Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:40

ЎФА "Ифтихор" клуби раҳбарларини футболдан четлатди. ЁИ клуб таъсисчилари рўйхатидан чиқмоқчи (АУДИО)


"Ифтихор" ФК ва Ёшлар Иттифоқи раҳбарлари учрашуви
"Ифтихор" ФК ва Ёшлар Иттифоқи раҳбарлари учрашуви

1 июнь куни Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси (ЎФА) "Ифтихор" футбол клубининг директори Аҳрор Эргашев ва клуб мураббийи Нодир Қўзибоевни футболдан четлатди.

Бундай қарорнинг олинишига "Ифтихор" клуби раҳбарларининг клубнинг икки ҳимоячиси - Турсунбой Ҳусанов ва Ҳасан Эргашевни калтаклагани сабаб бўлди.

Оммавий ахборот воситалари орасида Озодлик биринчи бўлиб 26 май куни кечга яқин Олтиариқ туманининг "Қапчиғай" қишлоғи четида юз берган ҳодиса ҳақида ​хабар берганди.

"Ифтихор" жамоасининг ҳимоячиси, 33 яшар Ҳасан Эргашев 30 май куни Озодлик билан бўлган суҳбатда жамоа директори уни ва жамоадоши Турсунбой Ҳусановни "футбол ўйинларини рақиб жамоаларга сотишда" айблаб калтаклаганини, натижада ўзи ва жамоадоши оёқлари синганини айтган эди.

Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси (ПФЛ) сайтида тарқатилган хабарга кўра, "Аҳрор Эргашев ҳамда клуб катта мураббийи Нодир Қўзибоевнинг ушбу ҳатти-ҳаракатлари асосида суриштирув ишлари бошланган ҳамда ушбу ҳолат юзасидан айни дамда текширув давом этмоқда."

Хабарда таъкидланишича, Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов ўзбек футболида бундай хунук ҳолатлар кузатилмаслиги лозимлигини айтган.

"Юртимизда футболни ислоҳ қилиш, уни янги даражага олиб чиқиш, ўзбек футболи довруғини дунёга ёйиш йўлида катта ишлар бошланганидан барчанинг хабари бор. Ҳукумат даражасида футболимизга катта эътибор қаратилаётган бир пайтда кўнгилни хира қиладиган бундай ҳолат юз берганини асло ёқлаб бўлмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч бир футболчига нисбатан клуб раҳбариятининг куч ишлатишга ҳаққи йўқ. ЎФА ҳамда ПФЛ бундан буён ҳам ўз ўйинчиларига нисбатан бундай беҳурматлик қиладиган ва уларнинг ҳуқуқларини поймол этадиган ҳар қандай клуб раҳбарияти ва мураббийларига нисбатан кескин чоралар кўради", Умид Аҳмаджоновдан иқтибос келтиради ПФЛ расмий веб сайти.

Унда қўшимча қилинишича, Умид Аҳмаджоновнинг топшириғига ва Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, "Ифтихор" футбол клуби директори Аҳрор Эргашев ва клуб катта мураббийи Нодир Қўзибоев ҳар қандай футбол фаолияти олиб боришдан бутунлай четлатилган.

Айни пайтда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Про Б лигадаги "Ифтихор" футбол клуби таъсисчилари рўйхатидан чиқиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Ёшлар Иттифоқи матбуот котиби Нодирбек Абдуқодиров маълум қилди.

Ёшлар Иттифоқи матбуот котиби зўравонлик ҳодисаси "агар рост бўлса, сабаб ва баҳона билан оқлаб бўлмайди", деб айтди.

"Бу воқеани инобатга олган ҳолда Ёшлар Иттифоқи "Ифтихор" клуби таъсисчилари таркибини тарк этиши ҳақида ўйлаб кўради," - деди Нодирбек Абдуқодиров.

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи "Ифтихор" футбол клуби таъсисчилари рўйхатидан чиқмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:58 0:00
Бевосита линк

Бир йил муқаддам ташкил этилган "Ифтихор" футбол жамоаси Ўзбекистон Про Б лигасида ўйнайди.

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи клуб таъсисчиларидан бири ҳисобланади.

Футбол жамоаси Про Б лигадаги 9 жамоа орасида 8 - ўринда бормоқда.

XS
SM
MD
LG