Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Бельгияга расмий сафарини якунлаб,12 октябрь куни Франция пойтахти Парижга борди. Тожик президенти матбуот хизматининг билдиришича, у Парижда Франция президенти Эммануэль Макрон ва бошқа расмийлар билан учрашади.
Афғонистонда Толибон ҳокимиятга келиши ортидан юзага келган вазият музокараларнинг асосий мавзуси бўлади.
Эмомали Раҳмоннинг сафари арафасида Тожикистондаги сиёсий тутқунларни ҳимоя қилиш қўмитаси Европа парламентидан олти талабни тожик президентига етказишни илтимоч қилган.
Ҳуқуқ фаоллари Европа Иттифоқидан Раҳмонни сиёсий тутқунларни қамоқдан озод қилишга, сиёсий партияларнинг эркин фаолият юритишга рухсат беришга, афғон қочқинларини мамлакатга киритишга рухсат беришга чақиришни сўрамоқда.
Раҳмоннинг Белгия ва Франция сафари пайтида қочқинликда юрган тожик мухолифатчилари Тожикистон ҳукумати сиёсатига норозилик сифатида намойишлар уюштирди.
Тожикистон президентининг Европа сафари 11 октябрда бошланган ва 14 октябрда якунланади.