Нефт доғи Миссисипига етиб борди

АҚШнинг Миссисипи штати губернатори Ҳэйли Барбур Мексика кўрфазига сизиб чиқаётган нефт штат соҳилларига етиб келганини маълум қилди.

Барбурнинг айтишича, узунлиги 3 километрдан ошиқ, эни бир метрлик нефт доғи Петит Буа оролида топилган.

Петит Буа ороли Миссисипи билан Алабама штатлари чегарасида жойлашган.

ВР ширкатига қарашли нефт қудуғидаги авария оқибатида денгиз сатҳига сизиб чиқаётган нефт доғи бундан аввал Луизиана ва Алабама штатларигача етиб борган эди. Энди Миссисипида ҳам ҳалокат оқибатларини бартараф қилишга тўғри келадиган кўринади.

Сешанба куни АҚШ бош прокурори Эрик Ҳолдер Мексика Кўрфазига нефт қуйилишига масъул бўлган ВР ширкатига қарши жиноий иш очилишини эълон қилди.

Ҳолдер тергов ишларида Федерал қидирув бюроси ҳам қатнашиши ва “агар ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилганини аниқласак, бунга яраша чоралар кўрилади”, дея таъкидлади.