Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2021, Тошкент вақти: 07:35

Европа Комиссияси Россия каби фейк хабар тарқатувчиларга қарши санкция жорий қилишни режаламоқда


Европа Комиссияси Россия каби фейк хабар тарқатувчиларга қарши санкция жорий қилишни режаламоқда

Европа Комиссияси вице-президенти Вера Йоурованинг айтишича, Европа Иттифоқининг ижро этувчи қўмитаси сохта янгиликларни тарқатаётганларга, айниқса, Россия ва Хитой каби «хорижий кучларга» қарши санкция жорий этишни таклиф қилади.

Йоурова Озодликка 3 декабрь куни берган интервьюсида блок дезинформация тарқатаётганларга, айниқса, қайта-қайта бу ишга қўл ураётганларга қарши курашиши кераклигини айтди.

Йоурованинг таъкидлашича, санкциялар ЕИнинг кибер-санкция тузумига таяниши керак. Жорий йилда ушбу тизим илк марта қўлланилди. Хусусан, блокка ҳужум қилган тарафлар – биринчи навбатда Россия, Хитой ва Шимолий Корея фуқаролари ва ширкатларига қарши санкциялар жорий қилинди.

Россия дезинформациясини кузатувчи East StratCom ишчи гуруҳи 2015 йилда кузатувни бошлаганидан бери Кремль тарафдорлари дезинформациясига 10 мингта мисол аниқлаган.

Йоурова келажакда Россиянинг «Россия Сегодня» (Russia Today) ва «Спутник» каби медиа-компаниялари нишонга олиниши мумкинми, деган саволга ҳозирча аниқлик киритишни истамаслигини айтди, аммо бундай чоралар «яхши далиллар асосида мунтазам равишда дезинформация яратувчиси ва тарғиботчиси эканлиги аниқланган ҳукумат ёки нодавлат ташкилотларга» қарши қўлланилиши мумкинлигини билдирди.

Айрим ЕИ давлатлари, хусусан, Болтиқбўйи давлатлари Россиянинг «Россия Сегодня» медиа гуруҳига тегишли бўлган нашрларни тақиқлаб қўйган.

Бу орада медиа гуруҳ Дмитрий Киселёвга алоқадор эканлиги аниқланди.

Ғарбга қарши чиқишлари билан танилган телешарҳловчи Киселёв Россия 2014 йилда Қримни Украинадан аннекcия қилиб олганини қўллаб уюштирилган Кремль пропагандасидаги роли учун ЕИнинг санкциялар рўйхатига киритилган.

Киселёв асосан Россия янгиликларини ёритувчи ва чет элда олиб бориладиган расмий тарғибот учун масъул «Россия Сегодня» давлат медиа гуруҳига раҳбарлик қилади.

Йоурованинг сўзларига кўра, европаликлар айни дамда шиддатли ёлғон маълумотлар оқимига дуч келмоқда, айниқса, давом этаётган коронавирус пандемияси манзарасида.

Кейинги ҳафта ЕИда Facebook, Google ва Twitter каби онлайн платформаларни реклама сиёсати ва сохта аккаунтларга қарши чоралар шаффофлигини ошириш учун кўпроқ чора кўришга чорловчи янги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилади.

Йоурованинг таъкидлашича, бу ширкатлар ижтимоий медиа платформаларнинг «масъулияти ва жавобгарлигини» оширадиган қатъий қоидаларга риоя қилишлари керак бўлади.

Сиёсатчи бу ширкатлар ушбу мавзуда бугунга қадар Брюссель билан фақат ихтиёрий равишда ҳамкорлик қилиб келаётганини айтди.

3 декабрь куни эълон қилинган Европа демократия иш режасида 27 аъзодан иборат блок «чет эл аралашуви ва таъсир амалиётларига қарши курашиш учун барча воситаларни мунтазам равишда ишлатиши ва уларни янада ривожлантириши керак», дейилади.

Европа Комиссияси дезинформация тарқатганларга қарши санкция қўллашни биринчи марта расман таклиф қилмоқда.

Европа Комиссияси иш режасида ушбу қонун лойиҳаси «глобал миқёсда демократия, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига босим кучайиб бораётган» бир пайтда ишлаб чиқилгани эътироф этилди.

XS
SM
MD
LG