Покистонда зўравонликлар давом этаётир

Покистоннинг Лакки Мерват шаҳрида худкуш шахс томонидан содир этилган портлашда 90дан зиёд киши нобуд бўлди.

Хабарларга кўра, 1 декабр куни худкуш шахс ўзи бошқараётган машинани волейбол мусобақасини томоша қилиш учун тўпланган оломон олдида портлатиб юборган. Мазкур ҳудудда ҳукумат кучлари Толибон жангариларига қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказиб келмоқда.

Жума кунги қўпорувчилик амалиётини кескин қоралаган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон расмий Вашингтон Покистон халқининг демократияни мустаҳкамлаш ва терроризмга қарши кураш каби уринишларини қўллаб-қувватлашда давом этажагини маълум қилди.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Покистондаги портлашни “даҳшатли” дея атаб, ушбу воқеа халқаро ҳамжамиятнинг экстремизга қарши олиб бораётган ҳаракатларининг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлаганини билдирди.