БМТ ҳарбий жиноятчи, деб гумон қилинаётган Хорватия генерали Анте Готовина Испанияда ҳибсга олинганини маълум қилди.

БМТнинг ҳарбий жиноятлар бўйича прокурори Карла Дел Понте бу ҳақда Белградда баёнот берди. Дел Понтега кўра, собиқ генерал Готовина кеча кечқурун ҳибсга олинган. Унинг Гаагага кўчирилиши кутилмоқда.
НАТО бош котиби Яап де Хооп Схеффер собиқ генералнинг қўлга олинганини хуш хабар, дея олқишлади.
“Готовинанинг ҳибсга олингани бутун жаҳон учун хушхабар. Жиддий ва ўта жиддий жиноятларда айбланаётган одамларнинг одил судга тортилиши хушхабардир. Менимча, Хорватия учун ҳам бу яхши хабардир”, – деди НАТО раҳбари.
Готовина Гаага суди томонидан қидирилаётганлар рўйҳатдаги дастлабки уч кишининг биридир.
БМТ суди Готовинани 1991-95 йиллардаги урушда 150 сербни ўлдирганлик ва минглаб сербларни ўз жойларидан кўчириб юборганликда айбламоқда.