Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:32

UzGazOil ёнилғи қуйиш шохобчалари номидан воз кечилди


Ўзбекистонда UzGazOil автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари қайта номланадиган бўлди. Бу ҳақда Озодликка "Ўзбекнефтегаз" МХКнинг исми сир қолишини истаган мулозими маълум қилди.

Мулозимга кўра¸ шу пайтгача UzGazOil тижорий тамғаси остида ишлаб келган АËҚШлар келаси ҳафтадан бошлаб "Ўзбекнефтегаз" деб номланади ва миллий холдинг компаниясининг фирма тимсолига эга бўлади.

Мулозимнинг айтишича¸ бу жараëн 2011 йили UzGazOil компаниясининг 100% акцияси "Ўзбекнефтегаз" МХК ҳисобига ўтказилган ва шу боис бугунги кундаги ўзгариш табиий ҳолат:

"UzGazOil давлат тасарруфига ўтган бўлса ҳам эски брендни сақлаб қолган эди. Айни пайтда эски бренд билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг мавжудлиги корхона истиқболига тўсиқ бўлмаслиги мақсадида ребрендинг қилинди. Мақсадимиз мамлакатда энг замонавий стандартлар асосида ишлайдиган ягона АЁҚШлар тармоғини яратишдир"¸ деди мулозим.

Озодликнинг UzGazOil бошқарувига яқин манбасига кўра, шу кунларда ширкатнинг Тошкент шаҳридаги аксарият АЁҚШлари янги бренд номи ёзилган лавҳаларни ясаттириб бўлган:

"Ребрендинг ортидан раҳбаримиз ҳам янги бўлишини кутяпмиз. Яъни нефтмаҳсулот бошлиғи автоматик тарзда бизнинг бошлиғимиз бўлади дейишди. Фақат номи эмас¸ балки иш услуби ҳам яхши томонга ўзгаришини истаймиз", дейди манба.

UzGazOil шохобчаларини ребрендинги ортидан ширкатнинг бош директори Ботир Тўраев ишдан бўшагани тўғрисида гап-сўзлар тарқаган эди. Озодликнинг "Ўзбекнефтегаз"даги манбаси бу иддаоларни рад этди.

“Йўқ, Ботир Тўраев ҳеч қаерга кетгани йўқ. У ҳозир ҳар куни ишга келмоқда. Ребрендингдан кейин ҳеч ким ишдан ҳам олингани йўқ. Шохобчалар ҳам оддий режимда ишлаяпти”, дейди суҳбатдошимиз.

UzGazOil 2010 йилгача Зеромакс ширкатига қарашли бўлган. Зеромакс конгломерати 2010 йилда синдирилиши ортидан UzGazOil давлатга қарашли “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинги таркибига киритилди ва ширкат раҳбарияти ўзгартирилди. 2012 йилда ширкат бош директори лавозимига аввал Зеромакс ширкатида фаолият юритган Ботир Тўраев тайинланган эди.

XS
SM
MD
LG