Вашингтон Афғонистондаги миссиясини давом эттиради

АҚШнинг юқори даражадаги расмийлари Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш эҳтимолларини рад этиб, президент Барак Обама Қўшма Штатларнинг минтақадаги стратегиясини қайта кўриб чиқаётгани ва кейинги қадамларга оид қарорлар устида мулоҳаза қилаётганини баён қилди.

Душанба куни CNN каналига берган интервьюда АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс ва Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ал-Қоида террор тармоғини йўқ қилиш Американинг Афғонистондаги асосий мақсади бўлиб қолиши ва мамлакатдан қўшинларни муддатидан аввал олиб чиқиш ҳақида гап йўқлигини таъкидладилар.

Гейтс, шунингдек, ҳозирда Қўшма Штатлар йўл қўйган хатоликлар, хусусан, собиқ президент Жорж Буш кейинги йилларда АҚШ ҳарбий салоҳиятининг асосий диққатини Ироққа қаратгани ва иттифоқчи давлатлар Афғонистонга қўшимча кучлар юбормагани туфайли Толибон ҳаракатининг “қўли устун” келаётганини тан олди.

Ҳозирда Афғонистонда АҚШнинг 60 мингдан ортиқ қўшини бор.

Жорий ҳафтада Обама Конгресс вакиллари ҳамда ўз маслаҳатчилари билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилишга бағишланган учрашувларни ўтказади. Кун тартибидаги масалалардан бири ўлароқ, Афғонистонга қўшимча 40 минг АҚШ қўшинини юбориш масаласи муҳокама қилинади.