эшигингиз очиқ бўлганда, улар сизга борарди. Мен пастда ишлаган одамман, яхши биламан - одамлар прокурор адолатли бўлса, бу прокурорни отасига раҳмат, адолатли, дейди. Халқ билади, қайси прокурор қандай қадам қўйишини”, деди президент.

2 йилда 209та ноқонуний текшириш ўтказилган

Президент тадбиркорлик субъектларида ноқонуний текшириш ўтказиш ва уларнинг ишига асоссиз аралашиш ҳолатлари учраётганини айтди:

“Охирги 2 йилда давлат органлари томонидан 209 та ноқонуний текшириш ўтказилган. 702 та ҳолатда уларнинг ишига асоссиз аралашилган... Катта корхоналар қурадиган давр ўтиб бўлди, фақат кичик тадбиркорликни ривожлантириш керак. Иккитагина иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман. 30 кунда бир марта тадбиркорларни чақириб: “Раҳмат сизга, яна 10 та одамни ишлата оласизми?” десангиз, “Ишлата оламан”, дейди”, деди Мирзиёев.

Жиноятнинг 35 фоизи ишсиз ёшлар ҳиссасига тўғри келади

Прзедиентга кўра, вояга етмаганлар орасида жиноят даражаси 7,8 фоизга камайган. Аммо, академик лицей, касб-ҳунар коллежи ва олий ўқув юртларда давомат ёмонлашган:

“Битирувчиларнинг кейинги тақдири ва уларни ишга ждойлаштиришдаги кўзбўямачиликка прокурорлар принципиал муносабат билдирмаяпти. Жиноятларнингг 35 фоизи ёшлар ҳиссасига тўғри келади. Ҳар йили 35-40 минг нафар ёшлар, жумладан, 3 ярим минг хотин-қиз жиноят содир этаётгани барчани ташвишга солиши зарур”, деди президент.

Вояга етмаганлар орасида бочқинчилик кўпаяпти

Президент республика бўйлаб босқинчилик кўпайётгани, буни асосан, вояга етмаганлар содир этаётгани, бунга эса уларнинг қаровсиз ва ишсиз қолгани сабаблигини айтди.

Президент, шунингдек, битирувчи ёшларнинг ишга жойлаштирилиши ҳақидаги ҳисоботларга сохта маълумотлар қўшилаётганини алоҳида таъкидлади:

“Андижон, Наманган вилоятларида жиноят содир этганларнинг ярми ишсиз, Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида ишсизларнинг ҳар учтадан биттаси жиноят қилаяпти”.

Қидирувдаги 12 минг 249 нафар шахс қўлга олинмаган

Президентнинг айтишича, Андижон вилояти, Қорақалпоғистон республикасида жиноятлар сони ошган, ўтган йилда жиноятларнинг 6 минг 440 таси очилмаган:

“Қидирувда бўлган шахсларнинг 12 минг 249 нафари - 55 фоиздан ортиғи қўлга олинмаган. Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона вилоятларида ана шундай жиноятлар сони юқори ва қидирувдаги шахсларни топиш энг паст даражада”.

Прокуратуранинг 7 ходими жиноят қилди

Мирзиёевга кўра, сўнгги ики йил ичида прокуратуранинг 7 ходими жиноят содир этган. 2016-2017 йилларда хизмат вазифасини талаб даражасида бажармаган ёки ножўя ҳаракат содир этган 643 ходим интизомий жазога тортилган:

“441 ходим ишдан озод этилган. Жиззах, Сирдарё, Хоразм, Қорақалпоғистон республикаси прокурорлари ишдан бўшатилган. 29 та туман прокурори ишдан озод этилди, прокуратуранинг 11 ходими органдан чиқарилди...”

Раҳбарлар ҳисоботини халқ депутатлари эшитади

“2017-йилдан бошлаб, тегишли раҳбарлар ҳисоботини халқ депутатлари кенгаши сессияси муҳокамасига киритиш тартиби жорий этилади. Ҳар ойда 10 - 12 кун давомида депутат ва сенаторлар ижро ҳокимияти, прокуратура ва ИИВ ходимлари ишини жойларда ўрганади, халқ депутатлари кенгаши сессиялари муҳокама қилинади”, деди президент.

Нутқи сўнггида президент ҳар бир районда адолат муҳити таъминланиши кераклиги бунинг учун прокурорлар масъуллигини таъкидлай туриб: "Районда адолат муҳтининг ҳиди кимдан келади – биринчи прокурордан келади", деди гулдирос қарсаклар остида.

XS
SM
MD
LG