Бугун Афғонистон муваққат ҳукумати бошлиғи Ҳамид Карзай халқаро донор давлатларни ёрдам пулларини тезроқ беришга чақирди.



Афғонистондаги лойиҳаларнинг бажарилиши бўйича ташкил этилган Гуруҳнинг икки кунлик анжуманида сўзлаган Хамид Карзай, ваъда қилинган миллиардлаб доллар маблағ, уруш вайронага айлантирган Афғонистонга тезроқ берилишини сўради. Карзай келаси ойда бир қатор қурилиш лойиҳалари амалга оширила бошланишини, агар бу режа бузилса, афғонларнинг халқаро хамжамиятга нисбатан ишончи йўқолишини айтди.

Анжуманда сўзлаган БМТнинг Афғонистондаги вакили Лахдар Браҳимий яхши тайёргарликдан ўтган, керакли жиҳозлар билан таъминланган хавфсизлик кучларини яратиш - асосий вазифа эканини, хавфсизлик қайта қуриш жараёни билан чамбарчас боғлиқ эканини айтди.

Шунингдек, бугун Афғонистонда полиция ҳафта охирида халқаро хавфсизлик кучларига қарши ракета хужумини уюштирганига алоқадорликда гумон қилинган беш шахсни қўлга олди.