Ўшда Мажримтол маҳалласига ўт қўйилди

Ўшдаги тартибсизликлар оқибатида қурбон бўлганлар сони 12 июн куни расмий саноққа кўра¸ 77 тага етди¸ яраланганлар сони эса 1000 дан ошди. Шанба эрталаб Ўшдаги Мажримтол маҳалласига ҳарбий кийимда экани айтилаётган ва автоматлар билан қуролланган шахслар ҳужум қилди ва маҳаллага ўт қўйди.
Ўш марказидаги Мажримтол маҳалласида яшовчи мухбиримиз Шерзод Юсуфнинг эрталабки соат 7.30 ларда хабар беришича, 12 июн куни эрталаб битта БТРга минган ва ҳарбий кийимда бўлган қуролли гуруҳ Мажримтолга ҳужум қилган.

Мухбиримиз билан телефон суҳбати пайтида автоматдан отилаётган ўқ овозлари эшитилиб турган, Шерзоднинг ўзи эса маҳалладошлари билан пана жойга яшириниш учун қочаётган эди.

Эрталабки соат 9 га яқин Шерзод Юсуф биз билан яна алоқага чиқди.

- Маҳалламиз ёнаяпти! Шундай чиройли Мажримтол маҳалласига ўт қўйиб кетишди! Ҳамма уйлар ёнаяпти... Мана, ўлганлар ҳам ётибди... улар камида 4 киши, аёллар ҳам бор ... Бизга ҳужум қилганлар БТРда эди, ҳарбий кийим кийган эди, автомат, грантамет ва пулемётлар билан қуролланишган эди. Мен бир уйнинг томига чиқиб жон сақладим. Ҳужумчилар роса отишгач, уйларга ўт қўя бошлашди. Ёнаётган уйнинг томида у ёқдан бу ёққа думалаб жон сақлаб қолдик. Улар кетгач, ерга тушдик, - деди Шерзод Юсуф.

Гувоҳларнинг хабар беришча Ўшдаги Жўпас маҳалласига ҳам КАМАЗ автомашинасида автомат билан қуролланган одамлар келиб, ҳужум қилган.

Мажримтол маҳалласига ҳам, Жўпас маҳалласига ҳам ҳукумат томонидан мадад келмаган. Ҳарбий кийим кийиб қуроллангани айтилаётган шахслар ҳеч қандай тўсиқсиз тинч аҳолини ўққа тутган.

Бунинг натижасида Ўшдаги ўзбек аҳолиси ўртасида “ҳарбийлар ўзбекларга қарши ўқ отяпти, ўзбекларни қираяпти”, деган гап-сўзлар кучайган.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси ўринбосари Ўмурбек Текебаевга Мажримтол ва Жўпас маҳаллаларига ёрдам кўрсатишни илтимос қилиш мақсадида телефон қилдик. Бир соатлик уринишларимиздан сўнг телефон гўшагини кўтарган Ўмурбек Текебаев ҳукумат йиғилишига кетаётганини ва унда бу масалани кун тартибига қўйишини билдирди. Шунингдек, у ҳарбий кийимда тинч аҳолига ҳужум қилаётганларни собиқ президентнинг укаси Жаниш Бакиевнинг одамлари деб атади.

-Жаниш Бакиев 20 нафар автоматчисини олиб келган, деган маълумот бор. Бироқ уларнинг БТРи йўқ эди. Кеча номаълум одамлар Қирғизистон қуролли кучларига тегишли битта БТРни куч билан тортиб олганлари тўғрисида хабар берилган эди. Балки улар мана шу БТРдан фойдаланишгандир.

Ўша одамлар маҳаллаларга қуролли ҳужумларни уюштирмоқда. Улар ўзбеклар яшайдиган маҳалларага кириб ўзбекларни отишаяпти. Кейин эса қирғизлар яшайдиган ҳудудларга бориб қирғизларни отишаяпти, деган маълумотлар бор. Бугун ҳукумат йиғинида мана шу масалани ўртага қўяман,-деди Ўмурбек Текебаев.

Воқеа гувоҳларига кўра, БТРга эга ҳарбий кийимдаги қуролланган одамлар сони 20 киши эмас, аксинча юздан ортиқроқдир. Улар ҳужум қиладиган маҳаллаларига Қирғизистон байроғини кўтариб киришмоқда. Шунинг учун ҳам аҳоли орасида “Армия ўзбекларни отяпти”, деган ваҳима пайдо бўлган.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси ўринбосари Азимбек Бекназаров ҳам ўзбек ва қирғиз маҳалларига икки милат ўртасида нифоқни кучайтириш мақсадида ҳужум қилаётганлар Бакиевларга тегишли одамлар эканини таъкидлади:

- Уларнинг 10 дан ортиғи қўлга олинди. Дастлабки суриштирув пайтида уларнинг Бакиевларга ёллангани маълум бўлмоқда,-деди Азимбек Бекназаров.

Айни пайтда Мажримтолга эрталабки ҳужум пайтида ҳукумат кучлари мададга келмагани жуда таажубланарли ҳолатдир. Агар ҳужумчилар Ўмурбек Текебаев айтганидай Жаниш Бакиевга ёлланган одамлар бўлса, нега Мажримтолдаги вазиятдан фойдаланиб милиция, қирғиз ҳарбийлари ва Миллий хавфсизлик қўмитаси уларни қўлга олиш, зарарсизлантириш чораларини кўрмади?

Нега мажримтолликларнинг ёрдам сўраб қилган мурожаатлари Ўшдаги маҳаллий ҳукумат, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан инобатга олинмади?

Нега ҳақиқатан ҳам Қирғизистон армиясига тегишли бўлган зирҳли техника Ўмурбек Текебаев “Жаниш Бакиевнинг одамлари”, деб атаётган шахслар Ўшнинг қоқ марказидаги Мажримтол маҳалласини вайрон этиб бўлгачгина бу ерга келди?

Ҳудди шундай саволлар жўпасликлар, фурқатликлар, шайтепаликлар, адирликлар ва бошқалар тилида ҳам айланмоқда.

Лекин бу саволларга маҳаллий ҳукумат ҳам, марказий ҳукумат ҳам жавоб беролмаётир ёки жавоб беришни истамаётир.

Қирғизистон фуқаролари Қирғизистон ҳукуматидан мана шу саволларга жавоб кутмоқда!