Бангкокдаги тўқнашувларда одамлар ҳалок бўлди

Таиланд пойтахти Бангкокда фавқулодда ҳолат жорий этилган эса-да, мухолифатнинг намойишлари давом этмоқда.

Ҳукумат намойишчиларни тарқатиш учун армияни ишга солган. Намойишчилар ва ҳарбийлар ўртасидаги тўқнашувда элликка яқин одам жароҳатланган. Намойишчиларга қарши кўздан ёш чиқазувчи газ қўлланилгани хабар қилинмоқда. Бунга жавобан намойишчилар полициячиларга қарши тош ва шиша идишларни ирғитишган.

Якшанба куни намойишчилар Ички ишлар вазирлиги биносига бостириб кириб, ҳукумат раҳбарини қўлга олмоқчи бўлган. Аммо бош вазир Абхсит Ветчачива автомобилда қочишга муваффақ бўлган. Аввалроқ намойишлар боис Патайя шаҳрида ўтаётган Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари саммити тўхтатилган эди.