Линклар

Шошилинч хабар
23 январ 2021, Тошкент вақти: 23:40

Ҳоким ëлғиз онага: Бу масалангни эринг ҳал қилсин!


Маҳаллий матбуотда ëйинланган хабарларга кўра¸ жорий йил июлига қадар Ўзбекистондаги барча вазирлик ва давлат идораларига ўз ходимларини хулқ ва одоб нормаларига ўргатиш бўйича ҳаракат режаси ишлаб чиқиш топширилган. Озодлик билан суҳбатда андижонлик ëлғиз она¸ бу сабоқни, биринчи навбатда, ҳокимларга бериш кераклигини айтади.

"Қўполлик рўйхатида ҳокимлар биринчи"

Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшовчи ëлғиз она Гулноза Ҳайитова туман ҳокими қабулига ижтимоий муҳофаза истаб¸ бош урди.

Халқ билан мулоқот йилида ҳокимнинг ўз дардига қулоқ солишига умид қилиб борган Гулноза¸ амалдорнинг аëллар¸ хусусан¸ шахсан ўзига қилган қўполлигидан ҳайратга тушганини яширмайди:

- Шанба куни эрталаб соат 9 ларда борсам¸ ҳоким қабулхонасида 20 тача одам навбат кутаëтган экан. Эшик очиқ экан¸ ҳокимнинг одамлар билан қанақа гаплашаëтганини кузатдим. Эркакларга яхши¸ аëлларга менсимай муносабат қилди. Мен кирсам: “Kелинг, ўтиринг¸ нима иш билан келдингиз?” деди совуқдан-совуқ. Мен ишсиз¸ уйсиз аëлман¸ шунга вақтинчага бўлса ҳам квартира топиб бера оласизми¸ деб сўрадим. “Бу муаммонгизни эрингиз ҳал қилади¸ менмас”¸ деди. Мен хўжайиним йўқлиги учун сизнинг олдингизга келдим¸ десам¸ “Ëш экансиз¸ эрга тегинг”¸ деди. Менга шунақа муомала қиласизми¸ десам¸ “Қўлингиздан келганини қилинг¸ эшикни ташқарисидан ëпинг”¸ деб чиқариб юборди¸ дейди муаммоси ҳал бўлмаганидан кўра¸ ҳокимнинг қўпол ва беҳурмат муносабатидан ўксиган Гулноза.

Андижонлик ëлғиз онанинг ҳоким муомаласи ҳақидаги ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:29 0:00
Бевосита линк

"Агар Ўзбекистон давлат ва ҳокимият идоралари халққа беҳурматлик ва қўполлик бўйича рўйхат қилинса¸ биринчи ўринга¸ маҳаллий ҳокимларни қўйган бўлардим"¸ деб қўшимча қилади 3 ойлик чақалоғи билан кимдан ëрдам сўрашни билмай қолган ишсиз ва боқувчисиз ëлғиз она.

Одобнома дарслари

Ўзбек матбуотида ëйинланган айрим хабарларга кўра¸ вазирлик ва давлат идораларига берилган ўз ходимларини хулқ ва одоб нормаларига ўргатиш бўйича тавсияларда давлат амалдорларига аҳоли билан муносабат қилиш маданиятига оид тренинг¸ семинар ва суҳбатлар ўтказиш назарда тутилган.

Ҳозирча давлат амалдорларига ахлоқ қоидаларини ўргатиш ва уларнинг бу сабоқни амалга қандай татбиқ қилаëтганларини баҳолашга оид топшириқнинг қай шаклда¸ ким томонидан берилгани Озодликка маълум эмас.

Айни пайтда¸ президент Шавкат Мирзиëевнинг ҳокимлик ва назорат идоралари раҳбарларини халқдан узилганликда айблаб¸ 2017 йилни “Инсон манфаатлари ва халқ билан мулоқот йили” деб эълон қилгани бу ташаббус муаллифи ҳам президентнинг ўзи эканини тахмин қилишга асос беради.

- СССР пайтидагилардан янги ТошМИлар қолди. Кейинги 20 йилда сенлардан нима қолди. Фақат ғўдайиш¸ деди амалдорларнинг халқдан узилганини 7 февраль кунги чиқишида яна бир бор таъкидлаган Мирзиëев.

Йил моҳиятини халқ билан мулоқот қилиб белгилаган Шавкат Мирзиëев фармони билан бутун мамлакат бўйлаб “Халқ қабулхоналари” очилмоқда¸ ҳокимлар ва давлат идоралари раҳбарлари ҳафтада камида бир кунни оддий аҳолини қабул қилишга ажратмоқда.

“Чиройли ваъда бериш баробарида¸ ваъдани чиройли бажаришга ҳам ўргатишсин!”

Озодлик билан суҳбатда самарқандлик пенсионерлардан бири Мирзиëвнинг кунора халқ билан мулоқот ҳақида айтаëтган гапларидан кейин¸ маҳаллий амалдорлар нисбатан хушмуомала бўлиб қолганини эътироф этади. Аммо ўзи ҳам бошқарув тизимида ишлаган бу суҳбатдош амалдорларни муомала маданиятига ўргатиш баробарида¸ улар зеҳниятига ўзига топширилган вазифаларни бажариш учун масъулият анъанасини ҳам киритиш лозимлигини таъкидлайди:

- Энди юмшоқ замон бўлгани учун бошлиқлар хушмуомала бўлиб¸ халқнинг муаммоларини эшитаяпти¸ “ҳа бажарамиз¸ эшмат-тошмат” деб ваъда бераяпти. Бундан 5-6 ой олдин бизда ҳамма ëқ зўр¸ муаммо йўқ¸ деб кўксига уриб келган ҳам худди шуларнинг ўзи эди. Тушунарли¸ бунча бошлиқни бирданига ишдан бўшатиб бўлмайди. Лекин хўп-хўп деган билан халқнинг муаммолари ҳал бўлиб қолмайди-да! Қайсидир бир китобми¸ кинодами кўргандим - “қасам ич” деганда¸ менинг сўзимнинг ўзи қасам¸ деган жавобни. Яъни айтганимни бажараман¸ деган маънода. Бизнинг давлат идораларида ҳам шунақа бўлса-да энди – айтдингми¸ айтганингни бажарадиган бўл! Қилолмасанг¸ қўлингдан келмаса¸ истеъфога бергин. Халқнинг қарғишини олмасдан¸ ўзингдан билиб кет¸ бажара олмадим деб¸ дейди шахси очиқланмаслигини сўраган самарқандлик суҳбатдош.

Ўзбек матбуоти хабарларига кўра¸ халқ билан муомала қилиш сабоғини олган амалдорларнинг хулқ-атвори 2018 йил июлига қадар Бош прокуратура¸ Адлия ва Меҳнат вазирлиги томонидан махсус мониторинг қилинади ва баҳо берилади.

Бу мониторинг қандай амалга оширилади¸ амалдорнинг хулқ-атвори қайси мезонлар асосида баҳоланади¸ бу ҳақдаги тафсилотлар ҳозирча очиқланмади.

Гўшакни ташлайдиган амалдорларга ҳам тренинг бериладими?

Озодлик бу жараëнга оид тафсилотларни ўрганиш мақсадида айрим вилоят ҳокимликлари расмийлари билан боғланди.

Расмийлар¸ ҳозирча жараëнга оид тафсилотлардан бехабарликлари¸ бу масала билан ҳокимларнинг маънавият бўйича ўринбосарлари шуғулланишини билдиришди.

“Бунақа тренингларсиз ҳам ҳозир ҳоким ва амалдорларга ҳар кун халқ билан гаплашиш айтилаяпти. Ҳафтада бир кун ҳамма амалдор одамларни қабул қилаяпти"¸ деди воҳа ҳокимликларидан бири вакили.

Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасига 4 ой давомида (24 сентябрдан 24 январгача – таҳр.) келиб тушган жами 409 минг ариза ва шикоятнинг қарийб 47 минги (энг кўпи) Ички ишлар вазирлиги фаолияти билан боғлиқ.

Вазирлик расмийларига¸ улар фаолиятидан норози аҳоли билан мулоқот қилиш бўйича махсус сабоқлар ташкил этилиш-этилмаслигини аниқлаш мақсадида Озодлик мухбири ИИВ матбуот хизмати билан боғланди.

Матбуот билан гаплашишга масъул ходим мухбир гапини охирига еткизмай¸ гўшакни тарақлатиб илиб қўйди.

Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати ходими билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:31 0:00
Бевосита линк

Шарҳларни кўринг (14)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG