Линклар

Шошилинч хабар
22 январ 2021, Тошкент вақти: 14:39

Хитойда ҳайвонот боғидаги кенгуруни томошабинлар уриб ўлдирди


AFP нашрининг фотоси

Хитой жануби-шарқида ҳайвонот боғига келган шахслар у ерда яшаётган кенгурунинг эътиборини ўзларига қаратиш учун жониворга қарата ғишт отган, натижада жонивор ҳалок бўлган. Бир неча ҳафта ўтиб, бу ҳолат такрорланган, аммо бу сафар кенгуру жароҳат олган холос. Бу ҳақда Хитой давлат матбуоти хабар тарқатди.

28 февраль куни Фуцзянь вилоятидаги ҳайвонот боғида яшаган 12 ёшдаги урғочи кенгуру оёғи жиддий шикастланган. Ғишт ва бетон парчалари улоқтирилган кенгуру орадан бир неча кун ўтиб ўлган. Маҳаллий ветеринар жониворнинг буйраги ёрилиб кетгани учун ҳалок бўлганини хулоса қилган.

Бу ҳодисадан кейин бир неча ҳафта ўтиб, айни ҳайвонот боғида томошабинлар бошқа бир кенгуруга ғишт улоқтирган. Аммо бу сафар жонивор жароҳатланган холос. Ушбу ҳолатлар ҳақида ўтган ҳафтада Хитой марказий телеканали хабар тарқатди.

Телеканал сайтида чоп этилган мақолада ҳалок бўлган кенгурунинг эзилган ва деярли узилиб қолган оёғи расмларини кўриш мумкин.

Фуцзяндаги ҳайвонот боғига келган томошабинлар кенгуруларни сакраб юришга ундаш учун уларни турли йўллар билан қўзғатишга ҳаракат қилиши ҳақида олдиндан маълум бўлган.

Хабарларда айбдорлар жавобгарликка тортилганми-йўқлиги очиқланмади. Хабарларга кўра, ҳалок бўлган кенгуру танаси ҳайвонот боғида кўргазмага қўйилади, келажакда бундай нохуш ҳолатлар олдини олиш учун боғ бўйлаб хавфсизлик камералари ўрнатилади.

Хитойда ҳайвонот боғлари ва парклари яқиндан назорат қилинмайди. Мамлакат ҳайвонот боғларидаги аянчли авҳол ҳақида кўп ва хўп ёзилган.

Ўтган йилнинг июнь ойида Цзянсу вилоятида ҳайвонот боғи инвесторлари ўзаро келиша олмаганидан кейин, у ерда сақлаб келинган эшак йўлбарслар катагига киритилган, томошага келган одамлар лол қолиб, даҳшатли манзарани кўришга мажбур бўлган эди.

Бир неча ой аввал эса, Нинбо шаҳрида ҳайвонот боғига томошага келган шахс йўлбарслар инига кириши ортидан йиртқичлар уни тилка-пора қилган эди.

XS
SM
MD
LG