Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар “Немис тўлқини” радиосининг ўзбекистонлик ҳамкори Наталья Бушуева устидан жиноят иши қўзғатилганини кескин қоралади.

Ўзбекистон прокуратураси Н.Бушуевани солиқ тўламасликда ва даромадни яширишда айбламоқда. Журналистнинг ҳимоячиси Суҳроб Исмоилов Н.Бушуевага уч йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкинлигини айтди. Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси прокуратуранинг бу қадамини Н.Бушуевани қўрқитишга қаратилган ҳаракат, дея баҳолади. Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти эса Ўзбекистонда танқидий мақола ёзувчи журналистларнинг мунтазам равишда таъқиб этилаётганидан ташвиш билдирди.