Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистон ҳукумати Андижондаги воқеалар юзасидан халқаро мустақил тергов ўтказилишига розилик бермаса, Ўзбекистонга нисбатан санкциялар қўлланишидан огоҳлантирмоқда.

Кеча Люксембургда бўлиб ўтган вазирлар учрашувидан сўнг Европа Иттифоқи Ташқи алоқалар бўйича комиссари Бенита Ферреро Уолднер Андижонда 13 май куни рўй берган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказишга Тошкент розилик бермаганидан таассуфда эканини айтди.
“Ўзбекистон ўзини ўзи изоляция қилиш йўлини танлагани жуда ачинарли ҳол. Чунки Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев ҳам Брюсселга келиши лозим эди, лекин у ўз сафарини қолдирди. Европа Иттифоқи ташқи сиёсат бўйича раҳбари Хавьер Солананинг вакилига Ўзбекистонга бориш руҳсат берилмади. Айтиш жоиз, бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир.”
Европа Иттифоқи раислигига эга бўлган Люксембург ташқи ишлар вазири Жан Асселборн Тошкент Европа Иттифоқига нисбатан бундай муносабатни давом эттирадиган тақдирда иттифоққа аъзо давлатларнинг кўпчилиги Ўзбекистон билан ҳамкорлик битимларини тўхтатиши мумкинлигидан огоҳлантирди.