Қанийди барча маҳалла раислари шундай бўлса....

Эркин Қўзиев 1963 йилда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги Туюл қишлоғида туғилган. Унинг асл касби журналист. Э.Қўзиев 2003 йилгача Тошкентда марказий газеталарда ишлаган.
Э.Қўзиев 2003 йилда ўзининг она қишлоғига қайтиб келди. Қишлоқдошлари уни маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайлади.

Фуқаролар йиғинлари раислари ҳукуматнинг жойлардаги вакили ҳисобланади. Шунинг учун туманлар ҳокимликлари бу лавозимга ўзи хоҳлаган, юқорининг топшириғини сўзсиз бажарадиган киши сайланишига интилади.

Лекин Э.Қўзиев бу йўлдан бормади. У фақат маҳалладошлари тарафида туриб фаолият кўрсатмоқда.

Э.Қўзиевнинг айтишича, 2004 йил унинг учун оғир келган. Маҳалладаги бир кўзбўямачиликни ошкор этгани учун раҳбарларнинг таъқиб-тазйиқига дучор бўлган. Телевидение орқали унинг фаолияти танқид қилинган кўрсатув уюштирилган.

“Шундан кейин ҳокимлик вакиллари мени ишдан бўшатишга ҳаракат қилди. Вилоятнинг ўша пайтдаги ҳокими Алишер Отабоевнинг шахсан топшириғи билан “Маҳалла” жамғармасининг вилоят бўлими раиси Толиб Ҳафизов, туман ҳокими ўринбосари Назоратхон Қодирова маҳалла халқини йиғиб, мени ишдан олмоқчи бўлди. Агар ишдан кетмасам, қишлоққа ичимлик сув қувури тортиш режаси бекор қилинишини айтди. Лекин халқ уларнинг талабига кўнмади. Овозга қўйилгач, халқ мени яна юз фоиз овоз билан фуқаролар йиғини раислигига сайлади”, - деди Э.Қўзиев.

Э.Қўзиевнинг сўзларига қараганда, шундан кейин ҳам туман раҳбарлари, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари бошлиқлари уни ўз томонига оғдиришга уринган. Унга машина, боғ ваъда қилишган. Лекин собиқ журналист бу ваъдаларга учмаган.

Ҳозирги кунда Э.Қўзиев фуқаролар йиғини раиси бўлиш билан бирга “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Ўзбекистон тумани бўлимини ҳам бошқаради.

Э.Қўзиевнинг турмуш ўртоғи Марҳабо Қўзиева уч фарзанди билан биргаликда эрининг бу фаолиятидан доимо хавотир билан яшаётганини билдирди.

Туюл қишлоғи аҳли эса “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Э.Қўзиевни ҳимоялашга доимо тайёрлигини, уни қаттиқ ҳурмат қилишини таъкидлади.

“Ўзи маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўла туриб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга шунчалик киришган кишини кўрмаганмиз. Қанийди маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари мана шундай инсон бўлганида”, - деди Э.Қўзиевнинг маҳалладошлари.

Э.Қўзиев шу кунларда Ўзбекистон туманидаги “Шўрсув кон-кимё” акциядорлик жамиятининг ҳуқуқлари паймол этилган ишчи-хизматчиларини ўз маслакдошлари билан биргаликда ҳимоя қилмоқда.