Ўзбекистон тожик исёнчиларини юртига қайтардими?

Тожикистон расмийлари исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев тарафдорларидан 15 киши Ўзбекистон ҳудудида қўлга олиниб, Душанбе ихтиёрига топширилгани тўғрисидаги хабарларни рад этди.
11 июль куни айрим оммавий ахборот воситалари Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига яқин манба берган маълумотларга асосланиб шундай хабар тарқатган эди.

Бу маълумотни Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси вакили ҳам, мамлакат бош прокурори Бобохон Бобохонов ҳам рад этди.

“Бизда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ. Қолаверса, биз М.Худойбердиев ва унинг тарафдорларини экстрадиция қилишни сўраб Ўзбекистонга жуда кўп марта мурожаат этганмиз. Лекин Ўзбекистон ҳали улардан бирортасини бизга бергани йўқ”, - деди Б.Бобохонов.

Тожикистон расмийлари бу маълумотни рад этаётган бир пайтда “Озодлик” мухбири Ўзбекистоннинг Денов шаҳрида қўлга олиниб, Тожикистонга топширилгани хабар қилинганлардан бирининг отаси ва хотини билан гаплашишга муваффақ бўлди.

“Дарҳақиқат, ўғлим 1997 йилда Тожикистонда бўлган қуролли тўқнашувда М.Худойбердиевнинг қўмондонларидан бири, Ҳисор тумани ИИБ собиқ бошлиғи Субҳон Мирзоев гуруҳида эди. Ҳукумат армияси билан бўлган тўқнашувдаги мағлубиятдан сўнг Ўзбекистонга қочиб ўтганди. Денов шаҳридан уй сотиб олиб, ўша ерда кичик дўконча очиб, тирикчилик ўтказиб турганди”, - деди отахон.

Унинг келини эса 13 июнь куни эрта тонгда фуқаролик кийимидаги икки киши уйларига келиб эрини олиб кетганини билдирди.

“Мен Денов шаҳри ИИБ ходимларидан суриштирганимда улар эримни гоҳ Термизда, гоҳ у ёқда, гоҳ бу ёқда, деб аниқ гап айтмади. Кейин Субҳон Мирзоевнинг укаси Ҳабиб эрим ва билан бирга бўлган кўп йигитларни Душанбега олиб кетишгани ҳақида гап топиб келди. Лекин улар неча кишилигини билмайман”, - деди аёл.

Аёл Тожикистонда бериб юборилганларнинг барчаси ҳозир Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида экани, 13 июндан буён эри билан атиги бир марта учрашиш имкони берилганини маълум қилди.