Ўзбеклар ва тожиклар ҳали ҳам болажон

12 август - Ёшлар халқаро куни арафасида Вашингтондаги аҳолишунослик бўйича тадқиқот маркази дунё давлатларида ёшлар сони бўйича янги статистик маълумотларни эълон қилди.
Сўнгги статистик маълумотлар Марказий Осиё давлатларида туғилиш кўрсаткичи камайганига қарамай, ёшлар сони ҳали ҳам кўплигини кўрсатмоқда.

Вашингтондаги аҳолишунослик бўйича тадқиқот маркази эълон этган ҳисоботга кўра, Марказий Осиё давлатлари орасида ёш аҳоли сони Тожикистонда энг кўп, бу мамлакат аҳолисининг 36 фоизини 10-24 ёш оралиғидагилар ташкил этади. Бу кўрсаткич Ўзбекистонда икки фоиз кам, яъни 34 фоиздир. Ўзбекистон ёш аҳоли сони кўплиги бўйича минтақада иккинчи ўринда. Россия, Беларус, Украинада бу ёш оралиғидагилар умумий аҳолининг 22 фоизини ташкил этади.

Тадқиқот маркази бош мутахассиси Карл Ҳаубнинг айтишича, СССР парчаланганидан кейин аксар собиқ совет давлатларида туғилиш кескин камайган. Аммо Европа давлатларида аҳоли тобора кексайиб бораётган бир пайтда Марказий Осиё аҳолиси ҳали ҳам ёш.

“Туғилиш кўрсаткичи бўйича ҳозир Тожикистон бу минтақада биринчи. Тожикистонда ҳар бир аёлга ўрта ҳисобда 3,8 бола тўғри келмоқда. Марказий Осиё давлатлари орасида туғилиш нисбатан кам бўлган давлат эса Қозоғистон. Бу давлатда ҳар бир аёлга ўртача 2,2 бола тўғри келади. Балки бу ҳол Қозоғистон аҳолисининг кўпчилиги руслар экани билан боғлиқдир. Чунки руслар дунёда энг кам туғадиганлар тоифасига киради”, - дейди Карл Ҳауб.

Кўпчилик кузатувчилар Марказий Осиё, жумладан, Тожикистон ва Ўзбекистон халқи болажон экани боис, бу ерда туғилиш кўрсаткичи катта эканини айтади. Европа давлатларида эса кўп бола туғиш иқтисодий фаровонлик белгисидир.

Аҳолишунослик бўйича тадқиқот маркази эълон этган ҳисоботга кўра, бугунги кунда Ғарбий Европа давлатларида 10-24 ёш оралиғида бўлганлар сони умумий аҳолининг 20 фоизидан ортмайди. Молдовада бу кўрсаткич 26 фоизни, Украинада 22 фоизни ташкил этади.