Вашингтонга молиячилар йиғилмоқда

Бир қатор етакчи давлатлар Молия вазирлари глобал молиявий бўҳронни муҳокама қилиш мақсадида Вашингтонга йиғилмоқдалар.

Мазкур йиғин арафасида Халқаро валюта жамғармаси директори Доминик Штраус-Каан глобал иқтисодий бўҳрон кўп ой давом этишини маълум қилди.

Халқаро валюта жамғармаси директори журналистларга олдинда ҳали иқтисодий силкинишлар бўлишини айтди. Унга кўра, Халқаро валюта жамғармаси глобал иқтисодиёт келаси йилнинг биринчи чорагида ўнглана бошлашини башорат қилмоқда.

Вашингтондаги учрашувда катта еттиликка аъзо Япония, Канада, Италия, Буюк Британия, Франция, Германия ва АҚШ Молия вазирлари иштирок этмоқдалар.

Бу учрашувда кейинчалик Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Бразилия Молия вазирларининг ҳам қатнашиши кутилмоқда.