Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:54

Ўқувчилар учун дафтарда Беруний Ибн Синога айланиб Навоий ëшини яшади


Беруний расмини қўйиб Абу Али ибн Сино деб ëзилган дафтар
Беруний расмини қўйиб Абу Али ибн Сино деб ëзилган дафтар

Тошкентдаги Мирзо Улуғбек номли Ўзбекистон Миллий университет фойесидаги дўконда сотилаётган 12 варақли дафтар муқовасига Берунийнинг тасвири туширилган бўлиб¸ остига Абу Али Ибн Сино деб ëзилган.

Муқовадаги ҳатони кўриб Озодликка ҳабар қилган Университетнинг филологоя факультетида ўқийдиган Жамшиднинг айтишича¸ дафтар университет фойесида бир ҳафтадан бери сотилмоқда:

- Мамлакатнинг энг катта ўқув даргоҳида сотилаëтган дафтар варағи устида бир эмас учта хато бор. Муқовадаги сурат остига Абу Али ибн Сино деб ёзилган. Аслида эса суратда Абу Райҳон Беруний тасвирланган. Кейин расм остига ибн Сино яшаб ўтган йиллар 1441-1501 деб берилган. Зотан Абу Али ибн Сино 980-1037 йилларда яшаб ўтган. Учинчи ҳато эса лотин ëзувида ëзилган Ибн Сино сўзидаги б харфи лотинча эмас кирилча ëзилилган¸ дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошга кўра¸ сурат Абу Райҳон Берунийники, дафтар муқовасида келтирилган исм – Абу Али ибн Сино. Яшаб ўтган йиллар эса на Берунийга ва на ибн Синога тегишли.

- 1441-1501 йилларда эса улуғ шоиримиз Алишер Навоий яшаган. Аммо нега Навоийга оид бу рақамлар адашиб қолганига ҳайронман¸ дейди суҳбатдош.

Озодликка маълум бўлишича¸ чоршанба куни Миллий университетнинг маънавий ишлар бўйича проректори “хатоли дафтар” воқеасидан ҳабар топиб дўкончига устида имло хатоси бор бу дафтарларни сотмасликни буюрган.

Университетдаги Озодлик манбаларига кўра дўконнинг бевосита университет раҳбарига бўйсунмаслиги маълум бўлди:

- Дўкон ижарага олинган. Ижара шартномасида дўкончининг ассортиментига университет раҳбариятиниг аралашуви кўзда тутилмаган. Лекин дўкончи муроса қилиб дафтарларни сотувдан олди. Дўкончи бу дафтарларни “Шарқ” нашриëтига қарашли складдан олган экан. Дафтарнинг ортида ҳам “Шарқ” нашриëтида чоп қилинган деган ëзув бор¸ дейди манба.

Озодликнинг “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясидаги манбаси бу дафтарнинг айни нашриëтда чоп қилинганлигини тасдиқлади:

- Нашриëт редакторларидан хато ўтган. Асли бу техник хато. Раҳбарият хато муқовали дафтар воқеасидан хабардор. Сиздан бошқалар ҳам эътироз билдирди. Ҳозир омборларни текшириб кўряпмиз. Сотилмай қолган дафтарлар бўлса қайта муқовалашга жўнатамиз¸ дейди манба.

Шу ўринда манба мактаб учун дафтар китоблар умуман “Шарқ” нашриëтида босилишини ва баъзи бир ширкатлар ўз яширин цехларида ҳам дафтар тикиб сотаëтганига эътибор қаратди.

- Дарсликлар¸ кундалик ва синф дафтарлари чиқариш билан биздан бошқалар ҳам шуғулланишади. Улар бизни грифни ўз махсулотига безбетларча қўйиб қўйишади. Сиз айтган дафтарни шунақа цехларда тикилгани эхтимоли бор. Албатта текширамиз¸ дейди манба.

Таниқли ношир¸ академик Анвармирзо Ҳусаиновнинг Озодликка айтишича¸ бундан олдин мактаб дафтарлари устига рекламалар жойлангани ва киноюлдузлари тасвири туширилгани танқид қилингани ортидан дафтар муқоваларига алломалар тасвири тушириш амалиëти бошланган:

- Энди буни техник тушунмовчилик деб қўя қолайлик. Бу тарздаги саводсизлик миллатимиз учун уят. Лекин тўғирласа бўладиган ҳато. Бу ҳато яна бир марта бизга мутафаккирларимизни эл таниши ва танигандаям туғилган ва ўлган йили ҳақида аниқ маълумотга эга эканлигини кўрсатди. Элимиз бепарво эмаслигидан мамнунман¸ дейди ношир.

Озодлик бу дафтар расмини ижтимоий тармоқ муҳокамасига олиб чиққанида хато топувчилар сони ўнлаб экани аëн бўлди.

Дафтар муқовасига мутафаккирлар расми ва улардан иқтибос қўйиш совет даврида ҳам мавжуд эди.

XS
SM
MD
LG