Самарқандда яланғоч раққосалар мухлиси кўпаймоқда

Кўҳна Самарқандда борган сари кўпроқ қаҳвахонаю ресторанлар кўнгил очиш учун мижозларга стриптиз (шаҳвоний рақс) таклиф қилаяпти. Uznews.net нашрининг мазкур муассасалар эгаларига таяниб хабар қилишича, бу каби хизмат тури мижозлар сонининг ошишига сабаб бўлаяпти.
Маълум бўлишича, яланғоч рақс ишқибозлари учун бундай томошани кўриш унча арзон тушмайди. Нашрнинг “Турк Аз” супермаркети қошидаги қаҳвахона ходимига таяниб ёзишича, томошага кириш паттаси нархи 15 минг сўм (қарийб 7 АҚШ доллари) туради.

Асосий мижозлари оилали эркаклардан иборат бундай муассасалар Самарқандда бундан беш йил аввал битта ё иккита бўлса, ҳозир улар сони ўнтадан ошиб кетгани айтилади.

Айни пайтда, хабар қилинишича, шаҳвоний рақс таклиф қилувчи жойларда бу ҳақда очиқ эълонни кўрмайсиз – бино ташқарисида фақат “Рақс шоуси”га ўхшаган ёзув ёки ёш ва гўзал аёлларнинг жозибадор расмлари илиб қўйилади.

Uznews.net нинг Самарқанддаги стриптиз-шоу мухлисларидан бирига таяниб ёзишича, бунақа жойларда одам ўртасидаги ижтимоий тенгсизлик яққол билиниб қолади. Шаҳвоний шоуга аввало шаҳар бойлари келади.

“Самарқанд кўчаларида эса мутлақо бошқа манзарани – оила боқиш ташвишида хомуш юрган одамларни кўриш мумкин. Бойларнинг янги эрмаклари уларнинг ғашига тегса-да, ажаблантирмайди”, деб ёзади Uznews.net.