Линклар

Шошилинч хабар
21 январ 2020, Тошкент вақти: 01:52

ЎФА ВА ПФЛ "Қўқон-1912" стадионидаги ҳодисалар бўйича суриштирув бошлади


Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси (ЎФА) ва Профессионал Футбол Лигаси (ПФЛ) расмийлари 22-26 май кунлари “Қўқон-1912” клубининг “Бухоро” ва “Қизилқум” жамоларига қарши ўйинлари давомида ва ўйинлардан кейин юз берган ҳодисалар юзасидан суриштирув бошлади.

Суриштирувнинг бошланишига Озодлик веб-саҳифасида “Мирзиёев қудасининг ўғли футбол ҳакамлари ва мураббийларга босим ўтказмоқда” деган сарлавҳа остидаги мақоланинг нашр этилиши сабаб бўлган.

Бу ҳақда Озодликка ПФЛ президентининг маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев 29 май куни маълум қилди.

28 май куни нашр этилган Озодлик мақоласида Ўзбекистон Суперлигасининг сўнгги икки турида мамлакат президенти оиласига яқин тадбиркор Ойбек Умаровнинг назоратчилар ва мураббийларга босимлар ўтказгани бир қатор гувоҳлар, улар қаторида ҳакамлар ва мураббийларнинг айтганларига таяниб, билдирилган эди.

Ойбек Умаров
Ойбек Умаров

32-яшар Ойбек Умаров президент Шавкат Мирзиёевнинг кичик куёви укасидир.

Озодлик ўз мақоласини бир-биридан мустақил ўнга яқин гувоҳлар: футбол клублари аъзолари, мураббийлар, футбол расмийлари ва мухлислари билан бўлган батафсил суҳбатлар асосида ёритган.​

Аммо, Диёр Имомхўжаевнинг айтишича, УФА ва ПФЛ раҳбарияти ҳозирда Қўқонда юз берган ҳодисалар ҳақида Озодликка маълум қилганлар шахсини аниқлашга ҳаракат қилмоқда:

- Сиз 9 одам номини беркитаяпсиз. Сиз беркитаётган одамлар ​ким у? Нима мақсад билан айтаяпти, қанақа ғараз билан айтаяпти, биз билмаймиз-ку - деди Диёр Имомхўжаев. ​

Унинг айтишича, иккала ўйиндан кейин ҳакамлар олиб келган ўйин протоколларида уларга босим бўлгани тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

Бироқ хавфсизлик нуқтаи назаридан исмлари сир қолишини сўраган Озодлик суҳбатдошлари сўнгги икки турда "Қўқон-1912" мезбонлик қилган ўйинлар пайтида ва ўйинлардан сўнг Ойбек Умаров ҳакамлар, комиссарлар ва мураббийларни ҳақоратлаган, уларга очиқча босим ўтказган ва уларни “Қўқон-1912” жамоасининг мағлубиятида айблаганини айтиб берган.​

Айни дамда ПФЛ мулозими президент Мирзиёев кичик куёвининг укаси, Ойбек Умаровга нисбатан ҳозиргача ҳеч қандай чора кўрилмаганини эътироф этди:

- Ҳозир протоколга ҳеч ким, ҳеч нима ёзмаган бўлса, ҳеч ким жалоба қилмаган бўлса, биз кимга чора кўришимиз кераклигини тушунмаяпман. Қўқонга чора кўриш керак бўлса, чора кўрамиз. Лекин, билмаймиз-ку нима қилганини конкретно, - деди Диёр Имомхўжаев

Аммо, исми сир қолиш шарти билан суҳбатлашган ПФЛ ҳакамларидан бири Ўзбекистон футболи раҳбариятини бепарволикда айблади:

"Ҳеч нарса юз бераётгани йўқ. Ҳеч қандай чора кўрилмади. Шунчаки, футболга, хусусан ҳакамларга ҳурматсизлик юз бераяпти. Қўқонда кимгадир ҳукм суришга изн беришди ва у, акасининг ортига ўтиб олиб, ўзини шаҳар тўраси деб ҳисоблай бошлади," - деди ПФЛ ҳаками.

ЎФА ходимларидан бирининг аноним тарзда билдиришича, Озодликда чиққан мақола ассоциацияда "жуда катта резонанс" уйғотган:

"Ҳамма хурсанд. Ойбек Умаровнинг хат-ҳаракатлари ҳамманинг жонига теккан эди. Энди қандайдир чора кўрилишига умид пайдо бўлган," - деди ЎФА ходимларидан бири.

Озодлик ўз мақоласида илгари сурилган даъволар юзасидан "Қўқон-1912" футбол клубидан ҳозирча муносабат ололмади.

Шарҳларни кўринг (9)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG