Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2019, Тошкент вақти: 23:22

Ўзбекистондаги Ҳизб ут-Таҳрирнинг "cобиқ амири" ҳизбдан чиққанини эълон қилди


Ҳафизулло Носиров

Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган Ҳизб ут-Таҳрир фирқасининг илк раҳбарларидан бири Ҳафизулло Носиров ушбу фирқани тарк этганини эълон қилди.

Озодлик ихтиёрига келиб тушган видеотасвирда 47 яшар Ҳафизулло Носиров бундай қарорга "узоқ ўйланишлар, ўта зиддиятли кечинмалар ва кўплаб истиҳоралардан сўнг" келганини айтди.

У ўзини "кўплаб инсонлар ҳаётига масъулиятсизлик билан" ёндашганликда айблайди.

1997-1999 йиллар мобайнида Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги амири бўлган Ҳафизулло Носиров Тошкентда 1999 йил 16 февралда содир этилган портлашлардан кўп ўтмай ҳибсга олинган ва 2000 йил март ойида 20 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Фаолияти Марказий Осиё давлатларида тақиқланган Ҳизб ут-Таҳрир дунёдаги барча мусулмон давлатларини ягона Халифаликка бирлаштириш мақсадида фаолият кўрсатишини айтиб келади.

Ички мақсадлар

Ҳафизулло Носировнинг баёноти ёзилган видеони Озодликка йўллаган ўзбекистонлик диндорнинг маълум қилишича, Ҳафизулло Носировнинг “ўз сафдошларига йўллаган баёноти” ички ишлар ходимлари томонидан ноябрь ойи бошларида ёзиб олинган.​

Озодлик суҳбатлашган Ички ишлар вазирлиги юқори мулозимларидан бири Ҳафизулло Носировнинг видеоси "ички мақсадларда фойдаланиш" мақсадида ички ишлар ходимлари томонидан ёзиб олинганини айтди.

"Ҳизб ут-Таҳрир амири билан видео ички ишлар ходимларига ички мақсадларда фойдаланиш учун ёзиб олинган. Бу видеони тарқатиш режаси йўқ эди. Лекин, ходимлардан бири интернетда қўйиб юборганга ўхшайди," деди ички ишлар мулозими.

Зиддиятли ички кечинмалар

Ҳафизулло Носиров Ҳизб ут-Таҳрирдан чиқиш қарорини қамоқхоналарда "жазо муддатини ўтаётган сафдошлар"ига мурожаатнома сифатида тақдим этади:

Узоқ муддат жазони ижро этиш мобайнида, айниқса, сўнгги йилларда узоқ ўйланишлар, ўта зиддиятли ички кечинмалар ва кўплаб истиҳоралардан сўнг, 2017 йил январь ойида Ҳизб ут-Таҳрир аъзоси сифатида унинг дастури нотўғри эканини тушуниб етиб, ҳизбий фаолият олиб боришдан воз кечганим ҳамда ҳизб сафини тарк этганимни расман эълон қилдим. Сўзимнинг тасдиғи сифатида ушбу мурожаатнома билан озодликдан маҳрум этиш ўринларида жазо муддатини ўтаётган сафдошларимга мурожаатнома йўлламоқдаман," - дейди Ҳафизулло Носиров.

Видеомурожаатда Ҳафизулло Носиров, шунингдек, ўзи бир пайтлар Ўзбекистонда раҳнамоси бўлган фирқани танқид остига олишга қарор қилганини таъкидлади:

"Маълум бўлсинки, Ҳизб – бу дин дегани эмас. Ҳизбни тарк этиш диндан чиқиш каби даҳшатли ёки мазҳабни тарк этиш каби хатарли иш эмас... Ҳизб ут-Таҳрир ўз фаолияти давомида кўплаб зарурий аҳкомлар қолиб, сиёсий масалаларга кўп эътибор берди, сиёсий масалаларни бош масала қилиб кўтарди. Бунинг натижасида ҳам кўплаб муаммоларнинг келиб чиққани бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас," дейди Ҳафизулло Носиров.

Ҳизб ут-Таҳрирнинг собиқ амири "кўплаб инсонлар ҳаётига масъулиятсизлик билан" ёндашганликда айблайди.

"Инсонлар тақдирига масъулиятсизлик билан ёндошганим, бунинг орқасидан кўплаб оғир оқибатлар келиб чиққанини кўриб даҳшатга тушдим," дейди Ҳафизулло Носиров.

Халифалик орзуси

Сурхондарё вилояти Денов туманида диндор оиласида таваллуд топган Ҳафизулло Носиров, видеомурожаатда шахсан ўзи эътироф этишича, Ҳизб ут-Таҳрир фирқасига 1997 йилдан 1999 йил охирига қадар раҳбарлик қилди.

Уч фарзанднинг отаси бўлган Ҳафизулло Носиров 1999 йил 16 февралида Тошкентда 16 инсон ҳаётига зомин бўлган портлашлардан кўп ўтмай ҳибсга олинган эди.

2000 йил мартида Гулистон шаҳрида суд уни конституцион тузумга тажовуз қилиш, ноқонуний ташкилот тузиш ва яна бир қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этди.

Айни маҳкамада иштирок этган Озодлик мухбирининг эслашича, суд ҳукмидан олдин сўнгги сўзни олган Ҳафизулло Носиров мусулмон давлатларида ягона Халифалик қуриш орзусини билдирган эди.

Яқинларидан бирининг айтишича, 2018 йил баҳорида "ҳукуматдан одамлар келиб, "ўғлингиз яхши, кузда чиқиб қолса ажаб эмас" деб кетишган".

Шарҳларни кўринг (19)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG