БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Ўзбекистонни аяди

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Ўзбекистон ва Эронда инсон ҳуқуқлари мунтазам равишда поймол этилаётгани юзасидан билдирилаётган кўплаб айбловларга қарамай, бу давлатларда алоҳида текширув ўтказмайдиган бўлди.
Кенгаш президенти Луис Алфонсо де Алба инсон ҳуқуқлари ташкилотларини таажжублантирган мазкур қарорни 26 март куни тушдан сўнг эълон қилди.

“Инсон ҳуқуқлари кенгаши ёпиқ мажлисда иккала давлатдаги вазият билан танишиб, Эрон Исломий Республикаси ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни текширишни тўхтатишга қарор қилди. Кенгаш аъзолари бу икки давлатга оид махфий қарорлар ва материалларни ошкор этишга ҳақли эмас”, - деди Луис Алфонсо де Алба, аммо қарор қабул қилинишига оид қўшимча тафсилотларга тўхталмади.

БМТнинг қароргоҳи Женевада жойлашган бу ташкилоти инсон ҳуқуқлари бўйича олий идора бўлиб, бир йил аввал (2006 йил 15 март) ташкил этилган. Кенгаш аъзолари орасида инсон ҳуқуқларига риоя этмайдиган давлатлар сифатида эътироф этилганлари ҳам бор.

Хусусан, Ўзбекистон ва Эронни ёқлаб овоз берганлар орасида Озарбойжон, Бангладеш ва Зимбабве бор. Бу давлатларнинг ўзларида инсон ҳуқуқлари вазиятидан хавотир мавжуд. Ўзбекистон ва Эрон бўйича алоҳида текширув ўтказишни талаб қилганлар орасида эса Франция ва Аргентина кабилар озчиликни ташкил этди.

АҚШ БМТнинг инсон ҳуқуқлари вазияти шубҳали бўлган давлатларни ўз ичига олган Инсон ҳуқуқлари кенгаши тузилишига бошиданоқ қарши бўлиб келган ва бугунга қадар кенгаш таркибига кирмаган. АҚШ БМТнинг мазкур идорасидан яна бир бор ҳафсаласи пир бўлганини билдирди.

АҚШнинг Женевадаги миссияси матбуот вакили Брукс Робинсон: “Бу қарордан АҚШнинг ҳафсаласи жуда пир бўлди. Эрон мисолида бу қарор мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини қоралаб овоз берган БМТ Бош ассамлеясининг нуқтаи назарига мутлақо тескари. Ўзбекистонга нисбатан ҳам Бош ассамблея айни фикрда. Шунинг учун кенгаш бу давлатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аянчли вазиятни кўриб чиқишга қодир бўлмаганидан афсусдамиз. Бу янги кенгашнинг ҳафсалани пир қиладиган ташкилот бўлганига яна бир далилдир”, – деди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши қарори Ўзбекистон ва Эрондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол алоҳида синчковлик билан ўрганилмаслиги ва табиийки, кенгаш томонидан танқид этилмаслигини англатади.

“Ҳьюман райт уотч” ташкилотининг Марказий Осиё ва Европа давлатлари бўйича директори ўринбосари Рэйчел Денбер кенгаш қарори бу давлатлар раҳбарларини мутлақо нотўғри хулоса чиқаришга етаклашини айтади.

“Бу қарор Эрон ва Ўзбекистонни уларнинг репрессив сиёсатлари учун тақдирлайди ва кенгашнинг ишончлилигини синайди. Агар даҳшатли қирғинни уюштириб, ўтган икки йил давомида фуқаролик жамиятини бостириб келаётган давлат шу тариқа тақдирланса, бу кенгаш қарор қабул қилиш жараёнида жиддий муаммоларга эгалигини кўрсатади. Фикримизча, кенгаш ишончдан мутлақо ажралиб қолмаслиги учун Эрон ва Ўзбекистон масаласини дарҳол қайтадан кўриб чиқиши шарт”, – деди Р.Денбер.