Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот яна бир бор АҚШ Президенти Жорж Бушни жаҳонда рўй бераётган сиёсий воқеалар борасида телевизион баҳс ўтказишга таклиф қилди.

Аҳмадийнажот келаси ойда Нью-Йоркка БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишига келганида бунинг имкони бўлишини айтди.
Эрон раҳбари ўтган ойда ҳам шундай таклиф билан чиққан эди. Оқ уй бу таклифни Эрон ядровий бўҳронидан диққатни чалғитишга уриниш ўлароқ, баҳолаб рад этган.
Президент Бушнинг сешанба кунги чиқишида Эрон етакчиларини “золимлар”, деб атаб, уларни террорчиларга қиёслашига жавобан Аҳмадийнажот президент Буш “ўзининг ойнабанд саройидан туриб жаҳонни бошқаряпман деб ўйласа, ҳато қилган бўлади”, деган фикрларни айтди.
Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий ғарб давлатларини, хусусан Қўшма Штатларни Теҳронга нисбатан таҳдидли сўзларни айтишини бас қилишга чақирди.
“Таҳдид забони билан сўзлаш пайтлари ўтмишда қолган, ва улар, яъни ғарб давлатлари бу эски усуллардан воз кечишлари лозим. Уларнинг хаёлларида бўлган ҳар қандай масалани ечишнинг энг яхши йўли конструктив ва шаффоф музокаралардир”, - деди Муттақий.