Эрон тақдири Москва ва Риëдда ҳал қилинади

Қатарда қилган баëнотларида Клинтон хоним¸ ядровий қуролга эга Эроннинг авваламбор ўз қўшнилари учун хавфли эканини таъкидлади.

АҚШ ва Исроил раҳбарлари Эронга қарши янги санкциялар жорий қилиш масаласида Россия ва Саудий Арабистони қўлловини қозониш мақсадида айни кунларда икки давлат пойтахтига сафар қилмоқдалар.
Душанба куни Саудий етакчилари билан сўзлашув ўтказаëтган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Риëддан туриб Пекин қаршилигини синдириш миссиясини ўз зиммасига олган.

Зотан¸ Хитой билан яқин иқтисодий ва дипломатик алоқаларга эга Саудий подшоҳлиги АҚШ ва Исроил талаб қилаëтган санкцияларга нисбатан халқаро майдондаги¸ биринчи галда эса¸ Пекин эътирозларни бостириши мумкин.

Саудий сафари арафасида қўшни Қатарда ўтказилган АҚШ – Ислом дунëси форумида маъруза қилган Клинтон хоним ядровий қуролга эга бўлишига оз фурсат қолаëтган Эроннинг¸ биринчи галда¸ Форс кўрфази учун катта таҳдид манбаи эканига алоҳида урғу берди.

- Эронда яширадиган нимаси бор? Нима учун Эрон ҳам сиëсий¸ ҳам иқтисодий жиҳатдан халқаро ҳамжамиятга қўшилиб¸ ўз халқига фойда келтирадиган халқаро мажбуриятларига содиқ қолишни истамаëтир? Бундай вазиятда Эрон халқаро ҳамжамиятни ўзининг фитнакор одимлари учун жазолашга мажбур қилмоқда. Бугун ҳам биз Эронни ўзининг хатарли сиëсий қарорларини қайта кўриб чиқишга ундамоқдамиз¸ деди Қатардаги маърузасида Клинтон хоним.

Ғарб давлатлари ва Исроил Эронни ўз ядровий қуролига эга бўлишга уринаëтганликда айбламоқда. Бундай хавотирларнинг мустақил манбалар томонидан ë тасдиқланиши ëки бутунлай рад этилишига имкон бермаëтган Теҳрон ҳукумати¸ шу пайтга қадар Россия ва Хитой эътирози боис¸ кескин санкцияларга чап бериб келмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида Москва ва Пекин кенгашнинг исталган қарорини вето қилиш¸ яъни уни тўхтатиб қолиш ваколатига эга.

Шу боис¸ Эронга нисбатан янги санкциялар масаласини Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйишдан олдин АҚШ ва унинг яқин иттифоқчиси Исроил¸ айнан Россия ва Хитой қаршилигини синдириш уринишига киришган.

Айни шу уринишларнинг мантиқий қисми сифатида Москвага келган Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу президент Дмитрий Медведев ва Бош вазир Владимир Путин билан Эронга нисбатан қандай ëндашув тутиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Ҳозирча Москва сўзлашувларида Эронга нисбатан янги санкциялар қўллаш масаласида Россия позицияси ўзгарганини кўрсатувчи бирор баëнот эълон қилинмади.