Тақирбошларга ҳукм ўқилди

Калининград суди тақирбошлар гуруҳини 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилди.

Россиянинг Калининград шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига ҳужум қилганликда айбланган 6 нафар тақирбош судланди. Миллий нафрат асосида тил бириктирган ҳолда безориликда айбдор деб топилган ушбу гуруҳнинг 6 аъзосидан уч нафари вояга етмаганлардир.
Москвадаги Regnum агентлигининг ёзишича, 2008 йил феврал ойида айбланувчилар Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига оғир тан жароҳати етказганлар. Бундан ташқари рус миллатчилари кавказлик, марказий осиёлик ва африкаликларга қарши курашга чорловчи экстремистик руҳдаги варақаларни тарқатган. Суд қарори билан ўсмир айбланувчилар 3 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Суд тафсилотлари тўғрисида Калининград вилояти прокурори катта ёрдамчиси Пономарева Оксана қўшимча маълумот берди:

-Қарор куни кеча эълон қилинди. Шунинг учун улар бу қарорга шикоят беришлари кутилмоқда.. Вилоят суди уни кўриб чиққунга қадар анча вақт ўтади. Умуман олганда, агарда ҳукм ўзгаришсиз қолса, улар бари қамоқ жазосини Калининград вилоятида ўтайдилар. Калининград вилоятида бу каби биринчи жиноий иш булиб ўтиши.

Сунгги йилларда Россияда кузатилаётган миллатчилик ҳаракатининг кенг ёйилиши сон-саноқсиз ўлимларга сабаб бўлмоқда. Айнан сон саноқсиз, чунки Россияда бирорта ҳам ҳукумат тузилмаси миллатчилар қурбонлари ҳақидаги статистик маълумотларни йиғиш билан шуғулланмайди. Миллий нафрат ва ксенофобия муаммолари билан шуғулланувчи Москвадаги СОВА маркази раҳбари Галина Кожевникованинг маълумотига кўра эса ўтган йили Россияда 71 одам тақирбошлар томонидан ўлдирилган.

-Ўтган йил давомида 71 шахс ўлдирилди. Бироқ қотилликлар борасида расмий статистик маълумотлар мавжуд эмас.Чунки бу ички ишларга алоқаси йўқ масала. Бизда миллатчилик асосида содир этилган қотилликлар ҳисоби олиб борилмайди. "Жиноят миллатчилик туфайли содир этилганми ёки бошқа сабабларга кўрами?" деган саволга жавоб тергов давомида аниқланади,- дейди Галина Кожевникова.

Россияда миллатчилар томонидан ўлдирилганлар сони тўғрисида ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев шундай деди:

- Статистик маълумот қилмаган ҳеч ким..Жиноятлар аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Ҳисоб-китоб қилингани билан улар яширилади, албатта, чунки яшириш Россияга ҳос...

Айни пайтда Москвадаги СОВА ташкилоти мутасаддиси миллий нафрат асосида содир этилган жиноятлар нафақат статистика ташкилотлари, балки ички ишлар идоралари томонидан ҳам расман рўйхатга олинмаётгани ҳақида гапиради.

- Статистика шундай ташкил қилинганки, терговчилар фақат судга етказилган жиноий ишлар сони ҳақида ҳисобот берадилар. Афсуски, миллатчиликга доир маълумотларни расман ҳисобга олиш тўғрисидаги гаплар амалга оширилмаяпти. Бу масаланинг ечими расмий доираларга мурожаатлар сонини оширишдан иборат,- деди Кожевникова.

Кузатувчилар фикрича, ҳукумат тузилмаларининг мазкур масалага ёндошуви ўзгармас экан, Россияда миллатчилар қурбони бўлганлар сони тўғрисидаги аниқ маълумотлар ва бу мамлакатда ксенофобиянинг қай даражага етгани номаълум бўлиб қолаверади.