Жиззахда ҳуқуқ ҳимоячиси ҳибсга олинди

27 октбярь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими аъзоси Насим Исоқов ҳибсга олинди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари уни безориликда айбламоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг хотини Бахти Исоқованинг айтишича, президент номига ёзган аризасини ҳал қилиш баҳонасида шу куни эрталаб эру хотин Жиззах шаҳри ички ишлар бўлимига олиб борилган. Ўша ерда эри ҳибсга олинган.

“Уни ҳибсга олишга на санкция, на асос бор. Шунинг учун унинг нега ҳибсга олинганини тушунганим йўқ. Балки у ҳуқуқ ҳимоячиси бўлгани учун қамалгандир”, - деди Б.Исоқова.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроев Н.Исоқов ноқонуний равишда ҳибсга олинганини билдирди. Чунки санкция берадиган прокурор ўша куни шаҳарда бўлмаган. 27 октябрь куни кечқурун шаҳар прокурори ўринбосари ҳам Н.Исоқов иши бўйича санкция берилмаганини маълум қилган.

Б.Ҳамроевнинг сўзларига кўра, Н.Исоқовга безорилик жинояти юкланган. Ички ишлар ходимлари ҳуқуқ ҳимоячисини гўёки болаларга уятли жойини кўрсатишда айблаяпти.

“Бу ақлга сиғмайдиган ҳолат. Зеро, Н.Исоқов намозхон йигит. Келиб-келиб шундай ишни унинг бўйнига қўйишяпти”, - деди Б.Ҳамроев.

Унинг фикрича, аслида Н.Исҳоқов инсон ҳуқуқи ҳимоячиси сифатида олиб борган фаолияти учун тўқиб чиқарилган жиноят иши асосида ҳибсга тушган. У кўп жиноий фаолиятларни, жумладан, банк тизимидаги 120 миллион сўмлик талон-тарожни фош қилишга муваффақ бўлган.

Айни пайтда Насим Исоқов Жиззах шаҳри ИИБнинг вақтинча сақлаш изоляторида ушлаб турилибди.