Чўчқа гриппи Тожикистонга ҳам келди

Тожикистонда чўчқа гриппи вирусини юқтирган уч киши расман қайдга олинди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматидан олинган хабарга кўра, чўчқа гриппини юқтирганлар ҳозирда республика юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Вазирлик расмийси Фотима Ғойибованинг маълум қилишича, шифокорларнинг доимий назоратида бўлиб турган бу беморлардан бири Ҳиндистон фуқароси ва қолган иккитаси эса яқинда хориждан қайтган тожикистонликлардир.

Вазирлик вакиласи мамлакатда чўчқа гриппи кенг тарқалиши хавфи мавжудлигини қайд этаркан, касаллик тарқалишининг олдини олиш учун республика касалхоналарида барча шарт-шароитлар муҳайё қилинганини маълум қилди.

Бироқ, мутахассисларга кўра, бугунги кунда Тожикистонда чўчқа тумовига қарши вакцина йўқ. Тожикистон ҳукумати шу йил август ойида бир қатор халқаро ташкилотлар ҳамда Россия расмийларига мурожаат қилиб, вакцина масаласида ёрдам сўраган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлик масъулларининг билдиришича, Тожикистонга бу вакцинанинг келгуси йил январ ойи сўнггида олиб келиниши кутилмоқда.