Линклар

Узун қурилиш моллари бозоридаги ёнғинда ёш йигит нобуд бўлди


4 апрель куни Бувайда деҳқон бозори ҳам ёниб кетган эди

Сурхондарё вилояти Узун туманидаги қурилиш моллари бозорининг омборида 23 май куни эрталаб содир бўлган ёнғин оқибатида 19 яшар сотувчи нобуд бўлди, икки киши куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди. Бу маълумотни Узун тумани ҳокимлиги тасдиқлади. Расмийларнинг биринчи тахминича, ёнғин электр симларининг қисқа туташувидан келиб чиққан. Воқеа сабабларини туман прокуратураси ўрганмоқда.

Узун туманидаги қурилиш моллари бозорининг омбори ёниб кетганлиги ҳақида, ёнғин гувоҳи бўлган узунликлардан бири Озодликка хабар қилди:

“Қурилиш моллари сотадиган бозорнинг омборхонаси сешанба куни эрталаб ёниб кетди. Олов шу даражада катта бўлдики, омборхона бир зумда ёниб кул бўлди. Строймаркетни бошлиғининг укаси Жуманазар деган одамнинг ўғли омборхона ичида қолиб куйиб кетибди, яна уч-тўрт киши жароҳат олибди. Ўт ўчирувчилар келиб ўчирганда омборхонанинг темир устунларидан бошқа ҳеч нарса қолмади”, деди воқеа гувоҳларидан бири.

Қурилиш моллари бозори бошқа бир сотувчисининг Озодликка айтишича, воқеа содир бўлган пайтда сотувчи омбор ичида харидорларга мол бераётган бўлган:

“Бу бозорнинг эгалари ака-укалар. Улардан бирининг 19 яшар ўғли Аслиддин сотувчи эди. У иккита клиентни омборхона ичкарисига олиб кириб мол кўрсатаётган пайтда, омборхонанинг кириш эшиги яқинида ёнғин чиққан. Бу жойда тез ёнадиган моллар – бўёқлар, тол, пластик товарлар бўлган. Билмадим, ёнғин шунчалик тез кўтарилганки бояги икки харидор бир қанча жойлари куйиб, зўрға қочиб чиқишга улгурган. Аслиддин эса ичкарида қолиб кетиб, нобуд бўлган”, деди сотувчи.

Узун тумани ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозими сўзларига кўра, ўт ўчирувчилар ёнғин электр симларининг қисқа туташувидан чиққани ҳақида хулоса чиқарган:

“Ўт ўчирувчиларнинг айтишларича, кириш жойида улар алюминий сим билан мис сим қўшилган ҳолда монтаж қилинган ҳолатни аниқлаганлар ва ўт шундан келиб чиққани тахмин қилиняпти. Лекин, шундай катта омборнинг захира чиқиш эшиги йўқлиги, бу ёнғинни олдини олиш қоидаларига хилоф эканлиги, бирламчи ўт ўчириш воситалари йўқлиги ҳам бу ёнғинда одам қурбон бўлишига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бу ҳолатларни ҳозир туман прокуратураси ўрганмоқда”, деди ҳокимлик мулозими.

Узун тумани шошилинчи тиббий ёрдам касалхонасининг шифокори Исмоил Зиёдуллаев ёнғиндан жабр кўрган икки кишининг аҳволи қониқарли эканлигини айтди:

“Бу одамларнинг куйиш даражаси оғир эмас, 5-6 фоиз. Қўллари ва бир оз юз қисми куйган. Ҳозир касалхонада даволаняпти”, деди шифокор.

Сўнгги пайтда Ўзбекистон бозорларида ёнғин чиқиш ҳолатлари кўпайди.

19 майга ўтар кечаси Сурхондарё вилоятининг Денов туманида жойлашган “Ҳабиб” бозори ёниб кетган эди.

4 апрелга ўтар кечаси эса Фарғона вилояти Бувайда туманидаги деҳқон бозорида чиққан ёнғин юздан ортиқ тадбиркорни хонавайрон қилган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG