Сўғд вилоятида контрабанданинг олди олинди

Сўғд вилоят транспорт прокуратураси тарқатган маълумотларга кўра, 20 ноябр куни Хитой Халқ Республикаси фуқароси Хе Хайсин Хўжанд аэропортининг Хўжанд-Урумчи рейсига кўрикдан ўтиш чоғида унинг юклари орасидан декларация қилинмаган 150 минг АҚШ доллари топилган.
Шунингдек, Хитой фуқароси нарсалари тинтув қилинганда буюмлар орасидан тарихий сўзана ва пичоқ топилган.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбири жараёнида контрабандага алоқадор яна бир киши қўлга олинган. Тергов манфаатлари мақсадида унинг исми ошкор қилинмаяпти.

Расмий маълумотларга кўра, вилоятда жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида 100 га яқин тожикистонлик ва чет эл фуқаролари контрабандага алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган. Жумладан, жорий йил 21 октябр куни Хўжанд-Урумчи рейсига кўрикдан ўтиш чоғида Тожикистон фуқаросидан декларация қилинмаган 700 минг АҚШ доллари мусодара қилинган эди.