АҚШ ҳарбийлари ўлими тафтиш қилинмоқда

Покистонда АҚШ ҳарбийлари ўлимига сабаб бўлган портлашга алоқадорликда гумон қилинган 35 шахс хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинди.

Чоршанба куни Пастки Дир туманида худкуш томонидан содир этилган портлашда америкалик уч аскардан ташқари мактаб ўқувчилари ва покистонлик ҳарбий нобуд бўлди, ўндан зиёд шахс тан жароҳати олди. Худкушлик ҳужуми туманда қизлар мактабининг очилиш маросимига бағишлаб ўтказилаётган тадбир чоғида рўй берди.

Мазкур ҳужум учун масъулиятни Покистондаги Толибон ҳаракати ўз зиммасига олди.

АҚШ ва Покистон расмийларига кўра, америкалик ҳарбийлар маҳаллий хавфсизлик кучлари малакасини оширишга кўмаклашиш мақсадида Покистонга сафар қилган.