Саддам суд жараëнида қатнашишдан бош тортди

А.Арал Ироқ собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн Бағдодда ўз устидан олиб борилаëтган маҳкама жараëнида қатнашишдан бош тортмоқда. Ҳакамнинг айтишича¸ Саддам ва унинг шериклари судни бойкот қилишига қарамай маҳкама жараëни давом этади ва суднинг ҳукми ҳам чиқарилиши мумкин.


Саддам адвокатлари суд билан ҳамкорликни давом эттириш учун жиддий шартлар¸ жумладан¸ судянинг ишдан бўшатилиши ва маҳкаманинг бошқа мамлакатга кўчирилишини талаб қилмоқда. Ҳозирча маҳкама бу талабларни эътиборга олгани йўқ.

Пайшанба куни Бағдодда ҳакам Рауф Абдул Раҳмон навбатдаги суд мажлисини очаркан:

“Раҳмдил Оллоҳ номи билан¸ Ироқ халқи номидан Ал-Дужайл ишини кўриб чиқувчи жиноий суднинг махсус юқори трибунали 10 сессиясини очиқ деб эълон қиламан”¸ - деди судя Абдул Раҳмон.

Аммо суд бу гапларни айтаëтган суд залида Саддам Ҳусайн ва унинг жиноий жавобгарликка тортилган 7 нафар шериги йўқ эди.

Суд мажлиси бошланди ва судя Абдул раҳмон судланувчилар ўринлари нега бўш эканлигини қисқача мана бундай изоҳлади:

“Саддам Ҳусайн¸ Барзан Иброҳим¸ Таҳа Ëсин¸ Авад ал-Бандерлар тўғрисида айтадиган бўлсам¸ уларнинг маҳкама жараëнига аралашишини инобатга олиб суд бугунги мажлисни улар иштирокисиз ўтказишга ва бу ишни кўриб чиқишни давом эттиришга қарор қилди”¸ - деб таъкидлади.

Унга кўра¸ қолган 4 нафар айбланувчи суд залига кириш олдидан ўзини нобоп тутгани боис¸ улар ҳам суд мажлисига қўйилмаган.

Жорий маҳкама жараëнида Саддам ва унинг 7 нафар шеригига қўйилаëтган 1982 йили шиалар яшайдиган Ал-Дужайл қишлоғида 148 одамни ўлдирганлик айби кўриб чиқилмоқда. Агар маҳкама жараëнида Саддам айбдор деб топилса¸ олий жазога ҳукм этилиши мумкин.

Бугунги суд жараëнида бир қатор гувоҳларнинг сўзлари тингланганидан кейин 13 февралга қадар танаффус эълон қилинди. Суд мажлисиниг 13 февралга қолдирилгани сабабларига оид тафсилотлар маълум қилинмади.