Юсуф Жума қамоққа тушди

Душанба куни кечқурун Янгийўл шаҳрида қидирувдаги мухолифатчи шоир Юсуф Жума ва унинг Бобур исмли ўғли ҳибсга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси маълум қилди.
10 декабрь куни қуролланган милиция отряди Юсуф Жуманинг Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги уйига ҳужум қилганди. Кейинги хабарларга кўра, Юсуф Жума ўз оиласи билан қочишга муваффақ бўлган, бироқ милиция ходимлари ҳаётига тажовуз қилишда айбланиб, қидирувга берилганди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг билдиришича, Юсуф Жуманинг мамлакат Конституциявий судига Ислом Каримовнинг конституцияга зид равишда учинчи бор сайловда иштирок этаётгани борасида ёзган шикоят аризаси унга нисбатан тазйиқлар кучайишига сабаб бўлган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси Юсуф Жуманинг 17 декабрь куни кечқурун соат 19.00да альянс аъзоси Акромхўжа Муҳиддиновнинг Янгийўлдаги хонадонидан тутиб олиб кетилгани ҳақида хабар тарқатди.

“Милиция ва махсус хизмат ходимлари уларни зўрлик билан машиналарга босиб олиб кетган. Бобурнинг қўлларига ўша ердаёқ кишан солинганди. Бугун биз эчихоналарда бўлиб, бу ҳақда хабар бердик”, – деди альянс аъзоси Елена Урлаева.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги Юсуф Жума ва унинг ўғли Бобур борасида ҳеч қандай маълумот бермаётир.

ИИВ мулозими Алишер Шарафуддиновнинг айтишича, Юсуф Жуманинг иши прокуратура томонидан тергов қилинмоқда.

Юсуф Жума оиласига нисбатан тазйиқлар жорий ой бошида авж олганди. Ўзбекистондаги президент сайлови арафасида ўз оила аъзолари билан Бухорода норозилик пикетларини ўтказган Юсуф Жуманинг ўғли Машраб тажовуз ва босқинчиликда айбланиб, такроран ҳибсга олинганди.

Ўғли ҳибс этилгандан сўнг Юсуф Жума президент Ислом Каримов истеъфоси талаб этилган плакатни ўз машинасига осиб, кўчаларни кеза бошлади.

Расмийлар иддаосича, Юсуф Жума ҳибсга олиш жараёнида ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига қаршилик кўрсатиб, икки милиция ходимини машинаси билан туртиб юборган.

Мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова шоирга қўйилаётган айблар анча жиддий эканини билдириб, халқаро жамоатчиликни уни ҳимоя қилишга чақирди.

“Юсуф Жума машинасини милиция ходимлари устига ҳайдаганликда айбланмоқда. Бу эса ҳуқуқ-тартибот ходимларига тажовуз сифатида тавсифланади. Шунинг учун унга узоқ муддатли қамоқ жазоси таҳдид қилмоқда. У қўйиб юборилишига ишонмайман. Фикримча, халқаро жамоатчилик унинг ҳимоясини бошлаши керак”,– деди Нигора Ҳидоятова.

Айни пайтда Юсуф Жуманинг бутун мол-мулки гаровга олинган. Ҳуқуқ ҳимоячилари тергов изоляторида шоир ва унинг ўғлига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўлаётганидан хавотир билдирмоқда.

Юсуф Жумага таъқиблар ҳақида Ўзбекистондаги президент сайловини кузатиш учун келган ЕХҲТ вакиллари ҳам хабардор қилинди. Сайловдан аввал мухолиф овозларни бўғиш сифатида талқин этилаётган ушбу ҳаракат Ўзбекистондаги президент сайлови борасида ЕХҲТ миссияси ва халқаро кузатувчилар нуқтаи назарини шакллантиришини тахмин қилиш мумкин.